“Шўртан” 15 августгача Асрор Алиқулов билан ҳисоб-китоб қилиши шарт

Ғузорнинг “Шўртан” футбол клуби истеъфога чиқарилган бош мураббий Асрор Алиқуловнинг ўрнига янги мутахассисларни рўйхатдан ўтказа олмаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтилганди. Сабаби, эндиликдаги собиқ бош мураббий Асрор Алиқулов “Шўртан”дан пулларини тўлиқ олиб улгурмаган.

Мана шу давр давомида “Шўртан” 4 та учрашувни бош мураббийсиз ўтказишга мажбур бўлди ва жами 9 очко йўқотди. Сир эмаски, ФИФА талаби бўйича Ғузор клубидан 3 очко ҳам олиб ташланганди. 

Аниқланишича, “Шўртан” 2012—2017 йиллар давомида футболчи сифатида, 2018 йилнинг февралидан бошлаб, то 12 майигача эса мураббий сифатида ишлаган Асрор Алиқуловдан қарздор. Қарздорлик 2012 йил ҳолатларига кўра ҳам чиқиб келди.

Одатда ФИФАга легионер футболчилар даъво аризаси билан чиқади. Ўзбекистонлик футболчи ва мураббийлар эса додини кимга айтишни билмайди. Мамлакат футболида эндиликда бу каби ишларга қарши курашилади. Шундан келиб чиқиб, “Шўртан” раҳбариятининг олдига жиддий талаб қўйилди.

Бугун — 6 июнь куни “Шўртан” ҳамда Асрор Алиқулов ўртасидаги қарздорлик масаласи икки томон иштирокида муҳокама этилди ҳамда Ғузор клубининг умумий қарзи аниқланди. Бош мураббий зарурияти юзасидан “Шўртан” раҳбарияти 15 август санасигача муҳлат сўради ҳамда ПФЛга кафолат хати тақдим этди. Мана шу муддат ичида клуб Алиқулов олдидаги қарзларидан қутилиши шарт. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда. 

Белгиланган муддат ичида қарздорлик бартараф этилмаса, Ғузор клубига қарши ПФЛ томонидан санкциялар қўлланилади. Яъни, эндиликда ишга ФИФА аралашиши кутиб ўтирилмайди.

Бу каби ишлардан Суперлига ҳамда Про-Лига клублари ҳам хабардор бўлсинки, эндиликда кўчага ҳайдалган мураббийлар ва футболчилар олдидаги қарздорлик узилмагунига қадар, ПФЛ ишни ёпмайди. Футболчилар учун жавобгар мураббий бўлгани каби, айни бир мураббийни танлаб олгани учун клуб раҳбарияти ҳам жавобгар бўлиши шарт. Мураббийлар ҳам, раҳбарлар ҳам селекция ишларини олиб борсин, ақл билан иш юритсин ва турли ғирромликлардан четда бўлсин. 

ПФЛ йиллар давомида бепарво бўлгани сабаб, қатор футболчи ва мураббийлар бир неча йиллик қарздорликлар юзасидан клублари билан судлашиб юрибди. Келажакда ҳам шундай ишлар давом этмаслиги учун қадам ҳозирданоқ қўйилиши шарт.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!