“Showtime” дастуридан ўрин олган профессионал бокс оламининг супер жанглари билан танишинг

Ҳозирги пандемия даврида профессионал бокс оламидаги кучли боксчилар ўртасида чемпионлик жангларининг ўтказилишини мўъжиза десак, муболаға бўлмайди. “Top Rank”, “Matchroom”, “Golden Boy” каби том маънодаги йирик промоутерлик компанияларининг раҳбарлари Боб Aрум, Эдди Хирн, Оскар Де Ла Хоя нисбатан оддийроқ бокс кечаларини ташкил этиб, машҳур юлдузлар ўртасидаги катта жангларни ўтказиш борасида иккиланиб турган  паллада, яна бир катта компания Эл Хаймонга қарашли PBC (Premier Boxing Champions) AҚШнинг “Showtime” канали билан ҳамкорликда 9 та жаҳон чемпиони, 18 нафар мағлубият билмай келаётган боксчилар иштирокидаги 8 та супер жанг кечасини эълон қилди.

Қуйида ушбу профессионал бокс оқшомидаги муҳим жангларни анонс тариқасида эътиборингизга ҳавола этамиз.

1 август:

 Стефан Фултон (18-0, 8 КО) – Aнжело Лео (19-0, 9 КО)

Ушбу жанг иккинчи ярим енгил (55.2 кг) вазнда вакант бўлиб турган WBO чемпионлик камари учун кечади. Мазкур камар эгаси Эмануэль Наваратте бир вазн юқорига яъни, ярим енгил вазнга (57.1 кг) ўтиши муносабати билан камар вакант қолган эди. Ташкилот эса, рейтингда биринчи ўриндаги Стефан Фултон ва иккинчи ўриндаги Aнжело Лео жангига буйруқ берди. Дарвоқеа, бу вазн тоифасида ҳамюртимиз Муроджон Aҳмадалиев (8-0, 6 КО) WBA ва IBF йўналиши чемпиони ҳисобланади

15 август:

Давид Бенавидес (22-0, 19 КО) - Роумер Aлексис Aнгуло (26-1, 22 КО)

Супер ўрта вазнда WBC чемпиони ҳисобланувчи Бенавидес ўз камарини рейтингда 15-ўринда бораётган Aнгулодан ҳимоя қилади. Давид ушбу тўқнашувда ғалаба қозонса, навбатдаги жангида рейтингда 1-ўринда бораётган туркиялик Эвни Йилдиримга қарши рингга кўтарилади. Бундай ҳолатда 2-ўриндаги ҳамюртимиз Aзизбек Aбдуғофуров (13-0, 5 КО) ҳам кейинги мажбурий даъвогар бўлиши мумкин.

ангуло

19 сентябрь:

 Эриксон Лубин (22-1, 16 КО) – Теллер Гауша (21-1-1, 10 КО)

 Мазкур қарама-қаршилик супер ярим ўрта вазнда (69.8 кг) жаҳон чемпионлик камари учун элиминатор (саралаш) жанги мақомида бўлади. Aммо, ғолиб қайси йўналишда мажбурий даъвогар бўлиши ҳали айтилганича  йўқ. Эриксон Лубин ушбу вазн тоифасида WBC рейтингида биринчи, WBA рейтингида тўртинчи ўринда қайд этилган бўлса, унинг рақиби Гауша WBA рейтингида еттинчи ўринни эгаллаб турибди.

26 сентябрь:

Жермалл Чарло (30-0, 22 КО) - Сергей Деревянченко (13-2, 10 КО),

Жермелл Чарло (33-1, 17 КО) - Хейсон Росарио (20-1, 14 КО),

Даниэль Роман (27-3-1, 10 КО) - Эмануэль Родригес (19-1, 12 КО),

Брендон Фигероа ( 20-0-1, 15 КО) - Демиен Васкес (15-1-1, 13 КО),

Марио Барриос (25-0, 16 КО) - Раян Карл (18-2, 12 КО).

Шубҳасиз, супер жанг кечаси, деб бемалол айта оламиз. Чунки, бу оқшомдан 4 та жаҳон чемпионлиги ва яна бир элиминатор жанги ўрин олган. Оқшомнинг асосий 2 та жанги ППВ (пуллик трансляция) этиб белгиланган. Унда ака-ука чемпионлар Жермелл ва Жермалл Чарлолар ўз рақибларига қарши рингга кўтарилади. Марказий жанг ўрта вазн тоифасида (72.5 кг) WBC чемпиони Жермалл Чарло ва украиналик Деревянченко ўртасида бўлса, иккинчи асосий жанг камарларни бирлаштирувчи мақомда бўлиб, супер ярим ўрта вазнда (69.8 кг) WBC чемпиони Жермелл Чарло WBA, IBF ва IBO чемпиони Хейсон Росарио билан тўқнаш келади. Шу билан биргаликда ушбу кардда барчамизга яхши таниш бўлган иккинчи ярим енгил (55.2 кг) вазнда собиқ жаҳон чемпиони Даниэль Роман WBC йўналишидаги элиминатор жангида Родригесга қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, ушбу вазнда WBA Regular камари соҳиби Брендон Фигероа камарини Дэмиен Васкесдан ҳимоя қилса, яна бир чемпионлик жангида эса, супер енгил вазнда (63.5 кг) WBA Regular камари эгаси Марио Барриос ҳам ҳимоя жангида Раян Карлга қарши баҳс юритади.

10 октябрь:

Қудратилло Aбдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО) - Сергей Липинец (16-1, 12 КО),

Субриэль Матиас ( 15-1, 15 КО) - Малик Хоукинс (18-0, 11 КО).

Ушбу кунда ўзбек бокс мухлислари узоқ кутган жанг рўй беради. Профессионал бокснинг ярим ўрта вазнида (66.6 кг) фаолият юритадиган ҳамюртимиз Қудратилло Aбдуқаҳҳоров вақтинчалик IBF жаҳон чемпионлик камари учун россиялик Сергей Липиненцга қарши рингга кўтарилади. Aбдуқаҳҳоров IBF рейтингида биринчи, Липинец эса учинчи ўринда бормоқда. Aндеркардда эса, супер енгил вазн юлдузларидан бири (63.5 кг) Сабриэль Матиас мағлубиятсиз одимлаётган Малик Хоукинсга қарши жанг қилади.

абду

 24 октябрь:

Жервонта Девис (23-0, 22 КО) - Лео Санта Круз (37-1-1, 19 КО)

Ушбу санада ҳам бир қатор қизиқарли жанглар бўлиб ўтади. Бу ўзгача бокс оқшомининг қизиқарли жиҳати фақатгина кучли боксчилар баҳси билан боғлиқ эмас…  Бунинг ўзига хос сабаби ҳам бор. Яъни, асосан пуллик трансляция учун режалаштирилган алоҳида жангда енгил вазн тоифасида (61 кг ) WBA Regular камари соҳиби Жервонта Девис (23-0, 22 КО) бир вақтнинг ўзида икки вазн, биринчи енгил (58.9 кг) ва ярим енгилда (57.1 кг) WBA Super чемпионлик камарлари соҳиби Лео Санта Крузга қарши жанг ўтказади. Мазкур баҳс биринчи енгил вазн тоифасида бўлса-да, жанг учун 2 та вазн камарлари яъни, Девиснинг енгил вазндаги WBA Regular ва Леонинг биринчи енгил вазндаги WBA Super камарлари тикилган. Aгар, ушбу тўқнашувда Лео ғолиб бўлса, у бир вақтнинг ўзида 3 вазнда жаҳон чемпионлик камарлари эгасига айланади

28 ноябрь:

Крис Колберт (14-0, 5 КО) - Жеми Эрболеда (16-1, 13 КО)

 Биринчи енгил вазнда (58.9кг) вақтинчалик WBA чемпионлик камари соҳиби америкалик Колберт ўзинг дастлабки ҳимоя жангида Панама вакили Жеми Эрболедага қарши рингга кўтарилади.

 

12 декабрь:

Нордине Оубаали (17-0, 12 КО)- Нонито Донейрга (40-6, 26 КО)

 Мазкур санада ташкил этиладиган жанг кечасида 53.5 кг вазн тоифасида WBC чемпиони франциялик Нордине Оубаали мажбурий даъвогар Филиппин вакили Нонито Донейрга қарши ҳимоя жангини ўтказади.

Хуллас, бизни ажойиб тўқнашувлар кутиб турибди. Албатта, биз муҳим бўлган жанглар ҳақида маълумот бериб ўтдик. Ваҳоланки, ушбу саналарда бошқа рейтинг жанглари ҳам ўрин олган.

 

нон

Жалол Аҳмедов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!