Шохруз Норхонов: Жиззахликлар учинчи ўринни эгаллашимизни соғинишган
Жорий мавсумнинг кашфиёт жамоасига айланаётган «Сўғдиёна» 23-турда ҳам муҳим ғалабани қўлга киритди. Бу сафар улар ўз майдонида Суперлигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Динамо»ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида тор-мор келтирди. Натижада жиззахликлар учинчи ўрин учун яна дадил қадам ташладилар. Устига-устак «Бунёдкор» клуби бу турда Андижонда дуранг ўйнагач, «Сўғдиёна» асосий рақобатчисидан икки очкога илгарилаб кетди.
Умуман айтганда, жиззахликлар чиндан ҳам муносиб ўйин кўрсатишяпти. «Динамо» эса ўзидан кучли бўлган рақибига қарши ҳеч нима қила олмади. «Сўғдиёна»нинг иқтидорли ҳужумчиларидан бири Шохруз Норхонов эса «Динамо»га қарши учрашувда ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйган ҳолда жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Натижада ушбу ўйинчи билан боғланиб айрим саволларимизга жавоблар олдик.
- «Динамо»га қарши кечган ўйин ҳақида нималарни айтган бўлардингиз?
- Ўйин кутганимиздек қийин ўтди. Лекин биз бу учрашувга яхши тайёргарлик кўргандик ва кутганимиздек ўзимиз истагандек ғалабага эришдик. Ўз навбатида жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. «Сўғдиёна» бу мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Шунинг учун ҳар бир учрашув биз учун муҳим аҳамият касб этади. «Динамо» жамоасига кейинги учрашувларда омад тилайман.
- «Динамо» қулай рақибми?
- Боя айтганимдек, ўйин оғир кечди десам ҳам бўлади. «Динамо» асосан қарши ҳужумларда ўйнади. Беш нафар футболчи билан ҳимояланди. Шу сабабли биринчи бўлимда вазиятлардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда эса биз ҳужумкорликни янада кучайтирдик. Натижада ғалабага эришдик. Жиззах ахлини ғалаба билан табриклайман.
- Дарҳақиқат, биринчи бўлимда ҳисоб очилмади ҳамда воқеаларнинг асосий қисми иккинчи бўлимда юз берди. Танаффус пайтида мураббий сизларга янада руҳлантириш учун нималар деганди?
- Мураббийимиз иккинчи бўлимда вазиятлардан фойдаланишимиз муҳимлигини ва ҳимояда тартибли ўйнашимизни таъкидлади. Шунинг эвазига танаффусдан сўнг голлар урдик.
- Умуман айтганда, «Динамо»нинг аутсайдер бўлиб тургани ҳам сизларга қўл келдими?
- «Динамо» жамоасига ҳозирда очколар сув ва ҳаводек муҳим эди. Бу жамоа бизга яхшигина қаршилик кўрсата олди деб ўйлайман.
- «Сўғдиёна» учинчи ўрин учун катта қадам ташламоқда. Мавсум тугашига эса учта тур қолди. Мақсадни бажаришга тобора оз фурсат қолаётган пайтда сизларда босим ёки ҳаяжон кучайиб бормаяптими?
- Ҳаяжон йўқ. Лекин биз кейинги ўйинларда ҳам кўпроқ очколарни йиғишни мақсад қилганмиз. Насиб қилса, балки медалларга ҳам сазовор бўлармиз.
- Эшитишимизча, учинчи ўрин эгалланса, футболчилар муносиб рағбатлантирилар экан…
- Балки шундайдир. Жиззахликлар бизнинг учинчи ўринни қўлга киритишимизни соғинишган. Шунинг учун ҳам биз бор кучимиз билан мақсадимизга эришишга ҳаракат қиляпмиз.
- Умуман олганда, «Сўғдиёна» қандай қилиб ўзида куч топа оляпти?
- Биз ҳар бир учрашувга ғалаба учун чиқяпмиз. Балки омадимиз ҳам келаётгандир. Демак, ана шу омадни қўлдан чиқариб юбормаслик керак.
Фикрлар