Шухрат Мақсудов: Шогирдларим бироз хотиржамликка берилди
Суперлига илк туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Машъал" учрашуви ўз якунига етди. Ўйин пойтахтликларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдан кейин "қалдирғочлар" бош мураббийи Шухрат Мақсудов матбуот анжуманида иштирок этди:
"Ўйин ҳақида гапиришдан олдин шуни таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовга таъзия билдирмоқчиман. Унга бутун жамоа номидан сабр тилайман.
Чемпионатнинг илк тури доимо қийин кечади. Энг асосийси, биз ғалаба билан бошлай олдик. Ҳаммамиз бир жамоамиз. Ёрдамчи мураббий бўлган пайтимда ҳам ўйинни шундай кузатар эдим. Биз бутун жамоа бўлиб ишладик.
Футболчилар чемпионат стартида ўз формасини тўлиқ намойиш эта олмаслиги табиий ҳол. Асосийси, улар ҳеч қандай жароҳат олмади. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шу сабабли, ҳозир нечанчи ўринни олишимиз мумкинлиги ҳақида гапира олмайман.
Гол урганимиздан кейин темпни бироз пасайтиришга мажбур бўлдик. Биламизки, ҳисобда олдинга чиқиб олган жамоа доим ҳам устунликни қўлда ушлаб тура олмайди. Бизда ҳам шу ҳолат такрорланди. Менимча, шогирдларим бироз хотиржамликка берилди".
Фикрлар