12 жанг – 12 ғалаба, 9 нокаут! Жервонта Дэвисга чақириқ ташлаган ўзбек боксчиси ким?
Фаолиятини Жанубий Кореяда давом эттираётган, сўнгги 9 та жангида муддатдан аввал рақибларини "ер тишлатган" боксчимиз – Сирочбек Исмоилов ҳақида эшитганмисиз?
"Сиро Чои" тахаллусини олган ҳамюртимиз ҳозирга қадар проф боксда ўн икки бор рингга кўтарилиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Айни пайтда эса Исмоилов "BoxRec" рейтингининг 61,2 кг вазн тоифасида 27 ўринни эгаллаб турибди.
"Sports.uz" сайти ушбу чарм қўлқоп устамиз билан яқинроқ танишиш мақсадида интервью ташкил этди. Қуйида қайноқ суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Келинг, интервьюни анъанавий савол билан бошласак: қаерда, қачон туғилгансиз? Боксга кириб келишингиз қандай бўлган?
— 2001 йил 16 март куни Андижон вилояти, Андижон туманида туғилганман. Бокс билан 6 ёшимда шуғулланишни бошлаганман. 2004 йилги Олимпиада бронза медали соҳиби ва жаҳон чемпиони Ўткирбек Ҳайдаров отамнинг яқин дўсти эди. Отам дўстининг муваффақиятларига ҳавас қилиб, 6 ёшимда мени у инсонга шогирд сифатида берган ва шу тариқа бу спортга кириб келганман.
— Ҳаваскор боксдаги натижаларингиз қандай эди?
— Ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида икки бор бронза медалларига эга чиққанман. Катталар ўртасида В.А. Золотарёв номидаги халқаро турнирда 2021 йили кумуш, 2022 йили эса олтин медални қўлга киритдим. Шунингдек, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатларида ҳам бир неча бор иштирок этганман.
— Нега профессионал фаолиятингизни айнан Жанубий Кореяда давом эттиришга қарор қилдингиз?
— Жанубий Кореялик промоутер Ванил Чои билан ўзбекистонлик профессионал менежер Исманов Набижон оркали танишиб, Жанубий Кореяда проф боксдаги дебютимни ўтказганман.
Бу мамлакатда профессионал боксга қизиқиш юқори, жаҳон чемпионлик камарлари учун курашиш имкониятлари ҳам кўпроқ эканини кўрдим. Шу сабабли Жанубий Кореяни танладим ва Ванил Чои билан шартнома имзоладим. У ҳозир менинг ҳам промоутерим, ҳам менежерим ҳисобланади.
— Нега айнан “Сиро Чои” тахаллусини танлагансиз? Бунинг тарихи қандай?
— Бу тахаллусни Жанубий Кореядаги промоутерим Ванил Чои билан биргаликда танлаганмиз. Ўзбекистонда “Устоз отангдек улуғ” деган гап бор. Ванил Чои – жуда яхши инсон, мени ўз оиласи аъзосидек қабул қилган. Шу сабабли унинг фамилияси ва менинг исмим уйғунлигидан “Сиро Чои” тахаллуси пайдо бўлган.
Бу тахаллус Жанубий Кореяда ҳам кўпчиликни эътиборини тортди ва бугунги кунда у ерда мени жуда кўп мухлислар қўллаб-қувватламоқда.
— Бугунги кунда рекордингиз 12-0. Охирги 9 та жангингизнинг барчаси муддатидан аввал якунланган. Бунинг сири нимада? Кучли зарбами, тайёргарликми ёки бошқа омиллар?
— Аввало, буни Аллоҳнинг менга берган фазли деб биламан. 3 йил олдин менда ҳозиргидек ирода ва кучли зарбалар йўқ эди. Жанубий Кореяга келганимдан кейин профессионал мураббийим Ванил Чои ёрдами билан ҳозирги маҳоратга эга бўлдим. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги устозларим Ўткирбек Ҳайдаров ва бошқа мураббийларимнинг ҳам ҳиссалари жуда катта. Ҳали олдинда ўрганадиган нарсаларим бисёр. Насиб қилса, тарихда из қолдиришни мақсад қилганман.
— Мураббийларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?
— Аслида, биринчи мураббийим Нозимжон Ҳайдаров. Айнан шу инсон менга "бокс алифбоси"ни ўргатган. Шунингдек, Ўткирбек Ҳайдаров ва Хуршидбек Мирсалимов ҳам устозларим ҳисобланади. Улар менга нафақат боксни, балки яхши инсон ва яхши спортчи бўлишни ҳам ўргатишмоқда.
— Яқинда сиз бир пайтлар Исаак Крузга фақат ҳакамлар қарори билан имкониятни бой берган Жованни Кабрерани учинчи раундда нокаутга учратдингиз. Бу жанг ҳақида нималар дея оласиз? Ғалабадан кейин қандай ҳиссиётлар ўтди?
— Ҳа, охирги жангимда америкалик (асли мексикалик) Жованни Кабрерага қарши рингга чиқдим ва Аллоҳнинг иродаси билан учинчи раундда ғалаба қозондим.
Бу жанг учун жуда жиддий тайёргарлик кўрган эдим. Рақибимнинг кучини яхши билардим. Жанг 12 раундга мўлжаллангани учун кучимни ҳам шунга яраша тақсимлаётгандим. Аммо учинчи раундда аниқ зарба йўллаб, рақибимни чуқур нокаутга учратдим.
Тўғриси, бундай тез ғалабани ўзим ҳам кутмагандим. Рақибим йиқилган пайтда бир лаҳза ҳайратда қолдим. Алҳамдулиллаҳ, жуда чиройли ва муҳим ғалабага эришдик.
— Сизнинг вазн тоифангизда ҳозир энг машҳур боксчилардан бири Жервонта Девис ҳисобланади. Келажакда у билан жанг қилиш режангиз борми?
— Албатта. Иншааллоҳ, нафақат Жервонта Девис, балки енгил вазндаги барча чемпионлар билан жанг қилиш ниятидамиз. Ўзбекистонга мутлақ жаҳон чемпиони сифатида қайтишни истайман. Насиб қилса, бундай катта жанглар 1–1,5 йил ичида содир бўлишига ишонаман.
— Боксдаги кумирингиз ким?
— Терренc Кроуфорд.
— Ўзбекистонлик мухлисларга қандай тилак ва мурожаатингиз бор?
— Барча мухлисларимга соғлиқ-саломатлик, оилаларига тинчлик ва тотувлик тилайман. Мени қўллаб-қувватлаб, дуоларини аямаётган барча юртдошларимизга катта раҳмат. Иншааллоҳ, билдирилган ишончни оқлаш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан!

Фикрлар