“Сити” дарвозабонига жиддий клубдан чорлов бўляпти
Жорий мавсумдаги муваффақиятсизликлардан кейин “Тоттенхэм” ёзги трансферлар ойнаси даврида таркибини жиддий ислоҳ қилиб, яна юқори ўринлар учун курашадиган жамоага айланишни мақсад қилган.
Лондон клуби асосий дарвозабон ўрнига “Манчестер Сити”да Жанлуижи Доннарумманинг ўринбосарига айланиб қолган Жейм Траффордни мўлжаллаяпти.
“Тоттенхэм” жорий мавсум якунида асосий посбони Гульельмо Викарио билан хайрлашади. Италиялик голкипер А Серияга қайтиши кутиляпти. У ўз юртининг бугунги кундаги энг қудратли клуби “Интер” билан келишувга эришган.
“Тоттенхэм”га ўтиши мумкин бўлган дарвозабонлар орасида Барт Вербрюгген ҳам бор, уни жамоанинг янги бош мураббийи Роберто Де Дзерби “Брайтон”даги ҳамкорликдан яхши танийди. Бироқ 23 ёшли нидерландиялик футболчига “Челси” ва “Бавария” каби йирик клублар ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Вербрюггенга муқобил вариант сифатида “Тоттенхэм” айнан Траффорд номзодини кўриб чиқмоқда. The Sun нашрининг маълум қилишича, Англия терма жамоасида дебютини ўтказган Траффорд “Манчестер Сити”да захирада ўтиришга рози эмас.
Аслида “шаҳарликлар” 23 ёшли дарвозабонни ўтган ёзда “Бёрнли”дан 27 миллион фунт эвазига қайта сотиб олган эди. Аввалига унга асосий дарвозабон мақоми берилди. Кейин кутилмаганда Жанлуижи Доннарумма трансфери амалга оширилганидан кейин Траффорд иккинчи дарвозабонга айланди. Унга ҳозир “Ньюкасл” ва “Астон Вилла” ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Фикрлар