“Сити” юлдузи кутилмаган клубдан таклиф олди
Туркиянинг “Галатасарой” клуби “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Фил Фоденни сотиб олишга уриниб кўрмоқда. Бу ҳақда Fanatik нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, турк клуби 26 ёшли футболчининг эҳтимолий трансфери шартларини билиш мақсадида “шаҳарликлар” билан расмий алоқаларни бошлаб юборган.
“Галатасарой” президенти музокаралар олиб бориш ваколатини аввалроқ бир қатор юлдуз футболчиларнинг Истанбул клубига ўтишларида иштирок этган италиялик агент Жорж Гардига топширган.
Қайд этилишича, бозор қиймати тахминан 70 миллион евро деб баҳоланаётган Фоден фаолиятида янги босқични бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Англиялик ярим ҳимоячининг “Манчестер Сити” билан шартномаси яна бир йил амал қилади.
Ўтган мавсумда Фоден Англия чемпионатида 33 та учрашувда иштирок этиб, 7 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлди.

Фикрлар