"Сиз биз учун ҳамиша майдон марказида бўласиз"

CHERY AUTO

Ҳар бир давр ўз қаҳрамонини етиштиради. XXI аср футболининг ана шундай тимсолларидан бири бу – Лука Модрич. У нафақат майдонда юксак маҳоратини намоён эта олди, балки инсоний фазилатлари билан ҳам миллионлаб юракларни забт этди.

Бугун эса биз "Реал Мадрид" тарихидаги энг кўп соврин ютган футболчи билан расман хайрлашяпмиз. Бу шунчаки кетиш эмас, бу бир даврнинг, ўзига хос услубнинг якунидир. 

1985 йил 9 сентябрь куни, Югославия таркибидаги Задар шаҳрида дунёга келган Лука Модрич болалигидан қийинчиликлар гирдобида яшади. Югославия уруши сабабли у ва оиласи кўчишга мажбур бўлди. Ўша йилларда унинг футболдаги иқтидори маҳаллий мураббий Томислав Базич томонидан сезилди. Айнан у Лукага футбол билан профессионал шуғулланиш йўлини ўргатган.

Модрич дастлаб "Задар" клубида, кейинчалик эса "Динамо Загреб" академиясида тўп тепган. 2002 йили атиги 16 ёшида "Динамо" билан шартнома имзолади. Ижарада "Зриньски Мостар" ва Интер Запрешич" клубларида ўйнаган даврида у жисмоний ва руҳий жиҳатдан пишиб борди. Айнан Боснияда у 18 ёшида “Йилнинг энг яхши футболчиси” унвонига сазовор бўлди.

2008 йили Модрич "Тоттенхем" клубига 16,5 млн фунт эвазига ўтди. Бу клуб тарихидаги энг йирик трансфер эди. Англия Премьер-лигасидаги тўрт йиллик фаолияти унга Европа футболига мослашиш имконини берди. 2010/11 йилги мавсумда клубнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

2012 йил эса унинг ҳаётидаги бурилиш нуқтаси бўлди. "Реал Мадрид" уни 35 млн евро эвазига харид қилди. Ўша вақтда кўпчилик бу трансфердан шубҳаланди, аммо вақт Модричнинг фойдасига ишлади.

Модрич 29 август куни "Барселона"га қарши Суперкубок баҳсида дебют қилди. Ўйин 2:1 ҳисобида "қироллик клуби" фойдасига якунланиб, Лука келганининг иккинчи кунидаёқ соврин ютди. Унинг "Реал" сафидаги фаолияти клуб тарихидаги энг ёрқин саҳифалардан бирига айланди:

Ла Лига: 4 марта
Испания кубоги: 2 марта
Испания Суперкубоги: 5 марта
УЕФА Чемпионлар Лигаси: 6 марта (шу жумладан 3 марта кетма-кет)
УЕФА Суперкубоги: 5 марта
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати: 5 марта
Қитъалараро кубок: 1 марта

Бу рақамлар ортида нафақат совринлар, балки майдонда кўрсатилган донолик, сабр ва фидойилик ётади. Лука Модрич жамоадаги тактиканинг юраги эди. У ўйинни бошқара оладиган, прессингдан чиқадиган, зарур паллада тўпни ушлаб турадиган футболчи эди.

2018 йилда у нафақат "Реал Мадрид" билан Чемпионлар Лигаси ғолибига айланди, балки Хорватия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Ўша йили у  – "Олтин тўп" совринини қўлга киритди. У сўнгги 10 йилликда Месси-Роналдо "монополиясига" барҳам берган илк футболчи эди.

"Реал Мадрид"дан кетиш — бу фақат клубни тарк этиш эмас. Бу бир даврни ортда қолдиришдир. Родриго унинг ортидан: “Дадажон, биз учун сиз ҳамиша майдон марказида бўласиз” дея эътирофи уни қандай ўйинчи эканини кўрсатиб турибди. 

Лука Модрич — бу фақат 10-рақам эмас. Бу –  сабр, фидойилик ва меҳр ҳақида ёзилган футболчи ҳақидаки катта ҳикоя.

 

Мафтуна Шокирова

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!