Славко Лукич - Сербиянинг қаҳрамонлиги, Ўзбекистоннинг мундиалга қачон чиқиши, Қўқондаги инглизча футбол ва кейинги режаси ҳақида
“Қўқон-1912” жамоасида тўп суриб келаётган сербиялик Славко Лукични футбол мухлислари яхши билишади.
У мавсум бошида клубга қўшилди. Бунгача чемпионатимизда “Насаф” ҳамда “Навбаҳор”даги ўйинлари орқали ҳурмат қозонган. “Қўқон-1912” – Лукичнинг Ўзбекистондаги учинчи жамоасига айланган. Қанот ҳимоячиси сифатида ўз вазифасини пухта бажаришга одатланган бу легионер журналистлар билан ҳам яхши муносабатда.
Лукич Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтариш учун бажонидил розилик билдирди. Суҳбат давомида ҳозирги клубидаги ҳолати, Сербиянинг жаҳон чемпионатига чиққани ва олдинги фаолияти ҳақида гап борди.
- Славко, аввало сизни Сербия терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиққани билан табриклайман. Сиз бундай натижани кутганмидингиз ёки...
- Табрик учун катта раҳмат. Биз бундай қувончли онлар келишини узоқ кутгандик. Олдинги сафар жаҳон чемпионатига чиқишимизга атига бир қадам қолганида пенальтилар сериясида аламли тарзда мағлуб бўлгандик. Қолаверса, ўша чоғда жамоа таркиби энди шаклланаётгани боис бир-бирини тушунишда муаммолар йўқ эмасди. Орадан анча вақт ўтиб, кўриб турганингиздек, бизда энди анча уюшқоқ жамоа шаклланди. Натижа ҳам шунга мос бўлди. Бунгача юқорида айтганимдек, жаҳон чемпионатига чиқиш йўли анча машаққатли бўлди. Португалияга қарши кечган охирги ўйинда биз қандай жамоа юзага келтира олганимизни барчага кўрсатиб қўйдик.
- Сербия терма жамоасида дўстларингиз борми?
- Дўстларим бор. Жумладан, термамиз учун муҳим голни киритган Александр Митровични кўрсатишим мумкин. Боз устига биз иккимиз ҳамшаҳар ҳисобланамиз. Бундан ташқари, Тадич, Матич ҳам дўстим ҳисобланади. Улар билан терма жамоада ўйнаганмиз. Стефан Митрович эса бизга бир йил давомида мураббийлик қилган.
- Славко, нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон терма жамоаси нима сабабдан жаҳон чемпионатига чиқа олмаяпти?
- Ўзбекистонда яхши савиядаги футболчилар етарли. Аммо уларнинг терма жамоа таркибида бир-бирларини сўзсиз даражада тушуниб етишлари учун фурсат керак бўлади. Шундан кейингина терма жамоа муҳим мақсад учун бемалол курашиш имкониятини қўлга киритади. Шомуродов, Машарипов, Яхшибоев каби моҳир ижрочиларингиз шу йўлда астойдил тер тўкишга тайёр эканликларини намойиш этмоқдалар. Шу каби иқтидорли футболчилар ўйинларда маҳоратларини тоблаб боришар экан, терма жамоанинг келажагига умид билан боқиш мумкин. Асосийси, улар ёш ва иштиёқманд. Бундай ўйинчилар ўзларини катта учрашувларга тайёрлаб бораверадилар.
- “Қўқон-1912” ўз майдонида АГМК билан дуранг ўйнади. Аммо ушбу учрашувда захирада қолдингиз. Жароҳатингиз борми ёки...
- Кимни майдонга тушириш ёки туширмаслик масаласини доимо мураббий ҳал қилади. Майдонда бўлган пайтимда эса мен ҳамиша максимал даражада боримни бериб ҳаракат қиламан. Худога шукрки, анчадан бери жароҳат олмаяпман.
- Умуман айтганда, қайд этилган дуранг адолатлими?
- Икки жамоа ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Шунинг учун жамоаларнинг ғалаба учун курашаётгани кўриниб турди. Ўйин эса жуда чиройли бўлди. Шу сабабли ҳар бир тўп учун ҳам жиддий кураш кечди. Бу ўйинда Қўқонда инглизча футбол кузатилди.
- Охирги турда Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйнайсизлар. Бу жамоа учун бегона эмас. Бир йил давомида у ерда ҳам ўйнагансиз. Ўзига яраша унутилмас онларни ўтказгансиз ва стадиондаги муҳитни ҳам яхши биласиз...
- Ҳа, Наманганда ҳам яхши хотиралар қолган. Мен буни ҳеч қачон унутмайман. “Навбаҳор” турнир жадвалида биринчи ўринларда юрадиган жамоа. Чунки жамоанинг жуда яхши ишқибозлари бор.
- Жамоангизнинг бу йилги иштироки ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ўйлайманки, бу йилги чемпионатда ҳозиргидан ҳам яхшироқ натижа қайд эта олган бўлардик. Аммо бўлар иш бўлди. Энди бундан афсусланишнинг фойдаси йўқ.
- Сизнингча, Ўзбекистон чемпионатининг савияси ошдими ёки...
- Ўйлайманки, чемпионат жуда шиддатли кўринишда ўтди. Буни охирги икки ўйин қолган тақдирда ҳам мухлисларнинг эътибори катта эканлигидан билиб олиш қийин эмас. Охирги ўйинлар ишқибозларга бир-биридан кутилмаган натижаларни тақдим эта олишига ишончим комил. Юқоридаги гапни бежиз айтмадим. Чунки ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, мусобақа жадвалининг 2- 3- 4-ўринларини қайси клублар банд этиши номаълум. Шунингдек, элитани тарк этиб, про лигага йўл оладиган жамоалар айнан қайсилар бўлишини ҳеч ким олдиндан айтиб бера олмайди. Ўйлайманки, мана шундай интригаларга бой якунни кузатиш мухлисларнинг ўзларига ҳам манзур бўлади.
- Клубда сизни ҳамма нарса қониқтиряпти?
- Ҳа, албатта.
- Дарвоқе, келаси йили ҳам яна Қўқонда қоласизми?
- Ҳозирча бу масалада клуб раҳбарияти билан гаплашганимча йўқ.
- Бош мураббий Бахтиёр Ашурматов билан муносабатингиз қандай?
- Ўртамиздаги муносабат ҳақиқий профессионаларга хос. Қолаверса, бош мураббийнинг ўзи ҳам жуда яхши футболчи бўлган. У энди мураббий сифатида қўл остидаги йигитлар билан қандай мулоқот қилишни жуда яхши билади.
- “Насаф”га қарши ўйинда маҳаллий мухлислар стадионда сизни исмингизни айтиб, олқишлашларига гувоҳ бўлдик. Бу ҳолат сиз учун ёқимли бўлса керак-а?
- Албатта, бу жуда ёқимли бўлди. Қаршига ташриф буюрган чоғимда ичимдан нималар кечганини сўз билан таърифлаб бера олмасам керак. Боз устига клубда ишлаган барча инсонлар билан худди ака-укадек иноқлашиб кетгандим. Қаршида ўтган фаолиятимни эслаш мен учун жуда ёқимли. Чунки эслашга арзигулик жуда кўплаб қувончли дамларни бошдан ўтказганман.
- Яна бир қизиқ ҳолат. Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётганингиздан бери ҳимоячи бўлсангизда, гол урасиз ва голли узатмаларни амалга ошириб келасиз. Масалан, “Қўқон-1912” 1 та гол урдингиз ва 3 та ассист вазифасини бажардингиз. Сиз бундай ишларни олдин ҳам бажаргансиз. Албания чемпионатида 13 та голли узатма билан бирга 6 та гол ҳам ургансиз. Трнаванинг “Спартак” жамоасида эса 5 та ассист ҳамда 2 та голга муаллифлик қилгансиз. “Насаф”да ҳам худди шу натижани такрорлагансиз. Бундай статистик рақамлар сиз учун ёқимлими?
- Савол учун раҳмат. Айниқса, голлар ёки голли узатмалар билан боғлиқ ҳолатларни эсга олиш ўйинчига ўзгача завқ бағишлайди. Бу йил унчалик кўп голли узатмаларни амалга ошира олмадим. Чунки Мурод Холмуҳаммедов биринчилик давомида шундай ишларни яхши бажара олишини кўрсатиб қўйди. У билан кўпинча шу масалада келишиб оламиз. Устига-устак Холмуҳаммедов сардор сифатида бошқаларга ўрнак бўлишга ҳаракат қилади.
Фикрлар