«Сўғдиёна» янги мураббий бошчилигида янгича қиёфага кирадими? Ёхуд мухлисларнинг Улуғбек Бақоевдан умиди катта
Хабарингиз бор, Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасида бош мураббий ўзгарди. Бирин-кетин юз берган мағлубиятлардан сўнг Сергей Лушан истеъфога чиқарилганди. Унинг ўрнига эса бухоролик мутахассис Улуғбек Бақоев олиб келинди. Бунгача «Бухоро» жамоасини бошқарган ва қишдан буён ишсиз юрган мураббий ўтган вақт давомида ўз устида ишлаш учун мураббийларнинг ўқув-курсларида таҳсил олиб келаётганди. «Сўғдиёна» жамоасидан тушган таклиф эса Бақоевнинг ўзини кўрсатиши учун яна бир имконият десак муболаға қилмаймиз. Унинг янги жамоасидаги дебюти эса муваффақиятли чиқди ва 5-турда «Металлург» мағлуб этилди. Олдинда эса Жиззахда «Пахтакор»га қарши ўйин кутиб турибди. Улуғбек Бақоев эса янги жамоасида иш бошлаганидан сўнг дастлабки фикрлари билан ўртоқлашди.
«Футболчиларимизнинг меҳнати туфайли «Металлург»ни ютдик»
- Кетма-кет мағлубиятлардан сўнг футболчилар тушкун кайфиятга тушиб қолишганди. Шу боис уларни руҳий ўрадан олиб чиқиш осон кечмаслигини билардим. Аввало уларда ўз кучларига бўлган ишончни ҳис қилишлари кераклигига ишонтириш даркор эди. «Металлург» жамоаси устидан қозонилган ғалаба тўлалигича уларнинг меҳнати эвазига қўлга киритилди. Қолаверса, бу ютуқ футболчиларимизнинг ўз кучларига бўлган ишончини янада ошириб юборди. Ижобий натижа учун улардан миннатдорман. Бугун майдонда бўлганлар ҳам, захира ўриндиғидагиларнинг ҳам эришилган муваффақиятга қўшган ҳиссалари ўзига яраша бўлди, десам муболаға қилмайман.
«Жамоа сифатида бирлашишимиз керак»
- Албатта, менга «Сўғдиёна» жамоасидан жиддий таклиф келиб тушди ва менга ишонч билдиришди. Бунинг учун улардан миннатдорман. Лекин бу саволингизга дарҳол жавоб беришим амримаҳол. Чунки бунинг тарихи анча узун. Келинг, яхшиси бу мавзуни четлаб ўта қолайлик. Буни гапиришни истамасдим. Шунчаки, биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз керак. Футболда бир ёки икки кишига ҳеч нарса боғлиқ эмас. Футбол – бу жамоавий ўйин ҳисобланади. Шунинг учун биз жамоа сифатида бирлашишимиз керак.
«Асосийси, ўйинчилар ўртасида дўстона муносабат юзага келган»
- Бундай маҳалда ҳаммаси ихтиёрингиздаги жамоа сафида тўп сураётган футболчиларнинг ижрочилик маҳоратига боғлиқ бўлади. Чунки мураббийнинг кўрсатмаларини ва тактикаларини майдонда айнан футболчилар амалга оширишади. Юқорида айтиб ўтганимдек, мағлубиятлар сериясидан сўнг ўйинчиларимизда ўз кучларига бўлган ишончни қайтариш устида кўп ишлашимизга тўғри келди. Шогирдларимдан мамнунман, улар ҳаммасини тўғри бажаришга киришдилар. Қолаверса, жамоадаги ички муҳит натижаларга катта таъсир ўтказишини зинҳор унутмаслик керак. Агар клубдаги муҳит худди оиладаги каби бўлса, ишлар ижобий томонга юз тута бошлайди. Ўйинчилар ўртасидаги муносабат дўстона бўлса, ўз-ўзидан жамоадаги микроиқлим ҳаммани бирдек қониқтиришга тушади. Шукрки, бизда ҳаммаси ижобий кўринишда. Футболчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб ишлаган тақдирдагина натижалар кўнгилдагидек бўлишига ишонч ҳосил қилдилар. Асосийси, уларнинг орасида дўстона муносабат юзага келган. Бу эса муваффақиятнинг асосий омили ҳисобланади.
«Ўйинимиздаги минусларни плюсга айлантиришга ҳаракат қиляпмиз»
- Албатта, ҳар қандай ижрочининг ўзига яраша кучли ва шунинг акси ўлароқ кучсиз томонлари бўлади. Мураббийдан эса шогирдларидаги кучсиз жиҳатларини бартараф этиш талаб қилинади. Шундай экан, бундай пайтда энг асосий масъулият бош мураббий зиммасига тушади. Биз иложи борича ўзимиздаги минусларни плюсга айлантириш устида ишлаяпмиз. Ўз навбатида мураббийлар штабида меҳнат қилаётган ёрдамчиларимнинг кўмагини алоҳида эътироф қилиб ўтишим керак бўлади.
«Жамоага келганимда йигитлар тушкун кайфиятда эди»
- Мен келган пайтда жамоадаги вазият жуда оғир эди. Кетма-кет учта мағлубиятдан сўнг барчанинг кайфияти ёмон бўлиб, бу ҳол ўз навбатида ички муҳитга таъсир ўтказа бошлаганди. Тан олиш керак, кетма-кет уч учрашувдаги мағлубиятни хазм қилиш осон эмас. Бундай пайтда футболчиларнинг руҳий ҳолати буткул издан чиқиб кетган бўлади. Уларда ўз кучларига бўлган ишонч юзасидан шубҳа-гумонлар юзага келади. Мен келганда йигитларнинг аҳволи айнан шундай эди. Лекин жамоа албатта ижобий томонга ўзгариши керак эди ва бу жараённи бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Суперлигадаги ҳеч бир учрашув клублар учун осон ўтмайди. Шу боис ҳеч ким бир очкони ҳам шунчаки бериб қўйгиси келмайди. Интрига эса кучайиб боряпти. Бундай пайтда олдиндан бирор нима дейиш қийин. Шуниси аниқки, барча жамоалар фақат охиригача курашишади. Шу боис ким қайси ўриндан жой олишини фақатгина мавсум охирига келиб билиб олишимиз мумкин.
«Пахтакор» ҳурматга лойиқ жамоа»
- Бизни олдинда қандай ўйин ва қандай рақиб кутиб турганини жуда яхши тушуниб турибмиз. «Пахтакор» жамоаси ҳақида сизга ортиқча гапириш шарт эмас деб ўйлайман. Чунки уларнинг қандай кучга эга эканлигини ҳамма яхши билади. Ўзбекистондаги энг кучли клуб. Биз «Пахтакор»га доим ҳурмат билан қараймиз. Уларнинг Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинларида албатта мухлислик қиламиз. Аммо ички чемпионатга келганда, «Пахтакор» рақибимизга айланади. Ушбу учрашув жамоамиз учун қийин ўтиши аниқ. Биз бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Мағлубиятлардан кейин «Металлург» устидан қўлга киритган ғалабамиз албатта футболчиларимизнинг руҳини кўтаргани аниқ. Биз эса имкон қадар бундан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Нима бўлишини эса албатта вақт кўрсатади. Шу ўринда мухлислардан ҳам бизни бир тан-у, бир жон бўлиб қўллаб-қувватлашларини сўраб қолардим. Қолаверса, бирданига натижага эришиш ҳам имконсиз. Ҳаммаси босқичма-босқич бажарилади. Муҳими, ишқибозлар ҳар қандай вазиятда ҳам жамоамизни қўллаб туришсин. Биз эса ҳар бир ўйинда уларни хурсанд қилиш учун охиригача курашамиз.
Фикрлар