"Сўғдиёна"га бошқа жамоаларнинг муносабати ўзгарди, 2-ўринни эгалласак, бонуслар бўлади" ёхуд Шоҳруз Норхонов Черандан қандай ўтиб кетмоқчи?

“Сўғдиёна” клуби Суперлиганинг 21-турида “Андижон” майдонида голсиз дурангга рози бўлди. Ҳолбуки, жиззахликлар таркибида тўпурар ҳужумчи Шоҳруз Норхонов бор. Аммо у ҳам бу сафар жамоасига ёрдам бера олмади.

Мавсум бошидан буён Норхонов “Сўғдиёна” сафида ўйинларни бошланғич таркибда бошлаяпти. Аммо охирги пайтларда гол уриш самарадорлиги камайди. Мисол учун, биринчи даврада 7 та гол урган бўлса, иккинчи даврада ҳозирча 2 та гол урди холос. Шунда ҳам Шоҳруз 9 та гол билан Суперлига тўпурарлари пойгасида қатнашяпти.

“Андижон”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин Sports.uz мухбири Норхонов билан учрашди ва бир қатор саволларга жавоб олди.

- “Андижон” – “Сўғдиёна” жамоалари ўртасида қайд этилган дуранг ўйинга мос тушди, деб ўйлайсизми?

- Назаримда, учрашув дуранг натижа учун ҳаққоний бўлди. “Андижон” жамоаси ўз уйида ғалаба учун майдонга тушганди. Уларга уч очко жуда керак эди. Чунки жамоа Суперлигада қолиш учун курашяпти. Ўз навбатида юқори ўринларга курашаётганимиз учун бизга ҳам уч очко муҳим эди. Бир сўз билан айтганда, ҳар икки клубга ҳам ғалабалар керак эди. Ўйлашимча, дуранг адолатли бўлди.

норхонов

- Ўйинни кузатар эканмиз, биз учун бироз зерикарлидек туюлди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ, менимча, ўйин зерикарли бўлмади. Учрашувни қизиқарли ўтди, деган бўлардим. Биринчи бўлимда жамоамизда яхши ҳужумлар бўлди. Фақат вазиятлардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда ҳам ўзимиз яратган имкониятларни голга айлантира олмай қолдик. Шунинг учун бу ўйинда ютиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Менимча, “Андижон”га қараганда, бизда вазиятлар кўпроқ бўлди. Ҳа, майдон эгалари ҳам очко ишлашни хоҳлади. Аммо биз билан беллашувда бир очко ишлашди, бунинг учун уларни табриклайман. Кейинги ўйинларига эса омад тилайман.

- “Сўғдиёна” иккинчи ўринда ва кумуш медални қўлга киритиш учун имкониятга эга. Мавсум эса тугаб боряпти...

- Чемпионат тугашига бешта тур қолди. Ҳар бир учрашув биз учун финалга тенг. Шуни ҳисобга олганда, ўзимиз ўйнайдиган ҳар бир турда керакли очколарни йиғишга ҳаракат қиламиз. Табиийки, биз охиригача кураш олиб борамиз. Қолганини, ким нечанчи ўринни олишини вақт кўрсатади.

норхонов2

- Тўпурарлар орасидаги кураш ҳам қизғин кечяпти. Ҳисобингизда 9 та гол бор. Сиздан олдинда эса Черан, Норчаев ва Абдухолиқов бор. Аммо охирги пайтларда сизда гол уриш самарадорлигингиз камайиб қолди. Бу нима билан боғлиқ?

- Ўйлашимча, “Сўғдиёна”га бошқа жамоаларнинг муносабати ўзгарган. Демоқчи бўлганим, бизнинг таркибимизда кўплаб иқтидорли ва тажрибали ўйинчилар бор. Масалан, Жасур Ҳасанов, Жамшид Болтабоев...Шунга яраша бошқа жамоалар яхши ҳимояланяпти деб ўйлайман. Яъни, рақиблар бизнинг плюс тарафларимизни ёпиб қўйишяпти. Албатта, бу борада ўзимиз ҳам тинмасдан ҳаракат қиляпмиз. Аммо эгаллаб турган ўрнимиздан келиб чиқиб, бошқа клублар бизни ҳурмат қиляпти.

- Лекин голларингиз нима учун камайиб кетди?  

- Ҳаммаси ўзимнинг хатоим эвазига. Вазиятлар бўляпти. Мана, “Андижон” билан учрашувда ҳам имкониятдан фойдалана олмадим. Тўп дарвозага киришни истамади. Менимча, ҳозир менда шунақа пайт бўлиб қолди. Шунинг учун кам гол уряпман.

норхонов3

- Нечта гол уришни мўлжаллаб турибсиз?

- Қанча кўп бўлса шунча яхши. Лекин нечта гол киритишимни айта олмайман.

- Тўпурарлар пойгасида биринчи ўринда кетаётган Драган Черан билан ўртангиздаги фарқ катта эмас...

- Ҳа, шундай. Охиригача ҳаракат қиламан.

норхонов1

- Черандан ўтиб кета оласизми?

- Бунисини билмайман, вақт кўрсатади. Лекин ҳозир айтганимдек, яна голлар уришга ва ундан ўтиб кетишга ҳаракат қиламан.

- Агар “Сўғдиёна” Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритса, бунинг учун қандай бонуслар ваъда қилинган? Чунки жамоа ўзи учун тарих яратишга яқин турибди.

- Иккинчи ўринни эгалласак, бонуслар бўлади. Ҳозир бу ҳақида билмайман, охирида биламиз-да. Албатта, бонуслар бор. Бироқ ҳозир бу тўғрисида ўйлаётганимиз йўқ. Асосан ўз ўйинларимизда ғалаба қозониш ҳақида бош қотиряпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!