Сўнгги 9 ойда Ўзбекистонда нечта спортчида допинг аниқланди?
Миллий антидопинг агентлиги сўнгги 9 ойда 5 нафар спортчи допинг қабул қилганини аниқлади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Абдушукур Садиқов маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3457-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, шу кунга қадар самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўтган йили, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 апрелида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5057-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор қабул қилингандан сўнг Агентлик бошқарув ходимларининг сони 2 бараварга кўпайтирилди ва Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошлари 1,5 баравар миқдорда оширилди. Шу билан бирга, 4 та янги бўлимлар ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги кунда замонавий катта спортда допинг билан боғлиқ турли можаролар авжига чиққанлиги ҳеч кимни ҳайрон қилмай қўйди. Бунинг сабаби, бир томондан, спортчиларни допинг моддаларини истеъмолига бўлган мойиллиги ортаётгани бўлса, иккинчи томондан, допинг ҳолатлари тез фурсатда ошкор қилиниши, шунингдек, антидопинг лабораторияларининг аниқлаш услублари аввалгилари билан солиштирганда жадал мукаммаллашиб боришидадир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам халқаро ташкилотлар жумладан, антидопинг агентликлари ва лабораториялари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб бормоқда.
Жумладан, Туркия ва Корея антидопинг агентликлари билан узоқ муддатга мўлжалланган, Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги ходимларини антидопинг таълим йўналиши, фармакологик моддаларни спортда қўллаш, допинг офицерларини малака ва тажриба алмашиниш бўйича келишув шартномаси имзоланди.
Шу билан бирга агентлик мутахассисларини халқаро сертификациядан ўтиб, хорижий давлатларга бориб допинг синамаларни олиш хуқуқига эга буладилар
Агентлик томонидан ўтган 9 ой давомида барча спорт турлари бўйича 280 та допинг-синамалар олинди ва 5та спортчи тақиқланган модда истеъмол қилганлиги аниқланди.
Шунингдек, Бундан ташқари, мамлакатимизда ўтказилган Халқаро мусобақаларда спортчилардан допинг-синамаларни олиш Ўзбекистон миллий антидопинг агентлигига ишониб топширилди. Бунда 95 та спортчиларда текширув ишлари олиб борилди.
Шунингдек, Туркия ва Австрия лабораториялари билан ўзаро англашинув меморандуми ва шартнома имзоланди. Шартномага кўра Агентлик томонидан спортчилардан олинган қон анализларини Туркия лабораториясида текшириш кўзда тутилган.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, Агентлик томонидан спортчилардан допинг синамалар олиш янги босқичга олиб чиқилди. Шу кунга қадар фақат пешобдан синамалар олинган бўлса, эндиликда қон орқали синамалар олиш йўлга қўйилди.
Қон орқали допинг синамалар олиш ҳозирги кунда Бутунжаҳон антидопинг агентлигига аъзо 200 дан ошиқ давлатларнинг 194 та Антидопинг агентликларида йўлга қўйилган эди. Энди улар қаторида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ҳам жой олди.
Режага мувофиқ, қон орқали допинг синамалар олиш йил сўнгига қадар 42 та этиб белгиланган. Ҳозирги вақтга келиб 28 та спортчидан синамалар олиб бўлинди.
Шунингдек, Агентлик томонидан спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинлари, республика ва Халқаро мусобақалар ўтказиш жойларида мураббийлар ва спорт шифокорлари учун ташкиллаштирилган махсус ўқув курслар доирасида жами йил якунига қадар 71 та Тошкент шахри ва вилоятларда антидопинг таълим семинарлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга келиб жами 63 та олимпия ва нолимпия спорт турлари бўйича 25 та, паралимпия спорт турлари бўйича 7 та шунингдек, вилоятлардаги спорт федерациялар бўлимлари ҳамда спорт таълим муассасаларида 31 та ўқув-семинарлар ўтказилди.
Ўзбекистон миллий антидопинг агентлигининг асосий мақсади бевосита ўйинлар мусобақаларига имкон қадар тоза, допингдан холи спортчиларни қўйиш орқали соғлом рақобат ва спортда юқори даражали шаффофликни таъминлашдир.
Допингга қарши курашиш йўлидаги барча ҳаракатлар энг асосий мезон – адолатга бориб тақалади. Адолат бўлса, ҳалол спортчилар ҳар қандай қийинчиликка чидайди, ҳар қандай жисмоний юкламалар ва руҳий машаққатларга бардош беради. Бу ўз навбатида ўзбек спортида ва унга узвий боғлиқ бўлган допингга қарши курашиш ҳаракатида улкан туртки бўлади.
Фикрлар