"Спартак" Ўруновнинг нархини эълон қилди
Остон Ўруновнинг “Спартак”даги фаолияти ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. Уни Москва клубига таклиф этган Шамиль Газизов тамомила клубдан кетди. Энди Ўруновнинг “Спартак”даги ишларида кўмаклаша олмайди.
Шунингдек, ўзбекистонлик легионернинг ёшлиги, “Спартак”дек мураккаб жамоага мослашиши учун вақт кераклиги, Остонга ишонч билдиришга тайёрлигини таъкидлаган ҳозирги бош мураббий Доменико Тедесконинг ишлари ҳам юришмай турибди.
Премьер-лигада етакчиликни ушлаб қола билмаган германиялик мутахассис ўз вақтида “этагини йиғиштириш” кераклигини тушиниб қолган кўринади. Аввалига унинг иши мавсум охирида самарасини кўрсатишини айтган Тедеско кейинроқ, клуб раҳбариятининг ҳамкорликни узайтириш бўйича таклифини рад этди. Асосий рақобатчи “Зенит”га қарши учрашувда қақшатқич мағлубият қабул қилиб олинганидан кейин “Спартак” раҳбарияти Тедесконинг хизматларига эҳтиёж йўқлигига ишонч ҳосил қилди.
Ҳозир “Спартак” мутасаддилари жамоани янги босқичга олиб чиқадиган тажрибали ва кучли мутахассис излашга киришган бўлса, Доменико Тедеско ўз юртидан янги иш қидиряпти. Ҳар икки томонда турли вариантлар вужудга келаётганини таъкидлаш жоиз.
Остон Ўрунов масаласига қайтсак. Ўрунов жамоасидаодатдагидек, сўнгги дақиқаларда захирадан ўйинга қўшилиб турибди. Лекин асосий таркибнинг муқим ўйинчиси, деб бўлмайди. Ҳар гал беш-олти дақиқа тўп тепгани билан ўйини очилиб кетиши, ўз маҳорати ва салоҳиятини намоён этишига ишониш қийин. Бир сўз билан айтганда, майдонга тушгани билан терлашга улгурмай, ўйин тугаб қоляпти.
Бу ҳолат Ўрунов фаолиятидаги мавҳумликни оширади. Бу гўё Тедеско унга ишонч ҳам билдирмаётгани ва тўлиқ умидини узмаганини кўрсатади. Ноаниқлик ёмон.
Ўруновга имкон беришга тайёр жамоалар борлиги айтилмоқда. Ана шундайлардан бири “Рубин” ёзда ўзи қуруқ қолган орзусидаги футболчини олишга ҳаракат қилиб кўрди. Бироқ, қозонликлар бош директори Рустем Сайманов расмий таклифига москваликлардан рад жавобини олди. Кейинроқ, “Спартак” Ўруновни сотишга тайёрлигини билдирди. Нархни эшитган Сайманов оммавий ахборот воситаларида москваликлар Остон учун сўраган суммага яхши савиядаги учта ўйинчи сотиб олиш мумкинлиги ҳақида бонг урди ва осиёлик бошқа футболчини таклиф этди.
Шундан сўнг, ўзбек футболчисининг трансфери учун сўралаётган маблағ миқдори кўпчиликни қизиқтириб қўйди.
Маълум бўлишича, “Уфа”дан бир ярим миллион евро атрофидаги суммага олиб келинган Ўрунов учун “Спартак” 6 миллион евро талаб қилган. Бу нарх “Рубин” раҳбариятини қониқтирмади. Аслида ёзда Ўруновни “Рубин” ҳам, ЦСКА ҳам 2 миллион еврога сотиб олишга ҳаракат қилганди.
“Спартак” Ўрунов учун 6 миллион евро миқдорида нарх белгилаган экан, демак қишда Россия премьер-лигаси ёки Миллий футбол лигасида уни сотиб оладиган клуб топилмайди. Бу шароитда, Остоннинг олдида учта йўл қолади. Шундан биттаси, яъни “Спартак”да асосий таркибга кириш учун охиригача курашиш ўзига боғлиқ. Қолган иккита вариант клубга боғлиқ. Агар “Спартак” Остондан қутилмоқчи бўлса, хориждан уни сотиб олишга қодир жамоа топилишини кутади. Бунинг учун футболчини тез-тез ўйнатиб, реклама қилиш талаб этилади.
Жамоага керак бўлмай қолган ўйинчи учун охирида битта вариант – ижарада тўп суриш имконияти қолади холос.
Фикрлар