SPORTS.uz талқини бўйича Европа лигаси нимчорак финал рамзий терма жамоаси

Мураббий: Антонио Конте (3-4-3)

“Нераддзурилар” муҳим баҳсда зафар қучди. Кейинги босқичлардаги рақибларга назар солсак, Конте шогирдлари қийин вазифани уддалаганини тушуниш мумкин. Тўғри, “Байер” ҳам осонликча оқ байроқ кўтарадиган жамоа эмас. Аммо итальянча футбол намойиш этаётган Хосе Бордалас шогирдлари қаршилигини муносиб тарзда синдира олган “Интер” вакиллари мусобақа фаворитларидан эканликларини яна бир бор исботлади. Айнан мураббийнинг топқирлиги рақиблар руҳини чўктирди: 83-дақиқада Кристиан Эриксен амалда “Хетафе” футболчиларини синдирган голини йўллаб, жамоасининг кейинги босқичга чиқишига муносиб ҳисса қўшди. Эътиборлиси, у 2 дақиқа аввал захирадан ўйинга қўшилган эди. Бу ерда италиялик мутахассиснинг топ даражаси миланликларга қўл келди. Конте ушбу баҳсда одатий (3-4-3) тактик схемасидан фойдаланди. Шундай экан бизнинг рамзий терма жамоамиз ҳам шу кўринишда саф тортади.

5f2144e5f11ea826fff9458f6af83

Дарвозабон: Руи Патрисиу

Португалиялик посбон “Олимпиакос” билан бўлган учрашув қаҳрамони бўлди. Баҳс давомида 5 бор сейв ижро этган кипер ҳақли равишда рамзий жамоамиз постини эгаллади. Ўша зарбаларнинг 3 таси жарима майдончаси ичидан берилгани эса дарвозабоннинг хизматларини тўлиқроқ ифода этади. Айниқса, иккинчи бўлимда кўпроқ фаол ҳужумлар уюштирган меҳмонлар Патрисиу олдида ожиз қолаверди. У ўзининг ишончли ҳаракатлари билан жамоадошларига мотивация улаша олди. Жамоасининг Европа лигасида кетма-кет 4 уй учрашувида “қуруқ” серия намойиш этишида португалнинг хизматлари беқиёс.

patrisiu

Ҳимоячи: Харри Магуайр

“Олд Траффорд”да ЛАСК клубини меҳмон қилган “қизил иблислар” сафидаги асосий таркибнинг ягона футболчиси айнан Магуайр эди. Ўзининг сардорлик сифатларини яна бир бор намойиш эта олган инглиз ҳимоячиси баҳс давомида шерикларини фаолликка чорлаб турди. Қўшимчасига, стандартлар вақтида рақиб жарима майдончаси ичида ҳам тиниб-тинчимади. Унга орқа чизиқда ёрдам берган жамоадошларининг ёш ва кам ўйин амалиётига эга бўлганлигини ҳисобга олсак, Харри ҳақиқий сардор ролида бехато ўйнади.

1596691336-0_GettyImages-1227927198

Ҳимоячи: Стефан Де Врей

Мадридриклар билан ўйинда “неррадзурилар” гол ўтказиб юбормади. Рақиб ҳужумларини бирин-кетин, хотиржамлик билан бартараф этишди. Ҳимоянинг ишончли ўйин кўрсатишида эса Де Врейнинг ўрни катта. Айнан голландиялик фулбек ўйин давомида 6 марта рақибларини буткул зарарсизлантира олди. Тўп узатмаларида ҳам юқори аниқлик қайд этди.

de vrij

Ҳимоячи: Жюль Кунде

“Рома” таслим этилган оқшом франциялик ёш истеъдод соҳиби фаоллиги билан ажралиб турди. Нафақат рақиб ҳужумларини бузишда, балки жамоаси олдинга ўтганида ҳам Жюль Кунде кўп маротаба жонбозлик кўрсатди. Римликлар зарбаларини блоклаш, вазиятларини бартараф этишни уддалаган “Севилья” вакили бу сафар рамзий жамоамиз сафида кўриниш берди.

jules-kounde_373362_131-ub-800

Ўнг қанот лотераль ярим ҳимоячиси: Метт Доэрти

“Вулверхэмптон” сафида бутун ўйин давомида тинмаган ирландиялик ҳимоячи якунда мақсадига эришди: унинг жамоаси гол ўтказиб юбормади. Устига устак, муҳим ўйинлар олдидан анча ўзларига келиб олишди. Доэрти бир неча марта рақиб ҳужумларини тўхтатди, кўп ҳолларда жамоаси томонидан уюштирилган хавфли вазиятларда иштирок этди, қанотдан қулай узатмалар амалга оширди.

Энди у ҳам чорак финал учун машғулотларни давом эттириши лозим. Чунки рақиб шафқатсиз “Севилья”.

2019-12-15T144126Z_2127420116_RC2QVD9FG347_RTRMADP_3_SOCCER-ENGLAND-WLV-TOT-REPORT-e1577962703541

Чап қанот лотераль ярим ҳимоячиси: Серхио Регилон

Лопетеги шогирдлари ўзлари учун қулай турнирни шаҳдам қадамлар билан давом эттиришмоқда. Улар фаворитлар қаторида. Дарҳақиқат, бу мавсумда андалусияликлар бош соврин йўлида ҳеч кимни аямаяпти. “Рома” билан бўлган ўйин бунга яққол мисол бўла олади. Бу учрашувда ҳисобни айнан қаҳрамонимизнинг аниқ зарбаси очиб берди. Ҳеч иккиланмай рақиб жарима майдончасига ёриб кирган Серхио якунда дарвозабонни ҳам ожиз қолдирди. Испаниялик ёш истеъдоднинг харидорлари бу ўйиндан сўнг яна кўпайди.

3000

Марказий ярим ҳимоячи: Хуан Мата

Еврокубокларда катта тажрибага эга бўлган Мата анчадан бери ўйин амалиётисиз қолаётган эди. Аммо у ЛАСК клубига қарши учрашувда тўлиқ ҳаракат қилиб,ҳамон асосий таркиб учун муносиб эканлигини исботлади. Кўп маротаба жамоадошларини қулай вазиятлар билан таъминлаган хавбек амалда жамоасига ғалаба келтирган голга ҳаммуаллифлик қилди. Ўзининг ақлли паси билан Марсьялни бирга-бир ҳолатга чиқариб юборган испан футболчиси ўз ҳисобига ассист ёздириб қўйишга эришди.

Eer5yScXsAAq7Y8

Марказий ярим ҳимоячи: Лукас Окампос

Аргентиналик ярим ҳимоячи ўзининг омадли мавсумини ўтказмоқда. Римликлар маҳв этилган учрашувнинг энг фаол футболчилари орасида Лукас Окампосни алоҳида эьтироф этиш жоиз. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида иккинчи гол юзага келди. Ундан ташқари, бутун учрашув мобайнида “жаллороссилар” ҳимоячиларига тиним бермади.

Чорак финал доирасида “бўрилар” билан кечадиган баҳсда ҳам шундай темп кутиб қоламиз.

ocampos.siviglia.2019.20.esulta.750x450

Ҳужумчи: Жуниор Мораес

“Кончилар” нимчорак финал босқичини юқори нотада якунлашди. Шу жумладан, Жуниор Мораес ҳам. Қаҳрамонимиз “Вольфсбург” билан ўйинда дубльни расмийлаштирди. Энди чорак финалда “Базель” билан учрашув борлигини ҳисобга олсак, тўпурарлар пойгасида қулай имконият ҳосил қилиши мумкин.

images

Ҳужумчи: Йонас Винд

Ушбу босқичда энг сермаҳсул ўйин кўрсатган даниялик форвард ўз голлари сонини яна 2 тага ошириб олди. Қўшимчасига, жамоадоши Фалькнинг аниқ зарбасига узатма ҳам ижро этди. Шу темпни ушлай олса, Йонас Винд чорак финалда МЮ ҳимоячиларига ҳам ноқулайлик туғдира олиши шубҳасиз. Воқеалар ривожини кузатамиз.

31606844-0-image-a-27_1596652690633

Ҳужумчи: Ромелу Лукаку

Мавсум аввалида совринлар ютиш учун “неррадзурилар” сафини тўлдирган Лукакуда ажойиб имконият пайдо бўлди. Бунинг учун ундан талаб этиладиган ягона нарса ҳозиргидек фаол ҳаракат қилиш ва рақиб посбонларини ранжитиш. Айтиш жоизки, бельгиялик форвард бу вазифани яхши уддаламоқда. “Интер” сафида мавсум давомида 30 дан зиёд тўп киритган футболчилар сафидан ўрин эгаллагани унинг потенциали юқори эканлигидан дарак бермоқда.

internazionale_cinemaApp_1

sostav

Шиддатли баҳсларда ўзларини ҳар томонлама намойиш эта олган Рауль Хименес, Марсьяль, Ханданович, Вайзингер каби футболчиларга бу сафар рамзий жамоамиздан жой топилмади. Ишонамизки, кейинги босқичларда ҳам футболчилар бу борада бизга ширин ташвиш туғдиришади. Қизиқарли футбол спектаклларига бой ўтаётган Европа лигаси баҳслари футбол ихлосмандларини асло зериктириб қўймайди.

 

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!