SPORTS.uz талқини бўйича Премьер-лигада мавсум рамзий терма жамоаси
Англия Премьер-лигасининг жорий мавсуми ҳар галгидан ҳам қизиқарли кечди. Биз сўнгги турларгача турнир жадвалидаги эврилишларнинг гувоҳига айландик. Пандемия сабаб айрим чекловлар ҳамон футболни ожиз қолдиришда давом этмоқда. Аммо энди ҳамма коронавирус билан биргаликда яшашга ўрганиб қолди. Ўзига хос механизмни ишлаб чиққан Англия Премьер-лигаси мавсумни ҳеч қандай муаммоларсиз якунлашга эришди.
Табиийки, ўйин бор жойда рақобат ҳам бўлади. Мана шундай ҳолатда ҳам жуда кўплаб футболчилар ўз истеъдодларини намойиш этишдан чарчамади. Биз эса, ҳар галги одатимизга содиқ қолган ҳолда мавсум рамзий терма жамоаларини тузишни “туманли альбион”дан бошлаймиз. Қани, кетдик!
Дарвозабон: Эмилиано Мартинес (“Астон Вилла”)
Ҳа, кўзларингиз яхши кўрмоқда. Бизнингча, бирмингемликларнинг янги дарвозабони мавсумни рақобатдошларидан кўра муваффақиятлироқ ўтказди. Қуруқ ўйинлар сонига эътибор қаратсак, уларнинг сони 16 та эканлигини кўришимиз мумкин. “Вилла Парк” эгалари буюк ўтмиши бўлишига қарамай, айни пайтда АПЛнинг ўртамиёна жамоалари қаторида эътироф этилади. Шу сабабдан, ушбу жамоанинг бу қадар кўп голсиз ўйинлар ўтказиши ҳайратланарли ҳолат. Бунда дарвозабон эффекти етакчи ўринда, мавсум давомида барчамиз кўрдик.
У тўпларни қайтариш фоизи бўйича учинчи, ўтказиб юборилган голлари сони бўйича эса, 2-ўринда турган бўлиши мумкин. Аммо у ижро этган сейвлар салмоғи қолганларникидан устунроқ. Унинг сайъ-ҳаракатлари натижасида, Дин Смит шогирдлари узоқ вақт Премьер-лиганинг юқори ўринларида бордии.
Чап қанот ҳимоячиси: Люк Шоу (“Манчестер Юнайтед”)
Шоу фаолияти аввалидаги жароҳатлар гирдобидан қутулиб, ўзидан кутилган ўйинларни намойиш эта бошлади. Стабиллик нуқтайи назаридан у жорий мавсумнинг энг яхши чап қанот ҳимоячиси бўлди. Ушбу позицияда унга Бен Чилуэлл рақобат туғдириши мумкин эди, аммо у Тухель келгач, жуда кўп ўйинларни захира ўриндиғида ўтказиб юборди. Робертсонда мавсум у қадар нотекис кечмаган бўлса-да, унинг ҳаракатлари аввалгилари каби ёрқин бўлмади.
Ҳимоявий кўрсаткичлардаги устунлигидан ташқари, Люк мавсум давомида 5 та ассистни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Марказий ҳимоячи: Рубен Диаш (“Манчестер Сити”)
Ушбу рамзий терма жамоанинг ҳар қандай футболчисига эътироф билдириш мумкин бўлган тақдирда ҳам, Рубенга нисбатан бундай қилолмаймиз. Ўзининг дебют мавсумидаёқ янги жамоасидаги ягона ожиз нуқта - марказий ҳимояни тартибга солган португалияликни таркибимизга киритмаслигимиз мумкин эмасди.
Дарвозабонни истисно этганда, Диаш 32 та ўйинни асосий таркибда бошлаб, мавсумдаги энг яхши натижани қайд этди. Пеп олдида Аймерик Льяпорт, Натан Аке, Жон Стоунз ва Эрик Гарсия каби вариянтлар борлигига қарамай, Диаш доимий тарзда майдонга ташланди. Компанидан кейинги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг, “шаҳарликлар” олдиндаги декада учун яна бир мудофаа етакчисини топган кўринади.
Марказий ҳимоячи: Уэсли Фофана (“Лестер”)
Очиғи, Уэслининг таркибдаги энг мунозарали футболчи эканлигини ўзимиз ҳам англаб турибмиз. Аммо уни мавсумни ажойиб ўтказган “Лестер”дан номзод сифатида ҳам энг яхши 11 таликда эътироф этишга қарор қилдик.
20 ёшли футболчи Премьер-лигага ушбу мавсумдагина ташриф буюрди ва дебют мавсум муваффақиятли чиқди.
Марказий ҳимоячиларга хос агрессияга тўла футболчининг бу қадар яхши ҳаракат қилишини уни жамоага олиб келган Брендан Рожерснинг ўзи ҳам кутмаган бўлса керак.
Фофана ҳар битта ўйинда ўртача 2,2 маротаба рақибларидан тўпни олиб қўйишга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткич бўйича у 4-ўринда, аммо юқоридагилар, асосан, таянч ярим ҳимоячилари. Марказий ҳимоя вакиллари орасида француз ҳимоячиси етакчилардан бири.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Жоау Канселу (“Манчестер Сити”)
Бир мавсум ичида Пепнинг услубини тушуниб, унинг беминнат ёрдамчисига айланган Канселуни рамзий жамоамизнинг ўнг қанотига жойлаштирдик. Аслида, у мавсум давомида чап қанотда ҳам кўп маротаба майдонга тушди. Аммо барибир португалиялик ўнг қанот вакили.
Жоау лотераль қанот ҳимоячиси сифатида ўта самарали футбол намойиш этди. Гвардиоланинг тактик футболида у каби мослашувчан футболчи жуда қадрланади. 3 та марказий ҳимоячи билан ҳаракат қилинган пайтларда Канселуни вингер сифатида ҳам кўрдик. Қисқаси, у деярли барча позицияларда “шаҳарликлар”га ёрдам бериши мумкин бўлган юқори сифатли футболчига айланди.
Марказий ярим ҳимоячи: Илкай Гюндоган (“Манчестер Сити”)
Германиялик футболчи учун ушбу мавсум “Сити”даги фаолияти давомидаги энг яхшисига айланди. Гвардиола Илкайдан қандай фойдаланишни мана энди англаб етгандек. Айниқса, мавсум ўртасида ярим ҳимоячининг голеадорлик функциялари яхши ишлаб кетди ва рақиблари дарвозасига голларни қалаштириб ташлади. “Боксинг дэй” деб аталган тиғиз тақвим вақтидаги бу голлар амалда “Сити”нинг чемпионлигида катта ўрин тутди.
Эътибор беринг, қиш давомида ўтказилган 12 та ўйинда “Гюндо” 11 та гол уришга эришди. Асли позицияси соф марказий ярим ҳимоячи бўлган футболчи учун ушбу статистика жуда яхши, назаримизда.
У тактик тарафдан ҳам жуда фойдали ишларни амалга оширди. Жамоа ҳужумдалиги пайтида тўпни олдириб қўйган тақдирда, 30 ёшли футболчининг прессингдаги ҳаракатлари шахсан Гвардиола томонидан уқтирилгани кўриниб туради. У рақибга ташланган жамоадошларининг ортида турган ҳолда, рақибнинг келгуси ҳаракати йўлини тўсишга уринади. Бу орқали у тўпни олиб қўйишни ёхуд қарши ҳужумни максимум секинлаштиришни мақсад қилади.
Марказий ярим ҳимоячи: Томаш Соучек (“Вест Хэм”)
Соучекни кўпчилигингиз танимаслигингиз ҳам мумкин. “Вест Хэм”га ўтган мавсумнинг ярмида ижара шартномаси асосида “Славия” Прагадан келиб қўшилган таянч зонаси вакили эффектив футболи билан барчани ўзига қаратишга муваффақ бўлди. Натижада, “болғачилар” у билан тўлиқлигича шартнома тузишга қарор қилдилар. Бунга жавобан, чехиялик футболчи майдон марказининг АПЛдаги энг яхшиларидан бирига айланди. Сўнгги турларгача, шимолий лондонликларда Европа Чемпионлар Лигасига йўлланма олиш имконияти бор эди. Якуний натижа ҳам у қадар ёмон эмас: Европа Лигаси чипталари.
Томаш 450 маротаба яккакурашларда ғалаба қозонган ва бу каби натижани Премьер-лигадан бошқа топа олмайсиз. 10 та гол таянч зонаси вакили учун сал кўпроқ эмасми? Гап шундаки, инглиз вундеркинди Деклан Райснинг орқада қолиши унинг шеригига бемалол ҳужумга ёрдам бериш имкониятини тақдим этмоқда. Эътиборлиси, бу ҳаракатлар фойда ҳам беряпти. Тўлиқлигича ушбу эътирофга ҳақли номзод!
Марказий ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш (“Манчестер Юнайтед”)
Сўнгги йилларнинг энг омадли трансферларидан бири деб бемалол айтишимиз мумкин бўлган Бруну Фернандеш ўтган мавсумдаги ҳаракатлари шунчаки тасодиф эмаслигини исботлаб қўйди. Ўтган мавсумда ҳам ёдингизда бўлса, уни ярим мавсумлик ҳаракатлари сабаб мавсум рамзий терма жамоасига киритган эдик.
Жорий мавсумда португалиялик ярим ҳимоячининг ўйини янада шаклланиб, жамоасининг чемпионлик курашига катта ёрдам берди. Ҳа, энг катта миссия бажарилмади. Ҳамшаҳар клуб биринчи ўринни эгаллаб кетди. Бруну урган 18 та гол ва амалга оширган 11 та ассист ўзининг шахсий статистикаларини безабгина қолмади. У бизники каби кўплаб рамзий терма жамоалардан ўрин олди.
У 36 та хавфли вазиятларни яратди ва бу борада лиганинг иккинчи футболчиси бўлиб турибди. Ақлли узатмалар сони (91 та) бўйича ҳам 2-поғонани банд этиб турибди. У рақиб жарима майдони атрофидаги аниқ узатмалар сони (117 та) ва ассистдан аввалги узатмалар сони (7 та) бўйича ҳам АПЛда ягона кўрсаткичга эга бўлиб турибди.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”)
Юқорида жуда кўплаб футболчилар ҳақида гапирганимизда, жамоасининг муваффақиятсизликлари уларнинг яхши ўйин кўрсатишига ва яхши натижаларга эришишига ҳалақит бермагани ҳақида гапириб ўтдик. Муҳаммад Салоҳ ҳам мана шу типдаги футболчилардан бири. Мавсумни етакчиларининг жароҳатлари сабаб катта йўқотишлар билан аранг ЕЧЛ зонасида тугатган “Ливерпуль”нинг энг стабил футболчиси мисрлик ҳужумчи бўлди.
Мавсум давомида 22 та гол урган ҳужумчи тўпурарлар пойгасини иккинчи ўринда якунлади. Буларга қўшимча тарзида, 5 та голли узатма ҳам Салоҳнинг ҳисобида турибди.
Чап қанот ҳужумчиси: Сон Хён Мин (“Тоттенхэм”)
Чемпионат якунига келиб анча кўринмай қолганига қарамай, умумий фонда кореялик футболчи фантастик мавсум ўтказди. Жами 17 та гол ва 10 та ассист. Бу каби статистикани у билан бир хил позицияда ҳаракат қилганларнинг ҳеч бирида кўрмайсиз. Моуриньонинг қўл остида у самаралироқдек кўринаётганди. Таъбир жоиз бўлса, у португалиялик мутахассиснинг сеҳрли таёқчасига айланиб олганди.
Якунда, барибир унга мега.лдузларга хос барқарорлик етишмади. Шу сабабли, энди у жамоаси билан янги ташкил этилган Конференциялар Лигасида ўйнашга мажбур. Юқорида айтиб ўтганимиздек, у мавсум аввалида яхшироқ ҳаракат қилганди. Дастлабки 9 та ўйинда 10 та гол: барча шокда эди. Кейин эса, барчаси ўткинчи эканлиги маълум бўлиб қолди.
Марказий ҳужумчи: Харри Кейн (“Тоттенхэм”)
Харри бу мавсумни енгил қушдек ўтказди. Ҳа, айнан шундай. Ундан мураббийлар доимий равишда марказий ҳужумчи - 9-рақамлилар ишини бажаришни талаб қилаверишар эди. У эса ўзи кийиб олган 10-рақамга мос футбол қилишни кўпроқ хуш кўради. Мана жорий мавсум Моуриньо унга шундай эркинлик, ижодкорликни берди. Инглиз форварди эса 27 ёшга келиб, биринчи маротаба ўзлигини топгандек кўринди.
Кейннинг якунловчи қобилиятини қанчалик мақтасак, унинг яратувчилик жиҳатини ҳам худди шундай эслаб ўтишимиз даркор.
Унинг ажойиб мавсуми 23 та гол билан энг яхши тўпурарга айлангани билан чекланиб қолмайди. Мавсум давомида 14 та ассистга муаллифлик қилган Харри бу борада ҳам етакчи. Фантастика!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар