SPORTS.uz талқини бўйича топ-5 чемпионатлар ҳафта рамзий терма жамоаси
Бош мураббий: Дин Смит (“Астон Вилла”)
“Астон Вилла”нинг натижаларини тушуниш қийин. Сабаби, улар ўз даражасидаги ўртамиёна рақиблардан мағлубиятларни қабул қилиб, “Арсенал” каби АПЛ грандларини аяб ўтирмаяпти. Албатта, ўз вақтида Чемпионлар кубоги ғолиби бўлган жамоага нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз лозим. Аммо яқин даврлар мобайнида “Вилла Парк” эгалари Премьер-лиганинг ўртамиёна жамоалари орасида ҳам қайд этилмаётганди.
Дин Смит ўз етакчиларини ёзги трансферлар ойнаси мобайнида сақлаб қолишга эришди ва қўшимчасига таркибни Эмилиано Мартинес ва Росс Баркли каби яхши даражали футболчилар билан тўлдириб олди.
Бугун ўша жамоа АПЛ жадвалининг 6-поғонасида бормоқда. Захирасида яна бир гранд клубга қарши баҳс борлигини инобатга олсак, Смит жамоаси янада юқорилаши мумкин.
Дарвозабон: Каспер Шмейхель (“Лестер”)
Ҳафтанинг энг чиройли зарбаси Рубен Невешга тегишли бўлди. Ўша зарба голга айланмади ва вазият қаҳрамони Каспер Шмейхель йилнинг энг чиройли сейвларидан бирини амалга оширди. Айланма ҳаракат олган бу қадар кучли зарбани бартараф эта олиш посбонлардан мисли кўрилмаган маҳорат талаб қилади. Мана шундай ҳаракатлари ва сариқ сочлари орқали Каспер отасига ўхшаб кетади. Аммо афсонавий посбон ўғлига мунтазам барқарор ўйин нималигини уқдирмаган, шекилли.
Чап қанот ҳимоячиси: Рафаэль Геррейру (“Боруссия” Дортмунд)
"Топ-5" чемпионатларда марказий беллашувлар доим ҳам кутилганидек шиддатли ўтавермайди ва ушбу баҳслардан рамзий терма жамоага кириш ҳолатлари кам учрайди. “Дер Классикер” эса бизга 5 та гол, 90 дақиқа том маънодаги футболни тақдим этди.
Ушбу учрашувда португалиялик лотераль ҳимоячининг 2 та голли узатмаси ҳам мюнхенликларнинг таслим этилишига кифоя қилмади. Аммо бизнингча у ўз позициясида ушбу ҳафтанинг энг яхши футболчиси бўлишга мос ўйин кўрсата олди.
Марказий ҳимоячи: Давид Алаба (“Бавария”)
Немис класикосидан яна бир вакил ҳафта рамзий жамоамиздан ўз ўрнини ола билди. Мағлуб дортмундликлар футболчисини энг яхшилар қаторига киритган эканмиз ёки энг зўр мураббий Флик бўлиши ёхуд Мюнхен клуби футболчиларидан ҳам камида бир номзод ушбу жамоадан жой олиши лозим эди.
Давид Алаба “Бавария”нинг муаммоли марказий ҳимоясида алтернатив ҳисобланади. Аммо у чап қанотдаги кучли рақобат туфайли ҳам марказга силжишга мажбур бўлгандек. Асли, “туғилишидан” марказий ҳимоячи бўлган Боатенг ва Зюленинг хатолари олдида, австриялик қанот ҳимоячиси кўрсатаётган ўйин анча яхшидек кўринмоқда. “Дер Классикер”да киритган голи орқали жамоаси ғалабасига ҳам ҳисса қўшишга муваффақ бўлди.
Марказий ҳимоячи: Янник Вестергор (“Саутгемптон”)
“Саутгемптон” мавсумни жуда қийин бошлади. Дастлаб, “Кристал Пэлас” майдонидаги минимал мағлубият, сўнгра, ўз уйида “Тоттенхэм”дан қабул қилиб олинган 5 та гол. Аммо ушбу омадсизликлардан сўнг, Хазенхютль шогирдлари ҳар бир учрашувда ўзларини қониқтирадиган натижаларни қайд этиб, айни пайтда кучли тўртликда боряпти.
Даниялик ҳимоячи эса ҳар бир учрашувда жамоасини олдинга бошлаб, жамоа марказий ҳимоясидаги балансни ушлаб турибди. Уни аллақачон янги Ван Дейк деб атамоқдалар. Барқарорлик тилаймиз!
Ўнг қанот ҳимоячиси: Серхи Роберто (“Барселона”)
“Бетис” билан кечган баҳс каталонияликларнинг навбатдаги қийин ўйини бўлиши керакдек эди. Аммо якунда барчаси улар кутганидан ҳам аъло даражада якунланди. Кўнгилни хира қиладиган ягона жиҳат Ансу Фатининг нақ 4 ойга сафдан чиққани бўлди. Тақдир ҳазилими ёки бошқа нарса, Месси ҳам “кўк-анорранглилар” сафида ўз ўрнига эга бўла бошлаган илк даврида шундай жароҳат олганди. Испания терма жамоаси аъзосини яна кўп жиҳатдан аргентиналик футбол даҳосига ўхшатиш мумкин. Гап Роберто ҳақида эди!
Ушбу учрашувда тўлиқ ҳаракат қилган ва бехато ўйнаган ягона футболчи Серхи бўлгандек кўринди кўзимизга. Гризманн гол ургани билан, пенальтидан аниқ фойдалана олмади. Месси эса иккинчи таймда майдонга тушди. 28 ёшли қанот ҳимоячиси ўз ҳисобига 2 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди ва рамзий жамоамизнинг ўнг қанотини эгаллади.
Марказий ярим ҳимоячи: Нголо Канте (“Челси”)
“Аристократлар” мана энди яхши савиядаги ўйинни намойиш эта бошлади. Кантенинг қирраларини Лэмпард энди тушуна бошлади, чоғи. Сўнгги ўйинлари орқали бир пайтлар уни таърифлаш учун ишлатилган ибораларни қайта тилга олишга мажбур этмоқда: Ерга астероид урилиш хавфи бўлса, уни фақат Канте тўхтатиб қола олади.
Марказий ярим ҳимоячи: Эберечи Эзе (“Кристал Пэлас”)
Гринвичда туғилган Эберечи жорий мавсумдан “Кристал Пэлас” сафига келиб қўшилди. 22 ёшли футболчи бунгача КПР футболчиси сифатида фаолият юритиб келарди. Голлардаги иштирокининг у қадар юқори эмаслиги сабаб танқидларга учрай бошлаган инглиз хавбеки “Лидс”га қарши ўйинда биттадан гол ва ассист амалга ошириб, жавоб берди.
Чап қанот вингери: Гейнрих Мхитарян (“Рома”)
“Женоа”га қарши баҳс Пауло Фонсека шогирдлари учун осон кечди, дея олмаймиз. Айниқса, генуяликлар ҳисобни тенлаштиргач, анча тартибли ҳимоялана бошлади. Аммо шу куни арманистонлик футболчининг “кетмони учган” кун экан. У Перин дарвозасига киритган 3 гол якунда “жаллоросси”ларга ишончли ғалаба тақдим этди.
Ўнг қанот вингери: Анхель Ди Мария (ПСЖ)
ПСЖ ўз лигасида шу қадар эркин ҳаракат қилмоқдаки, Неймар ва Мбаппе каби мегаюлдузларисиз ҳам йирик ҳисобдаги ғалабаларни қалаштириб ташламоқда. Мавсум аввалидаги салбий натижалар Лига 1 да интригали кураш кўришимизга умид бергандек эди. Аммо 10-турга етиб улгурмай, парижликлар яна лигада яққол пешқадам. Франция чемпионатининг бошқа грандларида стабиллик етишмаётган экан, ПСЖ мухлисларини чиройли ғалаба билан табриклашдан бошқа чорамиз йўқ.
Ди Мария эса “Ренн”га қарши кечган муҳим учрашувда дирижёр образида кўз ўнгимизда намоён бўлди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш (“Манчестер Юнайтед”)
“Манкуниянлар” таркибида ўйнаш ўзгача қийинчиликлар туғдиради. Сен “орзулар театри”да мезбон футболчи сифатида ҳаракат қилар экансан, “қизил иблислар” либосини кийар экансан, ўз имкониятинг даражасидан ҳам юқори даражада ҳаракат қилишга мажбурсан.
Фернандеш ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини фантастик тарзда ўтказди. Деярли, ҳар бир ўйинда гол, ассист ёки фойдали ҳаракатлар. Ҳа, ўша даврда ҳам у киритадиган тўпларнинг асосий қисми пенальти эвазига экани бот-бот таъкидланарди. Аммо бу мавсумда у ҳатто 11 метрлик нуқтадан ҳам адашди. Голларининг сони ҳам камайиб кетди.
“Эвертон”га қарши принципиал баҳсни ўз бенефисига айлантириб юборган португалиялик ярим ҳимоячи таъбир жоиз бўлса, ҳафтанинг энг яхши футболчиси, дея тан олинишга ҳақли.
Марказий ҳужумчи: Жоау Фелиш (“Атлетико”)
Йўқ, бу гал Левандовски эмас. Португалиялик ёш иқтидор эгаси ўз ўйинини топиб бормоқда. “Бенфика”дан бу қадар катта суммага харид қилиниши ва ундан кейинги ўйинлари мутахассисларнинг танқидларига сабаб бўлаётганди. Мана энди мадридликларнинг бирмунча “кекса” таркиби бу болакайнинг голларига муҳтож.
Балки, айнан унинг шарофати билан “матрасчилар” муҳим ўйинларга нисбатан кам очко йўқотган ҳолда етиб келаётгандир.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар