
SPORTS.uz талқинидаги Европа топ-5 чемпионатлари тур рамзий терма жамоаси
Мураббий: Жан Пьеро Гасперини (3-6-1)
Гасперини жамоаси сўнгги бор мағлуб бўлганида қиш энг авж палласига кирган эди. Европанинг «Бавария»дан сўнг иккинчи энг сермаҳсул жамоаси бўлиб турган бергамоликлар якунига етган турда «Наполи»ни ўта ҳотиржамлик билан таслим этишди.
Гасперини фавқулотда трансферларсиз, ўз ихтиёридаги ресурслардан фойдаланиб, рақобатбардош жамоа шакллантира олди. «Рома», «Лацио» ва «Наполи» каби Италия грандларини ишонч билан мағлуб этишга қодир жамоа яратган Гасперини, наздимизда, тур мураббийи. Унинг тактик схемаси (3-6-1) эса рамзий терма жамоамизга асос бўлиб хизмат қилади.
Дарвозабон: Мануэль Нойер
Бундеслига якунига етганига бирмунча вақт бўлди. Бироқ ушбу лига 34-турига рамзий жамоамизда эътибор қаратишни маъқул топдик.
«Бавария»нинг жорий мавсумдаги чемпионлиги аввалгиларидан мураккаброқ қўлга киритилди. «Вольфсбург»га қарши баҳсдаги каби Нойер бутун мавсум давомида ишончли ҳаракат қилмаганида чемпионлик мюнхенликларга насиб этармиди, ёки йўқ – айтиш қийин.
Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос (С)
Серхио Рамос ҳар бир турда «Реал» ҳимоясида ишончли ҳаракат қилишдан ташқари муҳим голларни ҳам уриб туради. Ҳа, голларининг асосий қисми пенальтилар эвазига киритилган. Бироқ энг асабий ва ҳал қилувчи вазиятда 11 метрлик нуқтадан доимий аниқ зарба йўллай олиш ҳам улкан маҳоратни талаб этади. Ушбу гол орқали Рамос Ла Лига тўпурарлари пойгасида Гризманни ортда қолдирди.
Марказий ҳимоячи: Бенжамин Ми
Қанчалик ғалати туйилмасин «Бёрнли» ҳам Европа Лигаси учун курашда яхши имкониятга эга ва уларни ушбу зонадан 2 очко ажратиб турибди. Ушбу тургача «Кристал Пэлас»да ҳам «арилар» каби евромайдон учун яхши имконият бор эди. 42 очко тўплаган 2 жамоанинг ўйинида Бен Ми ғалаба голини киритди.
Марказий ҳимоячи: Эшли Янг
«Интер» «Брешия»ни ўз майдонида топтаб ташлади. Янг аслида қанот ҳимоячиси. Аммо бу каби тактик схемада ҳужумкор қанот лотералининг ҳимояга ёрдам беролмаслигини айнан Эшли каби тажрибали футболчи билан ёпиш мумкин.
Голлар шоусини айнан унинг ҳисобни очувчи зарбаси бошлаб бергани етмагандек, Д’амброзиога ассист ҳам амалга оширди.
Таянч ярим ҳимоячиси: Фил Фоден
Чемпионларга қарши учрашув олдидан «шаҳарликлар» ўз етакчиси Фернандиньодан айрилиб улгурганди. Балки, бразилиялик футболчининг ўрнини Фоден эгалламаганида бу қадар йирик ҳисоб бўлмасди. Сабаби, ушбу беллашувда англиялик ёш иқтидор эгаси мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Деярли барча голда иштирок этган йигитча биттадан гол ва ассист амалга ошириб, «Этиҳад»да ким хўжайин эканини мавсум ғолибларига кўрсатиб қўйди.
Таянч ярим ҳимоячиси: Томаш Соучек
Аввалги рамзий терма жамоада ҳам таъкидлаганимиздек, «Челси»ни тушуниш қийин. Улар исталган ўйинда ғалаба қозониши ва мағлубиятга учраши мумкин.
Шу куни «Вест Хэм» клуби ярим ҳимоячиси икки бор «Челси» дарвозасига гол урди. Улардан бири ВАР томонидан бекор қилинди. Аммо якунда у ва жамоадошлари оғир кечган ўйинда ғалабани қўлга киритиб, хавфли зонага тушиб кетишдан қутулиб қолишди.
Чап қанот лотераль ярим ҳимоячиси: Янник-Феррейра Карраско
Бу номни барселоналиклар жуда ёмон кўришади. Чемпионлар Лигаси ва мамлакат кубогидаги аламли мағлубиятлар устига лига чемпионлиги пойгасидаги ушбу баҳс ҳам қўшилди. Карраско аслида ёмон ҳаракат қилмаган «Барса»ни муҳим очколардан айирган иккита пенальтини ишлаб берди.
Айнан Каррасконинг ҳужумга берилувчанлиги сабаб биз Эшли Янгни марказий ҳимоячи сифатида жамоага киритдик.
Ўнг қанот лотераль ярим ҳимоячиси: Виллиан
«Челси»ни кайфият жамоаси дейиш ҳам нотўғри. «Сити»ни мағлуб қилиб келаётган жамоада кайфият билан боғлиқ муаммо бўлмаслиги аниқ. «Аристократлар»нинг ўйини «Вест Хэм»га қарши баҳсда ҳам томошабоплигини сақлаб қолди. Қандайдир қувноқ услуб.
Виллиан эса қўлидан келганча жамоасини қутқаришга ҳаракат қилди. Аммо дубль ҳам наф келтирмади.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кевин Де Брюйне
«Манчестер Сити» курашда ютиб чиқди, бироқ жангда мағлуб бўлди. Ҳалок бўлаётган «рицар» рақибига шамширини тиқишга муваффақ бўлди. Ўша шамшир Де Брюйне эди.
Бельгиялик футболчининг ушбу мавсумда энг зўрлар қаторида эътироф этилишига ҳали сабаблар етарли. Агар якунига етган турдаги каби темпда ҳаракат қилишда давом этса, индивидуал совринлар учун курашиши мумкин.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш
«Олд Траффорд» ўзига янги қаҳрамонни топдим деганда, стадион мухлисларсиз қолди. Очиғи, португалиялик футболчи бутун футбол соғинган МЮни қайтараётгандек кўринмоқда.
Ўтган гал рамзий терма жамоадан жой топиб бера олмагандик. Ушбу турда иккита гол киритишга эришган футболчини тур ўн битталигидан тушириб қолдириш адолатдан бўлмасди.
Ҳужумчи: Андрей Крамарич
«Боруссия» Дортмунд дарвозасига «Сигнал Идуна Парк»да нақд 4 та гол урган футболчидан муносиброқ номзодни топиб бера оласизми?! Бу орқали жамоасига евромайдонни кафолатлаган хорватиялик форвард мавсумдаги энг ажойиб, фантастик ўйинини Дортмундга асраб қўйган экан.
Бу сафар ҳам бир нечта футболчилар терма жамоамиздан жой ола билмади. Мураббий тактик схемасига мос тушмагани сабаб 2 та гол ва 1 та пас амалга оширган Обамеянг жамоамиздан тушиб қолди. Костанинг автоголига пас узатиб, пенальтини моҳирона амалга оширган ҳолда 700-голини урган Месси ҳам худди шу сабаб четда қолиб кетди. Фернандеш ва Де Брюйненинг мўжизавий ўйинлари сабаб Томас Мюллерга жамоадан жой топиб бера олмадик.
Бугундан «кўҳна қитъа»да янги тур бошланади. Кўрамиз, кузатамиз!
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
SPORTS.uz талқини бўйича Европа кучли чемпионатларида тур рамзий терма жамоаси
Клопп шогирдларини тарихий чемпионликка етаклаган 10 та ўйин
Фикрлар