SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (10-сон)
Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.
Франция муддатидан олдин кейинги босқичга чиққани учун асосий таркибда етакчиларни майдонга туширмади. Натижада Тунис ғалабага эришди. Аммо плей-оффга чиқа олмади.
Австралия Даниядан устун келиб, гуруҳ масаласини ҳал қилди. Соккерузлар ўз тарихида иккинчи бор плей-оффга йўл олди.
Аргентина Польшага имконият қолдирмади ва ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Месси жаҳон чемпионатларида иккинчи марта пенальтидан гол ура олмади.
Мексика Саудия Арабистонини ютиб ҳам гуруҳда қолиб кетди. Қитъадошимиз жаҳон чемпионатида антирекорд ўрнатди.
Тунис - Франция 1:0
Тунис ва Франция майдонда саф тортди. Муддатидан олдин гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал этган амалдаги жаҳон чемпионлари бу беллашувда ротация қилишга қарор қилди. Мбаппе, Гризманн, Дембеле ва бошқалар захирада қолдирилганди.
Илк гол 58-дақиқада Веҳби Хазри томонидан киритилди. У деярли майдон марказидан жарима майдонига ёриб кириб, европалик ҳимоячиларини доғда қолдирди. Бу тунисликларнинг Қатардаги мундиалда киритилган биринчи ва ягона голи бўлиб қолди.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Антуан Гризманн мувозанатни тиклаганди. Бироқ ҳакам ВАРни кўргач ўйиндан ташқари ҳолат борлигини қайд этди ва гол инобатга олинмади. Якунда французлар Африка термасига кичик 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Мағлубиятдан қатъи назар, французлар гуруҳ босқичида 1-ўринни эгаллади. Тунис эса 4 очко билан ўз гуруҳида 3-ўринни қўлга киритди.
Ягона гол муаллифи Хазри Туниснинг мундиаллардаги охирги 5 голида мунтазам қатнашиб келмоқда. У 3 та гол ва 2 ассист муаллифига айланган. Қолаверса, футболчи терма сафида жаҳон чемпионатларида 3-тўпини киритишга эришди. Бу борада ҳам у етакчилик қилмоқда.
Франция 2014 йилги жаҳон чемпионати нимчорак финалидаги мағлубиятдан сўнг ҳали ютқазмаётганди. Ўшанда Германия 1:0 ҳисобида французларни енгиб, якунда дунёда тенгсизга айланганди.
Австралия - Дания 1:0
Тунис ва Франция жамоалари ўртасидаги ўйин билан параллел тарзда кечган тўқнашувда Австралия Дания билан куч синашди. Курашларга бой ўтган беллашувда "сариқ қитъа" вакиллари кичик 1:0 ҳисобида зафар қучди ва кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди.
Ягона гол 60-дақиқада Лекки томонидан урилди. У рақиб ҳимоячисини ажойиб тарзда алдаб, якунда дарвозабоннинг ҳам ожиз нуқтасини топди. Бу гол ўйинда ягоналигини сақлаб қолди ва "Соккеруз"га плей-оффда ўйнаш ҳуқуқини тақдим этди.
Австралия ўз тарихида иккинчи бор плей-оффга чиқди. Дастлаб, жамоа 2006 йили гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлганди.
Биринчи таймда Австралия посбони Мэтью Райян жамоасидаги барча футболчилардан кўпроқ пас берди. У шерикларига 13 марта узатма йўллаган.
Польша - Аргентина 0:2
Польша - Аргентина баҳси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Сабаби Левандовски бошчилигидаги польшаликлар шу тургача 1-ўринда, Месси етакчилигидаги аргентиналиклар иккинчи поғонада бораётганди. Шу ва бошқа сабабларга кўра ўйиннинг аҳамияти катта эди.
Беллашувда Жанубий америкаликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда Лионель Месси пенальтидан гол ура олмади. У 11 метрдан тепган тўпни Войцех Шченсни қайтарди.
47-дақиқада Алексис Макаллистер ҳисобни очди. Тайм ўрталарида Хулиан Альварес орадаги фарқни иккитага оширди. Аргентина очколари сонини 6 тага етказиб олган ҳолда, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритди ва нимчорак финалга йўл олди.
Месси пенальтидан тепган тўпни қайтарган Шченсни тарихга кирди. Дарвозабон жаҳон чемпионатида 2 та пенальтидан йўлланган зарбани қайтарган учинчи посбонга айланди.
Аввалроқ, Войцех Саудия Арабистонига қарши учрашувда ҳам 11 метрдан йўлланган зарбани бартараф этганди.
Месси ЖЧларида учинчи бор пенальти тепди. Уларнинг иккитасидан фойдалана олмади. У бу борада ганалик Асамоа Гьяннинг антирекордини такрорлади. У 4 та пенальтининг 2 тасидан фойдалана олмаганди.
Польша терма жамоаси 36 йил ичида илк бор жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқди. Польша терма жамоаси Мексика билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади, Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва Аргентинага 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Польша 4 декабрь куни нимчорак финалда Франация билан куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:00да бошланади.
Саудия Арабистони - Мексика 1:2
3-турдан ўрин олган Саудия Арабистони ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги баҳс 1:2 ҳисобида якунланди. Беллашувда қитъадошларимиз яна имкониятни бой берди.
47-дақиқада Мартин мексикаликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Чавез орадаги фарқни яна биттага ошириб қўйди. Қўшиб берилган дақиқаларда Ал Довсарий гол уриб, ҳисобни қисқартирди.
Саудия Арабистони гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Мексика эса тўплар фарқига кўра Польша билан бир хил очко тўплаб, 3-ўринда қолди.
ЖЧ-2022даги омадсизликдан кейин Эрон ТЖ устози Карлуш Кейруш ортидан мексикаликлар мураббийи Херардо Мартино лавозимини тарк этди.
Саудияликлар чемпионатнинг гуруҳ босқичида энг кўп сариқ карточка олган терма жамоага айланди. Эрве Ренар шогирдлари 3 та ўйинда 14 марта огоҳлантирилди. Бу мусобақа антирекорди ҳисобланади. Аргентина ва Мексика билан баҳсларда 6 тадан, Польшага қарши беллашувда эса саудиялик футболчилар 2 та сариқ олган.
Фикрлар