SPORTS.uz'да жаҳон чемпионати кундалиги (17-сон)

Қатарда жаҳон чемпионати давом этмоқда. SPORTS.uz сайти ижодкорлари ушбу мундиал кундалигини тақдим этади.

Неймар бошчилигидаги бразилияликлар тўхтади. Пентакампеонлар яна европа жамоасидан ўта олмади. Хорватия ирода кўрсатди.

Аргентина 2 та гол уриб, кейинги босқич ҳақида ўйлай бошлаганда, Нидерландия мувозанатни тиклади. Аммо европаликлар пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, мундиални тарк этди.

Хорватия - Бразилия 1:1 (пенальтилар серияси 4:2)

Жаҳон чемпионати чорак финал босқичи доирасида илк тўқнашув Хорватия ва Бразилия терма жамоалари ўртасида кечди. Қизиқарли ўтган баҳснинг асосий вақтида мухлислар гол кўрмади. Экстра-таймларда биттадан тўп киритган икки терма якунда пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Унда омад европаликларга кулиб боқди ва улар сенсацион тарзда мундиал асосий фаворитларидан бирини мусобақадан чиқариб юборди.

Голларнинг биринчисига Неймар муаллифлик қилди. У ўзи бошлаб берган ажойиб комбинацияни чиройли тарзда якунлади ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо 117-дақиқада характерга эга хорватлар мувозанатни тиклади. Оршичнинг узатмасидан сўнг Петкович аниқ зарбаси билан ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди. 

Хорватия сўнгги икки ЖЧ плей-офф ўйинларида 5 маротаба қўшимча-таймларга мурожаат қилди.

Тиаго Силва охирги 2 мундиал рамзий жамоасидан ўрин олганди. Бу сафар унга бундай шараф насиб этмайдиган бўлди.

Бразилияликларнинг ягона голини киритган Неймар терма жамоадаги голлари сони бўйича Пелега етиб олди. Унинг ҳисобида ҳам энди 77 гол мавжуд.

1992 йил ФИФА жаҳон рейтингини тузишни бошлагандан бери ҳали бирор марта пешқадам жамоа жаҳон чемпиони бўлмаган. Бу сафар ҳам анъана давом этди.

Хорватиялик дарвозабон Доминик Ливакович пенальтилар сериясида Родриго тепган тўпни қайтарди. Япония билан нимчорак финал босқичида эса у 3 та пенальтини қайтарганди. Шу тариқа, Доминик Ливакович пенальтилар сериясида сейвлар бўйича жаҳон чемпионати рекордини такрорлади. Футболчи битта мундиалда пенальтидан 4 та сейв амалга оширди ва бу ишни уддалаган учинчи дарвозабонга айланди. Бунгача 1990 йил Серхио Гойкочеа ва собиқ жамоадоши Даниэль Субашич 2018 йил мана шундай қаҳрамонлик кўрсатган.

Мардонавор тарзда ғалабани қўлга киритган Хорватия ярим финалга йўл олди. Бразилия аламли тарзда мундиал билан хайрлашди. Беллашувдан кейин "пентакампеонлар" бош мураббийи Тите расман истеъфога чиқарилди. Бунга жамоанинг мундиалда кўрсатган салбий натижалари сабаб бўлди. 61 ёшли мутахассис февраль ойида Қатардаги жаҳон чемпионати унинг учун Бразилия бошқарувидаги сўнгиси бўлишини айтганди. У 2016 йилда жамоани қабул қилиб олган.

 

Нидерландия - Аргентина 2:2 (пенальтилар серияси 3:4)

Чорак финалдан ўрин олган Нидерландия - Аргентина баҳси анча қизиқарли кечди. Бу ўйинда ҳам дастлаб гол ўтказиб юборган жамоа ирода кўрсатиб ўйинга қайта олди. Бироқ пенальтилар сериясида омад Жанубий америкаликларга кулиб боқди. Учрашувнинг асосий вақтида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Лотереялар баҳсида эса 3:4 ҳисобида Месси бошчилигидаги аргентиналиклар ғолиб чиқди.

Дастлаб, Молина ҳужумни ўзи бошлаб тўпни Мессига узатди. Лео эса очилиб бораётган Молинага заргарона пас берди. У Блинддан ўтиб, дарвозани ишғол қилди. 

73-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда Месси орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. У жамоадоши ишлаган пенальтидан самарали фойдаланди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Нидерландия қайта олди. Чап қанотдан оширилган тўпни Вегхорст боши билан тўрга киритди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида Вегхорст жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. 

Экстра таймларда дарвозаларга йўл топилмади. Натижада пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Лотереялар баҳсида аргентиналиклар 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финал йўл олди.

DSC04209

Аргентиналиклар сардори Лионель Месси жаҳон чемпионати тарихига кирди. Молинага берган голли узатма Месси учун мундиаллар плей-офф босқичидаги бешинчиси бўлди ва у Пеленинг рекордини янгилади. Пеле ҳисобида эса тўртта голли пас мавжуд.

Ўйиндан сўнг Луи ван Гал Нидерландия терма жамоа бош мураббийи лавозимини тарк этмоқчилигини билдирди. Шуни айтиш керакки, ван Галнинг Нидерландия бош мураббийлик лавозимига қайтганидан кейинги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Ушбу мутахассис қўл остидаги 14 ғалаба ва 5 дурангдан иборат серия якунланди.

Эътиборлиси, учрашувда ҳакам Антонио Лаос жами 17 та сариқ карточка кўрсатди. Бу ЖЧ антирекорди ҳисобланади. Ундан олдинги энг ёмон натижа 2002 йил Камерун – Германия беллашувида қайд этилганди: 12 та сариқ, 2 та қизил.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!