Станислав Андреев: “Биз ОЧЛ йўлланмаси учун охиригача кураш олиб борамиз”
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 23-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Олимпик” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 34 ёшли тажрибали ҳимоячиси Станислав Андреев бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Хабарингиз бор, ўтган турда Фарғонада бўлиб ўтган “водий дербиси”да зафар қучиб, муҳим очколарни қўлга киритдик. Шу боис, бўлажак баҳс олдидан кўтаринки кайфиятдамиз.
Гарчи “Олимпик” Суперлига дебютанти бўлса-да, жорий мавсум ўйинларини яхши ўтказиб, етакчи жамоаларга муносиб қаршилик кўрсатиб, очко олишга муваффақ бўлмоқда. Шунингдек, жамоамиз билан 1-даврада Тошкентда бўлиб ўтган беллашувда ҳам олимпиячилар дуранг натижани қайд этишганди. Шу боис, бўлажак ўйинда ҳам меҳмонлар муносиб ўйин намойиш этишга интилишади ва беллашув кескин курашлар остида кечади, деган умиддаман.
Аммо айни пайтда жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоамиз учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Шу боис, биз ҳам мазкур ўйиннинг қандай аҳамиятга эга эканлигини тушуниб турибмиз ҳамда бўлажак беллашувда ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашишга интиламиз ва буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Фақат ушбу ўйинда ишқибозлардан жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан.
“Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига қўйган юксак мақсад, яъни, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун охиригача кураш олиб боради ҳамда буни амалга ошириш учун биз қўлдан келганича ҳаракат қиламиз", - деди Андреев.
Манба: “Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар