Суперлига-2023. Илк турда тоза ўйин вақти қанча эди?
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳар турнинг тоза ўйин вақтларини эълон қилади. Ўқувчида таққослаш имконияти бўлиши учун машҳур Опта статистикасидан фойдаланилади. У орқали Ла лига, АПЛ ҳамда А Сериянинг 2022/23 йилги мавсумидаги барча ўйинларнинг ўртача тоза ўйин вақтини кўриш мумкин. Бунда албатта тезлик эмас, вақт масаласи назарда тутилган.
Суперлига илк турида "Насаф" — "Андижон" ўйини 66 фоизлик кўрсаткич қайд этган. Вадим Агишев бошқариб борган учрашувда тўхталишлар 87 тани ташкил қилади. Шу турдан ўрин олган ҳамда Фирдавс Норсафаров бошқариб борган "Турон" — "Бухоро" учрашувда тўхталишлар сони янада камроқ — 82. Бу эса фоизларда мазкур икки беллашув тоза ўйин вақти масаласида яхшироқ натижа қайд этишига замин яратган.
Бунда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш мумкин. Учрашув фаворити ҳисобланган "Насаф" мавсумни 3 очко билан бошлаш илинжида фаолликни дақиқама-дақиқа ошириб борган. Ўз навбатида "Андижон" ҳам учрашувни ортиқча чўзиш учун ҳаракат қилмаган ва якунда ғалаба голини уришга ҳам эришган.
Бекободда кечган ва Раҳимбек Каримов бошқариб борган "Металлург" — "Нефтчи" баҳсида турдаги энг паст кўрсаткич қайд этилган. "Нефтчи" биринчи бўлимнинг ўзидаёқ 2 та гол фарқи билан олдинга чиқиб олади. Сафарда ўйнаётганидан ва ҳисоб ўзини қониқтирадиган кўринишда эканлигидан келиб чиқиб, меҳмонлар иккинчи бўлимда темпни ортиқча оширишга интилмаган. Бу эса табиий ҳолат.
Маълумот учун, Туркия Суперлигаси етакчилари бўлган "Фенербаҳче" ва "Галатасарой" бир неча кун аввал ўзаро тўқнаш келишди. Туркия нашрлари мазкур беллашувда тоза ўйин вақти 43 дақиқани ташкил қилганига эътибор қаратди. Бир таймдан ҳам кам бу кўриниш сабабли учрашув мухлислар кутганидек ёрқин кечмади: қоида бузишлар, кўп тўхталишлар ва дуранг натижа.
Фикрлар