Суперлига. "Бунёдкор" "Қизилқум"га қарши ўйинни ўз майдонида ўтказмайди

Маълумки, “Бунёдкор” Суперлиганинг 15-тури доирасида ўз майдонида “Қизилқум” жамоасини қабул қилади.

Айни кунларда “Бунёдкор” стадиони чимини тўлиқ янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли "қалдирғочлар" уй учрашувларини бошқа ўйингоҳда ўтказади.

“Қизилқум”га қарши ўйин Олмалиқдаги ОКМК спорт мажмуасида ўтказилиши мумкин эди. Бироқ шу куни АГМК Суперлига доирасида “Локомотив” билан куч синашади.

“Пахтакор” 15-турни сафарда ўтказса-да, марказий стадионда Олий ўқув юртларига кириш учун давлат имтихонлари ўтказилиши туфайли бу имконсиз. 11 август куни “Қўқон-1912”ни қабул қиладиган “Олимпик”нинг уй ўйингоҳи ҳисобланган “Жар”да кетма-кет икки кун учрашув ўтказиш майдоннинг чимига салбий таъсир қилиши табиий.

Шу боис, “Бунёдкор” - “Қизилқум” беллашуви “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади. Бу масала бўйича “темирйўлчилар” ва мусобақа ўтказувчи ташкилот Ўзбекистон Профессионал лигаси билан келишувга эришилди ва томонларнинг розилиги олинди.

 

Манба: "Бунёдкор" ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!