Суперлига. "Динамо" - "Олимпик" ўйини қолдирилди, "Пахтакор" - "Металлург" баҳсининг санаси ўзгарди
Айни вақтда U23 Ўзбекистон терма жамоаси Қатарда бўлиб турибди. Эртага - 3 май куни жамоамиз U23 Осиё кубогининг финал учрашувида Японияга қарши саф тортади.
Мазкур беллашув олдидан Темур Кападзе Суперлига 6-туридан ўрин олган "Динамо"га қарши беллашувни қолдиришни сўради. Терма жамоа аъзолари 4 май куни тонгда Тошкентга етиб келади. Лига термамизнинг эҳтимолий финалда тўп суришини инобатга олиб, "Олимпик" иштирокидаги беллашувни турнинг энг сўнгги куни — 7 майга белгилаган эди. Шундай бўлса-да, мавжуд ҳолат инобатга олиниб, Лига Кападзенинг таклифини бу сафар ҳам қаноатлантиришга қарор қилди.
Шунингдек, 7 май кунги 1 та ўйин қолдирилганидан келиб чиқиб, ўша учрашув учун режалаштирилган техника билан "Пахтакор" — "Металлург" учрашуви ўтказилиши юзасидан келишилди. Яъни, "Пахтакор" иштирокидаги ўйин 6 май санасидан 7 майга кўчирилди.
Маълумот учун, U23 Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубогига жўнаб кетиши олдидан Суперлига 5-туридан ўрин олган уч учрашув: "Насаф" — "Навбаҳор", "Нефтчи" — "Пахтакор", "Металлург" — "Олимпик" беллашувлари ҳам қолдирилганди. Эндиликда қолдирилган беллашувлар сони 4 тани ташкил этмоқда. Уларнинг қачон ўтказилиши кейинроқ маълум қилинади.
Фикрлар