Суперлига ғоясига 20 йилдан ошди. Унинг тарихи ҳақида биласизми?
Якшанба куни Европанинг 12 та клуби Суперлига ташкил этилганини эълон қилди. Сильвио Берлускони бу ҳақда биринчи марта 80-йилларнинг охирида гапирган ва орадан 10 йил ўтиб, биринчи лойиҳа пайдо бўлган эди. Келинг, янги ташкил этилган супер турнир тарихи ҳақида қисқача ҳикоя қиламиз.
1998 йил: Европа Суперлигасини яратиш ғояси 90-йилларнинг ўрталарида А Серияни намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олган Италиянинг Media Partners International (MPI) компанияси асосчиси Родолфо Хехт томонидан илгари сурилган.
Хехтнинг фикрига кўра, Суперлига иккита дивизиондан иборат бўлиши керак эди. Биринчи дивизионда ҳар қандай ҳолатда ҳам қуйи лигага тушириб юборилмайдиган 16 та гранд клуб икки даврали тизимда ўйин ўтказади. Иккинчи дивизионда Европанинг кучли чемпионатларида юқори ўринларни эгаллаган 16 та клуб иштирок этиши лозим эди. У ўша пайтдаёқ ҳар бир клубга бир мавсум учун телетрансляцияларнинг ўзидан эквиваленти ҳозирги 30 млн еврога тенг бўлган маблағ тўлашга ваъда берган.
Хехт олдида фақатгина клубларни кўндириш вазифаси қолган эди холос. У гранд клублар бошлиқлари билан учрашди ва оммавий ахборот воситаларида бу ғояни тарғиб қилди, аммо кейинчалик вазиятга УЕФА аралашди ва унинг лойиҳасига қўшилган ҳар қандай жамоа ФИФА ва УЕФАнинг барча мусобақаларидан четлаштирилиши ҳамда ушбк жамоа футболчилари жаҳон чемпионатида ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши билан қўрқитди (ҳозир ҳам ҳудди шундай вазият юзага келган). Кейинроқ, УЕФА топ клублар билан еврокубокларни ислоҳ қилиш бўйича келишиб олган. 1999/00 йилги мавсумдан бошлаб Кубок эгалари кубоги бекор қилинди, Чемпионлар лигаси иштирокчилари сони 24тадан 32тага кўпайтирилди ва иштирокчи жамоаларга тўланадиган умумий маблағ 590 млн еврога етди. Ғолиб жамоа 44-55 млн евро оладиган бўлди. Таққослаш учун, аввал бу мусобақа ғолибига 10 млн евро бериларди.
Бир сўз билан айтганда, 1998 йилда инқилоб рўй бермади, аммо Хахтнинг ғояси бу билан йўқ бўлиб кетмади.
2009 йил: Кейинги ўн йилликда Суперлига ҳақида камдан-кам гапирилди, аммо шу вақт ичида Европанинг гранд клублари УЕФАга босим ўтказиш учун G-14 ни ташкил қилишди. Кейинчалик, бу Европа клублари ассоциациясига айланди.
2009 йилда Флорентино Перес "Реал" президентлигига қайтди ва янги турнир яратиш ҳақида гапира бошлади. "Биз ҳар доим энг яхшилар энг яхши ўйин кўрсатишини таъминлайдиган Европа Суперлигаси тўғрисида келишиб олишимиз керак", - деган эди Перес.
Худди шу йили Арсен Венгер бўлажак Суперлига ҳақида огоҳлантирди: “Балки ўн йилдан сўнг биз янги Европа лигасига эга бўлармиз. Чемпионлар лигаси олиб келадиган пул топ-клубларни қаноатлантирмайди".
2016 йил: "Арсенал", "Челси", "Ливерпуль", "Манчестер Сити" ва "Манчестер Юнайтед" вакиллари америкалик инвестор ва "Майами Долфинс" клуби эгаси Стивен Росс билан Суперлига яратиш имкониятларини муҳокама қилишди. Ўша пайтга қадар Росс аллақачон битта йирик мусобақани - 2013 йилдан бери ўтказиб келинаётган Халқаро чемпионлар кубоги (International champions cup) мусобақасини ташкил қилиб улгурган эди.
Бунга жавобан УЕФА Европанинг энг яхши 16 та жамоаси билан ёпиқ лига тузишни муҳокама қилди. Аммо бу режа тезда рад этилади ва ҳудди аввалгидек гранд клубларга имтиёзлар берилди. Унга кўра, энди тўртта энг юқори рейтингга эга бўлган чемпионатларнинг тўртта кучли жамоаси автоматик равишда Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўл олади.
2018 йил: Football Leaks маълумотларига кўра, топ-клублар янги турнир тузиш бўйича махфий музокаралар олиб боришган. Ўшанда «Бавария», «Реал», «Милан», «Арсенал», «Барселона», «Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед» клублари УЕФАнинг ортидан иш қилишни бошлаган.
2019 йил: The New York Times нашри Перес Суперлига яратиш ғоясини ФИФА президенти Жанни Инфантино ва Европанинг баъзи гранд клублари раҳбарларига таклиф қилганини ёзди. Аммо “Ювентус” президенти Андреа Аньелли бошчилигидаги Европа клублари ассоциацияси (ECU) ўшанда УЕФА томонида эди. У Чемпионлар лигасининг янги форматини ишлаб чиқди ва Суперлига яратиш ғоясини рад этди. Аммо тез орада "Юве" хўжайинининг фикри тубдан ўзгара бошлайди.
2020 йил: Энди ҳаммаси жиддийлашди. Гранд клублар ФИФА билан ҳамкорликда Европа премьер-лигасини тузишмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мусобақанинг тахминий бошланиш санаси 2022 йил деб белгиланди. JPMorgan банки турнирни яратиш учун 4,6 млрд фунт маблағ ажратиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Мусобақа форматига кўра, лигада 18 та жамоа уй-сафар тизимида ўйинлар ўтказади ва кучлилар плей-оффга йўл олади. Турнирни ҳар қандай натижа қайд этилган тақдирда ҳам ҳеч қайси жамоа тарк этмайди. УЕФА доимгидек бунга қарши.
2020 йил октябрь ойида Хосеп Бартомеу "Барселона"дан кетиши арафасида каталонияликлар Суперлигага қўшилишга рози эканлигини эълон қилади. Аммо қолган грандлар ҳали ҳам жим эди.
Шундан сўнг УЕФА яна грандларга ён бериб, Чемпионлар лигасини ислоҳ қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишга киришди. Ташкилот эълон қилган форматга кўра, янгиланган турнирда жамоалар сони ошади ва 32 тадан 36 тага етади, гуруҳ босқичи ва швейцарча тизим бекор қилинади. УЕФА бу ўзгаришлар орқали гранд клубларни тинчлантириб, уларни Суперлига ғоясидан яна воз кечишига умид қилди. Аммо...
2021 йил: ФИФА ва УЕФА иштирокисиз янги турнир яратилди. Европа футболида ҳақиқий инқилоб амалга оширилди.
Фикрлар