Суперлига иштиёқида "ёнаётган" "режиссёр"лар ёхуд про лигадаги мураббийлар ҳақида нималарни биламиз?

Про лиганинг жорий йилги мавсуми ҳам кутилганидек қайноқ муҳитда, шиддатли баҳслар билан бошланди. Бунда бош мураббийларнинг ҳам роли катта бўлиши шубҳасиз. Бугунги мақола орқали у ерда ишлаб, Суперлигани кўзлаётган “режиссёрлар” (бош мураббий) ҳақида сўз юритамиз.

Виктор Кумиков – “Андижон” бош мураббийи

Про лигада ишлаётган бош мураббийлар орасида кам сонли хорижлик мутахассис. Биласиз, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмидан россиялик мураббий “Андижон”га қайтиб, иш бошлади. Бироқ унинг жамоаси омадсизлик туфайли Суперлигани тарк этди. Шундай бўлса ҳам, жамоа раҳбарияти Кумиковга ишонч билдиришни лозим топди. Мураббийнинг ўзи ҳам жамоани бундай ҳолатда ташлаб кета олмаслигини билдирди ва “Андижон”ни кучлилар орасига қайтаришга ваъда берди. Шу боис, ҳамкорлик яна давом эттирилмоқда. Лекин кўриб турибмизки, про лига ҳам оддий лига эмас. Бу ерда ҳам савия ўсяпти. Демак, дастлабки тўртта ўйиндан хулоса қиладиган бўлсак, Виктор Балютович ва унинг жамоаси жиддий курашишига тўғри келади.

кумиков3_6

Дилявер Ваниев – “Машъал” бош мураббийи

“Андижон” каби “Машъал” ҳам ўтган мавсумда Суперлигада омадсиз иштирок этиб, Суперлигани тарк этди. Ваҳоланки, муборакликларда лигада қолиш учун яхши имконият бор эди. Плей-оффда “Олимпик”ка ютқазиб қўйган ҳолда мухлисларининг хафсаласини пир қилди. Шундан кейин раҳбарият бош мураббий Александр Хомяковни истеъфога чиқарди. Ўрнига Дилявер Ваниев тайинланди. Кўп йиллардан бери “Машъал”да ишлаб келаётган Ваниев бу лавозимга биринчи бор тайинланиши эмас. Илгари ҳам ишлаган ва бунинг масъулиятини яхши билади. Ҳозирда “Машъал”нинг про лигадаги натижалари чакки эмас.

Ҳаким Фузайлов – “Бухоро” бош мураббийи

Тожикистонлик мураббийни яхши биласиз. Ўтган йили ҳам про лигада ишлади. Фақат Самарқанднинг “Динамо”сига устозлик қилиб, бу жамоани Суперлигага олиб чиқди. Лекин элитада Ҳаким Қаюмовичга ишлаш насиб қилмади. “Динамо” бошқа мураббийни олиб келди. Бу ёқда “Бухоро” Фузайлов билан Суперлигага чиқмоқчи бўлди ва мураббийни ишга таклиф қилди. Хўш, бу сафар тожикистонлик мутахассис бошқарувидаги клубни Суперлигага олиб чиқа олармикин?

фузайлов_7

Анвар Бердиев – “Турон” бош мураббийи

Ўтган йили Суперлигада дебют мавсумини ўтказган “Турон” яна ортга қайтганини яхши биласиз. Ёш жамоа бўлса-да, катта ишларни амалга оширяпти. Клуб раҳбарияти муваффақиятсизликка қарамасдан, тушкунликка тушиб қолмади. Бу йил яна Суперлигага қайтиш вазифасини қўйди. Энди бу ишни Анвар Бердиев бошчилигида амалга оширишмоқчи. Ўтган йили “Истиқлол”, “Бухоро” каби жамоаларда ишлаган мураббий бу гал мустақил равишда жиддий ишга киришди.

анвар_3

Руслан Аҳмедов – “Хоразм” бош мураббийи

Охирги марта элитада 2010 йили иштирок этган “Хоразм” шундан буён кучлилар орасида кўриниш бермай қўйди. Про лигада бу клубнинг ўз ўрни бор. “Хоразм” клуби директори Мақсуд Каримов жамоа учун жиддий қайғураётган инсонлардан бири. Эшитишимизча, у ҳатто чўнтагидан клубнинг равнақи учун пул сарфлаяпти. Аммо “Хоразм”ни қачон Суперлигада кўрамиз? Буниси ҳозирча мавҳум. Жамоа шунга яраша шаклланиши керак. Бу йил бош мураббийликка Руслан Аҳмедов таклиф қилинди. Олдинги мавсумда “Хоразм”ни Александр Ежов бошқарганди. Аҳмедов илгари “Сўғдиёна” мураббийлар штабида ишлаганини яхши эслаймиз. Дастлабки таассуротларимиз шундайки, “Хоразм” айниқса фаворитларга жиддий муаммо туғдиради.

Баҳодир Шоймардонов – “Ғиждувон” бош мураббийи

Про лигада Бухоро вилоятидан иккита клуб қатнашяпти. Бош жамоадан ташқари “Ғиждувон” ҳам бор. Ушбу клубни Баҳодир Шоймардонов бошқаряпти. У Қашқадарёнинг Ғузоридан. Илгари “Машъал” клуби академиясида фаолият олиб борган. Бу йил “Ғиждувон”га устозлик қиляпти. Гарчи жамоаси ютқазаётган бўлса-да, ўйини ёмон таассурот қолдирмаяпти.

Бекзод Қодирқулов – “Янгиер” бош мураббийи

Бу йил “Янгиер” ҳам таркибини анча-мунча кучайтириб олди. Айниқса, Суперлигада тўп сурган ва унинг ҳавосини олган бир қатор футболчилар “Янгиер” жамоаси билан шартнома имзоладилар. Жамоа эса бош мураббий Бекзод Қодирқуловга ишониб топширилган. Ёдингизда бўлса, ўтган йили Азамат Абдураимов ҳам “Янгиер”га бош мураббийлик қилганди. Аммо унинг жамоадаги фаолияти узоққа чўзилмаган. Кейинчалик раҳбарият Қодирқулов номзодини маъқул кўрди.

бекзод_1

Тимур Турдиев – “Арал Самали” бош мураббийи

Нукуснинг “Арал Самали” клуби ҳам про лига иштирокчилари орасидан жой олган. Ушбу жамоага Тимур Турдиев устозлик қиляпти. Мухлислар уни яхши эслашса керак. Футболчилик фаолияти давомида Суперлиганинг қатор клублари шарафини ҳимоя қилган. Ҳозир мураббий сифатида ишга киришган ва про лицензиясини қўлга киритиш арафасида. У “Арал Самали”ни қай даражада бошқара олади? Албатта, бу осон бўлмаган иш. Барчасини вақт кўрсатади.

Асрор Алиқулов – “Шўртан” бош мураббийи

Анчадан бери “Шўртан”га содиқлигини кўрсатиб келаётган Алиқулов бу йил ҳам жамоа билан бирга қолди. Клуб жуда кўп қийинчиликларни кўрди, пулсиз қолди. Шундай пайтларда ҳам Асрор Чориевич ватанпарварлик ҳислатини кўрсатди. Яхши таклифлар бўлганида ҳам “Шўртан”ни ташлаб кетмади. У ўз услубига мос тарзда жамоа қурди. Қиммат ўйинчилари йўқ. Асосан ёшлар ва про лигада тўп суриб келаётган футболчилардан иборат клубни ташкил қилди. Албатта, кун келиб Алиқулов қилаётган меҳнатларининг самарасини кўради.

асрор_5

Асқар Умаров – “Зомин” бош мураббийи

Жиззахнинг “Зомин” жамоаси ҳам анчадан бери про лига вакили ҳисобланади. Асқар Умаров эса адашмасак, бир неча йилдан буён клуб тизимида ишлаб келяпти. Жорий мавсумда “Зомин” раҳбарияти бош мураббий лавозимини унга ишониб топширишган. Маҳаллий мураббий ҳозирча ёмон таассурот қолдирмаяпти. Ҳар холда “Андижон”, “Бухоро” каби етакчилардан очко тортиб олди. Қолганини вақт кўрсатади. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!