Суперлига. Кетма-кет учинчи турдирки у энг зўри
Суперлигада 23-тур ҳам ниҳоясига етди. 31 октябрда бошланган ўйинлар 3 ноябрга келиб якунланди. Турли хил натижалар қайд этилган учрашувларда одатдагидек унинг қаҳрамонлари бор.
“Пахтакор” – “Андижон” – 3:1. Энг яхши футболчи: Улуғбек Ҳошимов
Турни бошлаб берган “Пахтакор” – “Андижон” қарама-қаршилигида мезбонлар 3:1 ҳисобида устун келди. Ўйинда биринчи голни урган ҳужумчи Улуғбек Ҳошимов ниҳоят ўзи учун билдирилаётган танқидларни йўққа чиқарди. “Андижон”га қарши учрашувда Ҳошимов ўзини кўрсата олди.
“Локомотив” – “Насаф” – 0:1. Энг яхши футболчи: Акмал Мозговой
“Насаф” кутилганидек ушбу турда илк бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Сафарда “Локомотив”га қарши оғир учрашувда “Насаф” Акмал Мозговойнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонди ва чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштирди. Ҳал қилувчи голни урган Мозговой алоҳида ажралиб кўрсатилди ва беллашувнинг энг яхшисига айланди.
“Сўғдиёна” – “Сурхон” – 2:4. Энг яхши футболчи: Абдуғофур Ҳайдаров
Суперлиганинг ушбу турида энг томошабоп ўйин шубҳасиз Жиззахдаги учрашув билан боғлиқ. Майдон эгалари аввалига 2:0 ҳисобида олдинда эдилар. Ҳаммаси иккинчи бўлимда ўзгариб кетди. Захирадан майдонга тушган “Сурхон”нинг ёш ҳужумчиси Абдуғофур Ҳайдаров 15 дақиқа ичида хет-трикка эришди. Якунда эса “Сурхон” сафарда қийин рақиб устидан иродали тарзда 2:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳайдаров учта учрашувдан бери майдонни голсиз тарк этмаяпти. Хет-трик қайд этган футболчи табиийки энг зўри.
“Олимпик” – “Навбаҳор” – 1:2. Энг яхши футболчи: Жамшид Болтабоев
19 ва 72-дақиқаларда “Навбаҳор” ярим ҳимоячиси Жамшид Болтабоевнинг киритган голлари “Навбаҳор”га меҳмонда “Олимпик” устидан 1:2 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди. Табиийки, илк бор дублга эришган Болтабоевдан кўра шу куни энг яхши ўйинчи номига муносиброғи йўқ эди.
“Қизилқум” – “Динамо” – 1:2. Энг яхши футболчи: Анвар Ҳожимирзаев
Бу йил “Динамо”нинг етакчисига айланишга улгурган ҳужумкор ярим ҳимоячи Анвар Ҳожимирзаев ўтган турда ўзини кўрсата олмаганди. Бу сафар “Қизилқум”га қарши учрашувда самарқандлик ишқибозлар яна аввалги Ҳожимирзаевни кўрдилар. Анвар учрашувда биринчи голни урди. “Қизилқум” футболчиларига етарлича муаммолар туғдирди. Хуллас, Ҳожимирзаев яна ўз темпида.
“Нефтчи” – “Бунёдкор” – 2:1. Энг яхши футболчи: Анвар Ғофуров
“Нефтчи” сардори Анвар Ғофуров кетма-кет учинчи ўйиндирки учинчи голини уряпти ва учинчи марта кетма-кет учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилмоқда. “Бунёдкор”га қарши учрашувда у 85-дақиқада жамоасининг иккинчи голини киритди. Анвар Ғофуров бугунги кунда “Нефтчи”нинг энг асосий фигурасига айланган. Буни натижалар ва статистикалар тасдиқлаб турибди.
“Металлург” – ОКМК – 1:1. Энг яхши футболчи: Олександр Кучеренко
Ғалабага ташна бўлиб турган “Металлург” бу турда Тошкент дербисида ОКМК билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Охирги ўриндаги Бекобод жамоаси совринли ўринлар учун курашаётган Миржалол Қосимов жамоасига қарши яхши ўйин кўрсатди. “Металлург”нинг легионер ҳимоячиси Олександр Кучеренко учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Ўйинни кўрган бўлсангиз, у ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам жон куйдириб ўйнади ва майдонда матонат кўрсатди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар