Суперлига марказлашган ҳолда ўтказилмаслиги мумкин

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида Coca Cola Суперлиганинг сўнгги 4 та турини пойтахтда марказлашган ҳолда ўтказиш бўйича бош мураббийлар билан ўтказилган сўровномада аксарият мураббийлар мухлисларнинг стадионга ташрифини инобатга олган ҳолда, уй-сафар тизимини сақлаб қолиш керак, деган фикрга келганини маълум қилди.

"Агар август ойида марказлашган мусобақа қила олмаганимизда эди, биз ҳозир 18-турни ҳам ўтказа олмаган бўлардик. Ўша мусобақа лиганинг ютуғи бўлди.

Сўнгги тўрт турда 14 клубнинг барчаси иккитадан уй ва иккитадан сафар учрашувида иштирок этиши керак — бу борада тенглик. Мухлислар учрашувларни кузатишлари учун эндигина имконият пайдо бўлди ва кўряпмизки, улар стадионларга қайтишяпти. Футбол эса айнан улар учун ўйналади.

Нейтрал майдонлар масаласида, ЎзПФЛ клублар билан фикр алмашиб, уларнинг овозларидан келиб чиққанди. Бугун Суперлига бош мураббийлари билан боғланиб, бирма-бир фикр алмашдик. 10 та клуб бош мураббийи айнан мухлислик факторидан келиб чиқиб, уй-сафар тизимида мусобақани якунлашга рози бўлди. Бу биз учун муҳим нуқта ва ишонаманки, тез орада сўнгги тақвимни эълон қилиш имкониятимиз бўлади", - деб ёзади Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!