Суперлига ўйинларининг VAR тизимида аёл ҳакамлар ишлайди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, Суперлиганинг 4-туридан бошлаб ҳар бир турда 2 тадан ўйинда VAR тизимидан фойдаланилади ва ушбу ўйинларда аёл ҳакамлар ишлайди.
"VAR тизимидан фойдаланишни бошладик. Дастлабки уч турнинг ҳар бирида биттадан учрашувда VAR ишлайди. Кейин бир турда 2 тадан учрашувда ишлатишга ўтиш режамизда бор.
Ўзбекистон ўз ҳаракатлари эвазига аёл рефериларга ФИФА томонидан VAR лицензиясини олиб берган Осиёдаги илк мамлакат эканини кўпчилик билмаса керак. Эдита Мирабидова ҳамда Кристина Череда аллақачон ФИФА лицензиясига эга. Улар Coca-Cola Суперлига 2-туридан бошлаб, амалий билимларини бойитишга ўтади. Шунингдек, Зилола Раҳматова ҳам шунга интиляпти. Бу борада уларга Фарҳод Абдуллаев яқиндан кўмак беради.
Осиё қитъасида, шунингдек, австралиялик аёл ҳакамда ҳам ФИФА лицензияси мавжуд. 2019 йил Францияда ўтган аёллар ўртасидаги мундиал орқали у шунга эришган. Биз эса миллий даражада ФИФА билан ҳамкорлик қилаётган қитъадаги биринчи мамлакатмиз. Насиб қилса, бу ҳакамларимиз 2023 йили Австралия ва Янги Зеландия мезбонлик қиладиган мундиалда ишлаши мумкин", - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар