Суперлига. Янги мавсумда учта ҳолат бўйича олинган сариқ карточка учун жарима тўланади

Лига жорий мавсум тоза ўйин вақти ва жисмоний тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилган. Бу чемпионат савияси янада ошиши йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Расмий сайт орқали 2023 йилги мавсумда тоза ўйин вақти масаласи ёритиб борилди. Бу билан Лига антифутболга сабабчи бўлаётган футболчилар, мураббийлар ва албатта ҳакамлар масаласига урғу берди. Афсуски, аксар ҳолатларда ижобий натижа қайд эта олмаётган клуб ёки расмий шахс ҳакамлик мавзусини асосий планга олиб чиқишга ҳаракат қилади. Лига эса қатор ҳолатларда салбий натижага ҳакам эмас, ўз ишига профессионал муносабатда бўлишни уддалай олмаётган футболчи ёки мураббийлар ҳам бирдек жавобгар эканлигини исботловчи фактларга эга. Қулай имкониятлардан фойдалана олмаслик, тўпни арзимаган ҳолатларда йўқотиш, жисмоний тайёргарлик масаласи каби ҳолатлар бир четда қолиб, асосан ҳакам қарори муҳокама қилинадиган жиҳатлар жорий мавсум инобатга олинади. Ҳакам ҳам, футболчи ҳам, мураббий ҳам хатолардан ҳоли бўла олмайди. Қасддан қилинаётган хатоларга нисбатан ҳакамларга жиддий чоралар кўрилаётгани маълум.

Тоза ўйин вақтига путур этказаётган ҳолатлардан бири сифатида ўтган мавсум битта учрашувда бир ўзи 12 дақиқа вақтни йўқ қилган дарвозабонга эътибор қаратилганди. Шунингдек, вақтни ҳакам билан тортишиш учун кетказаётган, ВАР мутахассиси билан боғланаётган ҳакамга ўз ишини бажаришда ҳалал бераётган футболчи ва мураббийлар учраб туради. Айёрлик билан ҳакамни чалғитишга бўлган уринишлар ҳам йўқ эмас. Шулардан келиб чиқиб, қуйидаги ҳолатлар бўйича огоҳлантирилган футболчилар 2024 йилдан бошлаб жаримага тортилади:

a) ўйин вақтини чўзиш оқибатида олинган сариқ карточка;
b) ҳакам билан тортишиш оқибатида олинган сариқ карточка;
c) ҳакамни чалғитиш (симуляция) оқибатида олинган сариқ карточка.

Ассоциация ҳамда Лига Тартиб-интизом масаласини тартибга солувчи регламентга киритилаётган ўзгаришлар тўлиқ тасдиқлангунига қадар ўзаро келишган ҳолда мазкур масала кучга киришини кечиктирмасликка қарор қилди. Аввалроқ футболчининг функционал ҳолатини масофадан туриб мониторинг қилиш имконини берувчи технология ва унинг хулосалари Ассоциацияга тақдим этилиши жиддий назоратда бўлиши айтилганди. Шунингдек, ҳар бир футболчи статистикасини ҳисоблаб борувчи компания билан ҳам тез орада Суперлиганинг барча клуби шартнома имзолайди. Бу ўз навбатида ўз позицияси ва йўналишида энг яхшиларни саралаш имкониятларини кенгайтиради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Холмуродов Санжар
01/03/2024 16:01
Bu superligada oʻyinlarni saviyasini albatta oshiradi
&
Gayratjon
01/03/2024 15:41
Pul tushimini yangi usuli. Butun dunyoda shundaymi faqat Uzb dami