Суперлигада 11-турнинг тўлиқ тафсилотлари
15-16 июнь кунлари Суперлигада 11-тур ўйинлари ўтказилди. Учрашувларда пойтахтнинг икки жамоаси йирик ғалабага эришди. Уларнинг таъқибчилари эса очко йўқотишди ва имкониятни бой беришди. Натижада тошкентликлар қолганлардан сезиларли даражада ўзиб кетишди.
Қуйида турнинг тўлиқ тафсилотлари билан танишишингиз мумкин.
ҚЎҚОН-1912 – ДИНАМО 2:2
Ниҳоят, қўқонлик футбол ишқибозлари орзиқиб кутган онлар ҳам келди. Замонавий кўринишга келтирилган “Марказий” ўйингоҳда ушбу мавсумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Лекин стадионда мухлислар кўпчиликни ташкил этмасди. Бу балки охирги пайтларда қайд этаётган натижа билан боғлиқдир.
Ўйин мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. 8-дақиқада қўқонликлар рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятни юзага келтиришди. Қувондиқ Рўзиев шериги Муҳаммаданас Ҳасановни ҳужумга бошлаганди. Дарвозабон эпчилик қилди.
“Қўқон-1912” вакиллари 20-дақиқада стандарт вазиятдан кейин ҳисобни очишди. Жарима майдонига оширилган тўпни рақиб ҳимоячиси Бобур Қосимов ўз дарвозасига йўллаб қўйди.
Суҳроб Бердиев орадан кўп вақт ўтмай Миркомил Локаевни ўз жарима майдончасида қўполик билан тўхтатди. Пенальтидан Жасур Азимов самарали фойдаланди.
28-дақиқада яна мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бу сафар ҳам Жасур Азимов посбонни доғда қолдирди.
Тайм охирида стандарт вазиятдан кейин Марко Милич рақиб дарвозасини ишғол этганди. Ҳакамлар гол урилган вазиятда ҳимоячи ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди, деб ҳисоблашди ва голни инобатга олишмади.
Иккинчи тайм қўқонликлар учун омадли бошланди. Бу сафар ҳам “Динамо” футболчиси автогол муаллифига айланди. Учрашувда ҳисоб бошқа ўзгармади.
Голлар: Бобур Қосимов автогол 20, Жасур Азимов пенальти 24, Жасур Азимов пенальти 29, Миркомил Лоқаев автогол 46
“Қўқон-1912”: Сарвар Каримов, Муҳаммаданас Ҳасанов (Шаҳбоз Эркинов, 62), Қувондиқ Рўзиев (Беҳруз Саъдиллоев, 73), Авазхон Маматхўжаев, Ойбек Рустамов, Суҳроб Бердиев, Иқболжон Маликжонов, Тимур Усмонов (Жавоҳир Эсонқулов, 46), Александр Мерзляков, Марко Милич, Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: Ислом Абдуллаев, Жамшид Ҳасанов, Тимур Ҳакимов, Жасур Ҳасанов.
“Динамо”: Ботирали Эргашев, Миркомил Лоқаев, Ҳакимхон Аъламхонов, Жасур Азимов, Қадамбой Нурметов (Амиржон Сафаров, 46), Бобур Қосимов, Дамир Темиров (Сирож Ҳамроев, 71), Сардорбек Эминов (Низомжон Норов, 90), Жасур Ўринов, Ихтиёр Тошпўлатов, Шоҳруҳ Абдураҳмонов.
Захира: Шоҳжаҳон Эшбўтаев, Аваз Агалиев, Воҳид Шодиев, Санжар Баратов, Обид Ҳакимов, Дилмурод Каримов.
Огоҳлантиришлар: Суҳроб Бердиев 23, Ҳакимхон Аъламхонов 33, Ойбек Рустамов 40, Марко Милич 59, Шоҳруҳ Абдураҳмонов 59, Авазхон Маматхўжаев 82.
5150 томошабин.
Азиз Тўхтабоев (“Қўқон-1912” жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарувчи): - Бугунги ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилишни мақсад қилгандик. Вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз панд берди.
Жамоада қанча қолишим натижаларга боғлиқ. Бугунги баҳсда рақибни хато қилишга мажбур этмаганимизда автоголлар бўлмасди. Қолаверса, пенальти белгиланган вазиятларда ҳам футболчиларимиз хатоларга йўл қўйишди. Акс ҳолда рақиб тўртта гол урмасди.
Қувондиқ Рўзиевни алмаштирганим ундаги чарчоқ билан боғлиқ. Қувондиқ терма жамоада ҳам анча куч сарфлади.
Даврон Файзиев:- Қўқон аҳлини бугунги стадионнинг очилиш маросими ва жамоанинг ўз уйига қайтгани билан табриклайман. Айнан мазкур қувончли кунда рақиб сифатида тўқнаш келганимиздан хурсандмиз.
Мухлисларга ёқадиган, ҳужумкор ўйин намойиш этишга ҳаракат қиляпмиз. Ишқибозлар завқ оладиган ўйин гувоҳига айланишди.
Давралар оралиғида қандай ўзгаришлар бўлади? Ҳар бир мураббий кучли футболчини таркибга қўшиб олишни истайди. Аммо қанчалик бунга имкониятимиз етади? Тан олиш ҳам марднинг иши, аммо молиявий жиҳатдан Суперлигада сўнгги ўринда бўлсак керак. Биз таклиф билдирган футболчига шароитларимиз ёқадими, бу ҳам муҳим. Масалан, Суҳроб Бердиев, Мурод Холмуҳаммедов билан бирга ишлаганман. Қувондиқ Рўзиевни ҳам "Сўғдиёна"ни бошқарган вақтларимда Жиззахга олиб келишни истагандим, аммо молиявий қийинчиликлар бунга йўл қўймаганди. Шу боис масаллиққа қараб овқат тайёрлашга ҳаракат қиламиз.
Бизнинг жамоада лидерлар йўқ. Холмуҳаммедов каби етакчи футболчилар етишмаяпти. Шу томонлама камчиликларимиз бор.
ЛОКОМОТИВ – СУРХОН 5:1
Беллашувдан аввал футбол жамоатчилиги “Сурхон” Тошкентда очко олиб кетишини тахмин қилишаётганди. Чунки сурхонликлар устози Андрей Микляев “Локомотив”да бир неча йил мураббийлик қилган ва жамоани яхши билиши боис шундай хулосага келинганди. Аммо чемпион дебютантни “аяб” ўтирмади.
4-дақиқада Жамшид Искандаров зарба берди. Дарвозабондан қайтган тўпни Темурхўжа Абдухолиқов тўрга йўллади. Лекин ўйиндан ташқари ҳолат туфайли гол инобатга олинмади.
Кейинроқ Ислом Тўхтахўжаев бурчакдан узатилган тўпни тўрга жойлади.
Тайм ўрталарида Йован Жокич деярли 30 метрлар узоқликдан дарвозани ишғол қилди.
67-дақиқада Абдухолиқовнинг пасидан сўнг Арсланмурат Аманов таблога ўз номини ёздириб қўйди. Учрашувда ассистентлик қилаётган Темурхўжа Абдухолиқов ҳам жарима майдони ичидан гол урди.
Иккинчи таймда захирадан ўйинга қўшилган Аббосбек Махсталиев яқин масофадан гол уриб, ҳисобни қисқартирди. Аммо 88-дақиқада Азизбек Амонов ўз акаси қўриқлаётган дарвозани ишғол этиб, беллашувга нуқта қўйди.
Голлар: Ислом Тўхтахўжаев 16, Йован Жокич 27, Арсланмурат Аманов 67, Темурхўжа Абдухолиқов 74, Аббосбек Махсталиев 79, Азизбек Амонов 88
“Локомотив”: Жавоҳир Илёсов, Анзур Исмоилов, Азизбек Ҳайдаров (Азизбек Амонов, 46), Жамшид Искандеров, Темурхўжа Абдухолиқов (Жавоҳир Алижонов, 80), Ислом Тўхтахўжаев, Йован Жокич, Давронбек Ҳошимов, Олег Зотеев, Арсланмурат Аманов (Диёржон Туропов, 73), Игорь Йелич.
Захира: Маъмур Икромов, Ҳусниддин Ғофуров, Жалолиддин Жумабоев, Умар Адҳамзода, Владислав Фомин, Бобур Эргашев.
“Сурхон”: Асилбек Амонов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Аюбхон Нўъмонов, Раҳматулло Бердимуродов, Шерзодбек Каримов (Аббосбек Махсталиев, 66), Шавкат Саломов (Шерзод Ҳакимов, 87), Абдул Азиз Юсупов (Азамат Алланиязов, 72), Аброрбек Исмоилов, Владимир Бубанья, Аъзам Алиев, Дарко Станоевич.
Захира: Азамат Аҳмедов, Нажмиддин Нормуродов, Равшанбек Хурсанов, Убайдулло Холиқулов, Мирзакамол Камолов, Суҳроб Неъматов.
Огоҳлантиришлар: Ислом Тўхтахўжаев 36, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров 45+1, Асилбек Амонов 57.
3158 томошабин.
Андрей Микляев: - Бугун бизда ўйин руҳи умуман йўқ эди. Муаммо нимада билмадим. Ўйлашимча, муаммо клубда. Менимча, футболчиларнинг ҳаётида муаммолари бор. Уларда хоҳиш, истак кўринмади. Барча бир-биридан хафадек. Аммо ҳаракат қилдик. Футболчиларим ўйнашни исташмади.
Бир ўйинчимиз жароҳатланган. Марказдагилар сафимизда эмас. Ғофуровнинг ўйинда йўқлиги яққол сезилди. Шундан кейин қўл остимиздаги футболчиларимиз билан майдонга тушдик. Ҳаттоки, айрим вақтларда алмаштиришларга ҳам қийналяпман. 10-11 нафар футболчи билан бир мавсумни ўтказиб бўлмайди.
Молиявий муаммолар? Ҳа, бор. Бироқ бу гап мен учун эмас. Мен фақатгина машғулотлар тизимига жавоб бераман.
Андрей Фёдоров: - Жамоанинг бугунги ўйини ва натижасидан мамнунман. Узоқ вақт давомида мураббийлар штаби ушбу схемада ишламаганди. Ундан ташқари, Андрей Геннадьевичнинг ўзи ҳам бу ерда анчагина вақт фаолият олиб борган, жамоанинг ички муҳити борасида маълумотга эга. Ўйиннинг бошида рақибдан кўра ҳужумда камроқ ўйнадик, агрессив бўлмадик. Аммо рақибга яхшигина муаммолар туғдирдик. Кейинчалик яхши ўйин кўрсатдик. Учрашув 6 очколик эди.
Биз ҳар доимгидек ўйнаяпмиз. Бош мураббий ўзгариши? Бу миш-миш. Жамоанинг ичида бундай гаплар бўлаётганини сезмаяпман. Дуранг ўйнаган кезларимизда ҳам шогирдларим ижобий таассурот қилдиришди. Бугун эса рақибдан кўра кўпроқ гол киритдик. Бу ердагиларнинг барчаси профессионал. Агарда мураббий нотўғри ишлаётган бўлганида футболчилар норозилигини билдирарди. Аммо бизда барча юқори ғайрат билан ишлаяпти. Раҳбариятнинг ишончини сезяпман.
ҚИЗИЛҚУМ – СЎҒДИЁНА 1:1
8-дақиқада Кахи Махарадзе қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллади. Жиззахликлар Навоийда тезкор гол уриб, ҳимояга эътибор қаратишди.
Учрашув бундай бошланишини кутмаган мезбонлар катта куч билан ҳужумга зўр беришди. Шерали Жўраев ўнг қанотдан жарима майдонига узатиб берган тўпга Элгужа Григалашвили улгурмади.
Кетма-кет зарбалар берган Ҳамиджон Актамов шогирдлари иккинчи таймда ниятларига етишди.
59-дақиқада Шерали Жўраев жарима майдонига кириб бориб, шерикларига узатган тўп ҳимоячи қўлига тегиб йўналишини ўзгартирди. Бош ҳакам меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади. Навоийликлар ҳалоскори Элгужа Григалашвили 11 метрдан гол урди.
Голлар: Кахи Махарадзе 8, Элгужа Григалашвили пенальти 60
“Қизилқум”: Артём Макосин, Эркин Бойдуллаев, Алишер Саноев, Файзулла Қамбаров (Суҳроб Ярашев, 59), Салим Мустафоев (Азизбек Усмонов, 56), Элдор Бойматов (Хуршид Олимов, 46), Муҳсинжон Убайдуллаев, Шерали Жўраев, Элгужа Григалашвили, Мақсуд Каримов, Ариагнер Смит Медина.
Захира: Евгений Черемисин, Мурод Бобожонов, Акмал Рустамов, Ҳумоюн Абдуалимов, Миржалол Қосимов, Сардор Жаҳонов.
“Сўғдиёна”: Милан Митрович, Сардор Қулматов, Искандар Шойқулов (Муҳаммад Йўлдошев, 46), Элёр Орифов, Кахи Махарадзе, Нуриддин Ҳасанов, Санжар Рашидов (Сирож Мелиев, 72), Шоҳруз Норхонов, Иззатилла Абдуллаев (Дурбек Камолов, 60), Никола Милинкович, Шаҳбоз Жўрабеков.
Захира: Ширинбой Абдуллаев, Ойбек Нурматов, Мурод Ражабов, Достон Тошматов, Давронбек Умиров, Диан Талхатов.
Огоҳлантиришлар: Салим Мустафоев 13,Милан Митрович 53, Хуршид Олимов 80, Сардор Қулматов 83, Муҳсин Убайдуллаев 90+5.
5267 томошабин.
Улуғбек Бақоев:- Бугун ҳар икки жамоа ҳам асосан олдинга ўтишга ва ҳужум уюштиришга уринди. Рақибда ҳам, бизда ҳам етарлича имкониятлар юзага келди. Якунда қайд этилган дуранг натижа адолатли бўлди. Йигитларга эса майдонда борларини бериб ҳаракат қилишгани учун раҳмат айтаман.
“Қизилқум” жамоаси бугун яхши ўйин намойиш этди. Тўп узатишлар ва қанотлар анча фаол ишлади. Рақиб сафида жароҳат олган футболчилар тезроқ тузалиб кетишларини тилайман.
Ҳамиджон Актамов: - Бугун биз учун омадсиз кун бўлди. Юзага келган қулай имкониятлар кўкка совурилди. Дарвозанинг ёнгинасидан ҳам гол ура олмадик. Футболчиларга эътирозларим йўқ. Йигитлар қўлдан келганча ҳаракат қилишди. Футбол хатолардан иборат. Шогирдларим ўзларини кўрсатишга интилишди.
АНДИЖОН – МЕТАЛЛУРГ 1:1
Бу тур "Соғлом Авлод" стадионида бир неча ўйиндан бери гол ура олмаётган “Металлург”, ғалаба нималигини эсидан чиқараётган “Андижон” меҳмони бўлди.
38-дақиқада меҳмонлар Абдураҳмон Абдулҳақовни майдоннинг чап бурчагига яқин бўлган жойда қўполлик билан тўҳтатиб қолишди. Натижада бош ҳакам "Металлург" дарвозаси томон жарима тўпи белгилади. Стандартдан Ойбек Қиличев оширган тўпни аввалига Ильдар Маматказин дарвозага йўллади, Лобанов бартараф этди. Қайтган тўп эса меҳмонлар ҳимоячиларинг бирига тегиб, тўрдан жой олди.
Иккинчи тайм "Металлург" фаоллигида бошланди. Ҳар икки жамоа навбати билан ҳужум уюштирди. 78-дақиқада бекободликлар жаримадан тўпни ўйинга киритишди. Тўп йўл-йўлакай жонли деворда турган Рўзим Аҳмедовнинг қўлига тегди. Вазиятга яқин турган Зокир Қодиров эса иккиланиб ўтирмасдан 11 метрли нуқтани кўрсатди. Пенальтини Станислав Андреев бехато амалга ошириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Голлар: Илдар Маматказин 38, Станислав Андреев пенальти 79
"Андижон": Виталий Мирний, Бобир Амонов, Фарҳод Мираҳматов (Абдуллоҳ Олимов, 70), Ойбек Қиличев (Асрор Ғофуров, 87), Шаҳзод Убайдуллаев, Дилшод Раҳматуллаев, Илдар Маматказин, Рўзимбой Аҳмедов (Шаҳбоз Жумабоев, 84), Абдураҳмон Абдулҳақов, Аброр Хусинов, Бобир Акбаров.
Захира: Акмал Ортиқов, Иброҳим Отахонов, Фарҳод Бекмуратов, Сардор Сулаймонов, Дониёр Исмоилов, Радосав Алексич.
"Металлург": Александр Лобанов, Аббос Отахонов, Сервер Жепаров (Сергей Тумасян, 63), Маҳмуд Қудратиллаев (Зоҳид Абдуллаев, 73), Исломбек Исоқжонов, Аброр Тошқўзиев (Баҳром Абдураҳимов, 56), Музаффаржон Музаффаров, Шавкат Муллажонов, Камолиддин Тожиев, Станислав Андреев, Акбар Исматуллаев.
Захира: Зафар Сафоев, Иброҳим Йўлдошев, Дониёр Усмонов, Шаҳзод Ғофурбеков, Муҳаммад Исаев, Баҳодир Пардаев.
Огоҳлантиришлар: Камолиддин Тожиев 28, Фарҳод Мираҳматов 49, Бобир Акбаров 61, Баҳром Абдураҳимов 68, Бобур Амонов 76, Рўзимбой Аҳмедов 78, Абдураҳмон Абдулҳақов 81.
7841 томошабин.
Андрей Шипилов: - Ушбу мавсум иккинчи марта янги бош мураббий бошчилигида илк бор майдонга тушаётган жамоа билан беллашдик.
Кераксиз вазиятда хато қилиб гол ўтказиб юбордик. Иккинчи таймда алмаштиришлар орқали ўйинни ўзгартирдик. Якунда дарвозани ишғол этдик. Гол урган бўлсак-да, ўйиннинг сўнгги дақиқаларига қадар яна ҳужум қилишга ва вақтни чўзмасликка ҳаракат қилдик. Ундан кейин бизда бир нечта яхши имконият юзага келди. Қайд этилган натижа адолатли бўлди, деб ҳисоблайман.
Александр Хомяков: - Бугунги дебют учрашувда ғалаба қозонишни жуда ҳам истаган эдик. Йигитлар ҳам шуни хоҳлашгани кўриниб турганди. Лекин бошқа тарафини олиб қарайдиган бўлсак, бизда кўп жиҳатлар ўхшамади. Ғалабага мос ўйин кўрсатмадик. Ҳужумда ҳам ишларимиз юришмади. Қарши ҳужумга ўтиб кетишда ҳам камчиликлар кузатилди. Иккинчи таймда эса асосан ҳимояландик. Шу сабабдан қайд этилган натижа адолатли. Зеро, 45 дақиқагина яхши ўйнаб, якунда ғалабага умид қилиш ноўрин.
БУНЁДКОР – НАСАФ 1:1
Терма жамоамиз учрашувларида “Миллий” стадионининг майсаси кўчиб кетгани ва у аренада ўйин ўтказишга ҳали эрта эканлиги боис “Бунёдкор” қаршиликлар билан ТТЙМИ стадионида куч синашди.
Турнинг марказий учрашувида дуранг қайд этилди. Шуни ҳам айтиш керакки, ҳужумкор футбол намойиш этадиган икки жамоа бу сафар бироз ўз анъанасидан чекинди. Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди.
Исломжон Қобилов биринчи таймда Жасур Жалолиддиновнинг ўнг қанотдан амалга оширган ажойиб рейдини муваффақиятли якунлади.
36-дақиқада Дилшод Саитов ҳам чиройли комбинацияга гол орқали нуқта қўйди.
Танаффусдан сўнг дарвозалар олдида етарлича хавфли вазиятлар ташкил қилинган бўлса-да, ҳисоб ўзгармади.
Голлар: Исломжон Қобилов 8, Дилшод Саитов 36
«Бунёдкор»: Абдумавлон Абдужалилов, Исломжон Қобилов, Анвар Ғофуров, Дилшодбек Аҳмадалиев, Жасур Жалолиддинов (Суҳроб Иззатов, 52), Хуршид Ғиёсов, Лутфулла Тўраев, Миржаҳон Мираҳмадов (Санжар Рихсибоев, 85), Санжар Қодирқулов (Жавоҳир Қаҳрамонов, 69), Нурилло Тўхтасинов, Улуғбек Абдуллаев
Захира: Муроджон Зуҳуров, Сергей Прохоров, Бобур Фарҳодов, Абдулла Абдуллаев, Муҳаммадодил Қаҳрамонов, Владислав Нуриев.
«Насаф»: Умиджон Эргашев, Ғолиб Ғайбуллаев, Азизжон Ғаниев, Дилшод Саитов, Ҳумоюн Муртазоев, Бобир Абдихолиқов (Ислом Рашидхонов, 69), Шароф Муҳиддинов (Акмал Мозговой, 87), Дониёр Нарзуллаев (Ойбек Бозоров, 85), Сардор Абдураимов, Шерзод Насруллаев, Умар Эшмуродов.
Захира: Машҳуржон Муҳаммаджонов, Ҳусниддин Алиқулов, Жўрабек Маннонов, Хуршидбек Мухторов, Алишер Юсупов, Сардор Саъдуллаев, Худоёрхон Саъдуллаев.
Огоҳлантиришлар: Сардор Абдураимов, 38. Шерзод Насруллаев, 54. Ислом Рашидхонов, 90+4. Ойбек Бозоров, 90+4.
3487 томошабин.
Рўзиқул Бердиев: - Темп юқори бўлмади, тезлик ҳам бироз паст. Бунга сабаб ҳар икки жамоанинг эҳтиёткорликка эътибор қаратгани ҳамда об-ҳавонинг иссиқлигида деб ўйлайман. Биз асосан қарши ҳужумларни кўзлаб ҳаракат қилдик.
Футболчиларнинг икки ҳафта мобайнида клуб билан бирга бўлмагани ўйинга таъсир ўтказди. Чунки ярим жамоа биз билан, қолганлар бошқа мураббий қўл остида шуғулланди. Бобир Абдихолиқов, Азизжон Ғаниев, Шароф Муҳитдинов иккинчи таймда бироз толиқиб қолишди.
Одилжон Ҳамробеков ўйнаган пайт Азизжон Ғаниев олдинроқда ҳаракат қиларди ва зарба бериш учун кўпроқ имконият бўларди. Бизда зарбаси кучли иккита футболчи: Ғаниев ва Муҳитдинов бор. Ҳозир Ғаниев ҳимоячиларга яқинроқ чизиқда тўп тепаётгани боис зарба берадиган ҳолатга чиқиши кам бўляпти. Балки у ўзига қулай вазият тополмаётгандир.
Азизжон Ғаниев жароҳатини даволаб энди ўйнай бошлаши биланоқ яна унинг атрофида гап-сўзлар тарқала бошлади. Унга хориждан аниқ таклифлар бўлмади. Агар клубни қониқтирадиган таклиф тушса раҳбарият буни кўриб чиқиши мумкин. Ўйлайманки, Ғаниев четга кетса, бу ўзбек футболи учун фойдалидир.
Тан олиш керак, аввалги раҳбарият ҳам футболни юқорига кўтариш учун керакли ишларни амалга оширди: майдонлар ҳолати яхшиланди, академиялар ташкил қилинди, бундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳозирги раҳбарлар футбол ичидаги одамлар. Бу ўзгаришлар ўз мевасини беради деб ўйлайман.
Вадим Абрамов: - Рақибнинг аввалги ўйинларини кузатганимда, "Насаф" баҳс охирида кучайишига эътибор қаратгандим. Бугун эса бундай бўлмади. Аксинча, биз яхшироқ кўриндик.
Аввало шуни айтишим керакки, мен одамларга тош отадиган инсон эмасман. Хурсанд қилаётган жиҳати, футболимиз тепасига футболни тушунадиган одамлар келди ва улар билан футбол тилида гаплашиш осонроқ. Бунгача баъзи тушунарсиз ҳолатлар учраб турганди. Масалан, мен ҳозир ПФЛ талаби билан бўйинбоғ таққанман, ваҳоланки бундай иссиқда бўйинбоғнинг нима кераги бор? Бу одамнинг устидан кулиш билан баробар. Ҳатто мамлакатлар президентлари ҳам кўпинча турли саммитларга бўйинбоғсиз боришяпти. Мен тушунаман, агар бу баҳс Кубок финали бўлганида галстук бошқача кўринарди. Футбол - бу спорт, Чемпионлар лигаси баҳсларига қаранг, ҳамма мураббийлар мажбурий кийим кийяптими? Йўқ, албатта. Мураббий ўйинга ишлагани келади, чиройли кийиниб ўтириш учун эмас.
АГМК – НАВБАҲОР 1:1
Учрашувни меҳмонлар ҳужумкор руҳда бошлашди. Уларнинг ҳаракатларидан наманганликлар тезкор гол уришга интилишаётганлиги кўринарди.
7-дақиқада Иван Соловьёв жарима зарбасини амалга оширганидан сўнг, мезбон ҳимоячиларилан бири тўпни қўли билан ўйнади. Белгиланган пенальтини Александр Касьян аниқ амалга оширди.
Беллашувнинг учдан бир қисми ўтиб бораётганда, Остон Ўрунов ўз жарима майдони ичида Акмал Шораҳмедовни йиқитгани учун ҳакам 11 метрли нуқтага ишора қилди. Пенальтидан эса Муроджон Тошматов гол ура олмади. Дарвозабон тўпни ушлаб қолди.
Иккинчи бўлим охирлаб боргани сари мезбонлар ҳужуми анча ҳавфли кўриниш олаверди. Бу эса ўйинга қўшиб берилган дақиқада наф келтирди.
90+3-дақиқада Шоҳназар Норбеков рақиб жарима майдони ичида қаршисидаги рақибни алдаб, олис юқори бурчакни ишғол этди.
Кейин эса Норбеков бирга бир вазиятга чиқиб, ноаниқ зарба берди. Акси бўлганда “Навбаҳор” камбэк қурбонига айланарди.
Голлар: Александр Касьян пенальти 7, Шоҳназар Норбеков 90+3
Гол урилмаган пенальти: Муроджон Тошматов 30 (АГМК)
АГМК: Суҳроб Султонов, Миржамол Қосимов (Шаҳзодбек Нурматов, 60), Дилшод Жўраев, Санъат Шихов, Зафар Полвонов, Муроджон Тошматов (Мирғиёс Сулаймонов, 68), Акмал Шораҳмедов, Жасур Умаров, Сайдулло Раҳматов (Шоҳназар Норбеков, 58), Сардор Раҳмонов, Шерзод Файзиев.
Захира: Акбар Тўраев, Зоҳир Пиримов, Жасурбек Ҳакимов, Ғулом Ҳайдар Ғуломов, Бобурбек Юлдашев.
"Навбаҳор": Ўткир Юсупов, Остон Ўрунов, Азим Аҳмедов, Иван Соловьев, Александр Касьян (Баҳодир Насимов, 89), Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Абдужамол Исроилов (Шаҳзод Шайманов, 6), Жаҳонгир Меҳмонов, Аббос Ғуломов (Славко Лукич, 60).
Захира: Дилшод Ҳамроев, Ҳожиакбар Юнусов, Ғиёсжон Комилов, Зафар Тўраев.
Огоҳлантиришлар: Сардор Раҳмонов 3, Остон Ўрунов 24, Санъат Шихов 41, Ўткир Юсупов 68, Обид Жўрабоев 90+2.
2880 томошабин.
Андрей Канчельскис: – Дуранг натижа ҳар иккала жамоани ҳам қониқтирмади. Албатта, ачинарли. Ўйиндаги бирга бир вазиятлардан фойдаланилганда, якун бошқа бўлиши мумкин эди. Аммо бу футбол. Сен урсанг, сенга ҳам уришади. Дуранг бу натижа эмас. Беллашувнинг сўнгги дақиқаларидан кўра, иккинчи тайм ўрталарида гол ўтазиб юбориш яхшироқ. Бирга бир вазиятдан қандай қилиб гол ура олмасликни тушуна олмайман.
Миржалол Қосимов: – Қизиқарли тўқнашув гувоҳига айландик. Қолаверса, мухлисларга ёқадиган, жанговар ўйин бўлди. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳужумга отландик. Албатта, бундан "Навбаҳор" унумли фойдаланишга интилди. Уларда ҳам бизда ҳам вазиятлар етарлича яратилди. Дуранг ҳаққоний бўлди.
Йигитларга миннатдорчилик билдираман. Ютқазиб туриб, шунча вазиятдан фойдалана олмасликларига қарамасдан, охиригача курашишди.
БУХОРО – ПАХТАКОР 0:5
“Бухоро” клуби янги мураббий қўл остидаги дебют ўйинда йирик ҳисобда имкониятни бой берди. Учрашувда “Пахтакор” рақибдан ҳар томонлама устунликка эришди: ҳужумлар, тўп назорати ва голлар борасида.
12-дақиқада ажойиб ҳужумдан сўнг Драган Черан дарвозани ишғол қилганди, бироқ ён ҳакам унинг офсайдда турганини кўриб, байроқчасини кўтарди. Лекин сербиялик ҳужумчи бу билан тўхтаб қолмади.
32-дақиқада тезкор ҳужум уюштирган "шерлар" ҳисобни очишди. Марат Бикмаевнинг пасидан кейин Черан яқин масофадан гол урди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Драган ишлаган пенальтидан Жалолиддин Машарипов фойдалана олмади. Машарипов зарба бериш чоғида сирғалиб тушди.
Иккинчи тайм бошларида Машарипов-Сергеев-Черан ижросидаги ҳужумни Драган самарали якунлади. 57-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
73-дақиқада Жалолиддин Машарипов узатмасидан сўнг Егор Кримец боши билан дарвозани ишғол қилди.
Беллашувда ҳар томонлама фаол ҳаракат қилаётган Черан 76-дақиқада яна Машарипов оширган тўпни боши билан тўрга йўллаб, ўз номига хет-трикни расмийлаштирди.
Голлар: Драган Черан 32, 49, 76, Ҳожиакбар Алижонов 57, Егор Кримец 73
Гол урилмаган пенальти: Жалолиддин Машарипов 38 (“Пахтакор”).
"Бухоро": Хуршид Хўжаев, Эргаш Исмоилов, Иван Фатич, Владимир Баенко, Миржалол Жумаев, Беҳруз Шодмонов, Раббим Ҳасанов (Акрам Баҳриддинов, 62), Жамолиддин Убайдуллаев, Тоҳир Шамсиддинов (Азамат Исроилов, 52), Жаҳонгир Абдумўминов, Иван Нагаев (Акобир Тўраев, 63)
Захира: Шоҳжаҳон Насимов, Раҳимжон Давронов, Сайфиддинов, Анваржон Жўраев, Артём Кулеша, Мирфайз Муҳиддинов
"Пахтакор": Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев, Егор Кримец, Шерзод Аъзамов, Ҳожиакбар Алижонов (Акрамжон Комилов, 60), Одилжон Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Жалолиддин Машарипов (Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, 77), Драган Черан, Марат Бикмаев (Руслан Розиев, 79), Игорь Сергеев.
Захира: Санжар Қувватов, Бобур Асқаров, Жаҳонгир Аҳмадов, Владимир Козак, Собит Синдаров.
Огоҳлантириш: Иван Фатич 37.
5187 томошабин.
Шота Арвеладзе: - Бугун бизда кўплаб қулай имкониятлар юзага келди. Бу ерда ўйнаш ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Бунга майдон ҳолати ҳам таъсир ўтказади. Кўпгина режаларимиз иш берди, ўйинимиз қовушди. Якунда қайд этилган натижа адолатли бўлди, чиройли ва мазмунли ўйнаб, ҳақли тарзда ғалаба қозондик.
Муҳсин Муҳаммадиев: - Ўйин ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, чунки ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юбордик. Лекин бир нарса мени ажаблантиряпти, "Пахтакор" жамоаси Ўзбекистон чемпионатида яққол лидер ҳисобланади. Уларнинг кўпгина футболчилари турли жамоаларда ижара асосида тўп тепяпти. Аммо ўша футболчилар "Пахтакор"ни ўзига қарши баҳсларда майдонга туша олмайди. Пойтахтликларнинг талаби шунақа экан, ахир шундоғам захирамиз кучли эмас. Икки асосий ёш футболчиларимизсиз тўп тепдик. Беллашувга тайёрланишимизда вақт жуда ҳам оз эди. Нима ҳам дердим бу футбол, иккинчи даврада жавоб ўйини бор, натижани яхшилашга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Фикрлар