Суперлигада ҳал қилувчи палла: "Бу ўйинда дуранг ҳеч кимга керак эмас. Ютқазса тамом"

Ниҳоят, маълум танаффусдан сўнг, Суперлига карвони яна йўлга чиқмоқда. Орада миллий терма жамоамизнинг Иорданияда иккита ўртоқлик учрашувини ташкил қилгани муносабати билан чемпионатимиздаги жамоаларга бироз таътил берилганди.

Энди яна асосий эътибор Суперлигага қаратилади. Чемпионат тугаб боряпти, ҳал қилувчи ўйинлар арафасида турибмиз.

Эртага 22-тур баҳсларига старт берилади. Яқин ўтмишнинг кўзга кўринган собиқ футболчиларидан бири Вали Келдиев остонамиздаги ўйинлар олдидан Sports.uz учун ўзининг фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

15 октябрь (жума)

“Насаф” – “Металлург”

- Ўйин борасида қарайдиган бўлсак, барибир “Насаф” жамоасида имконият каттароқ. Тўғри, бу – футбол ва олдиндан бир нарса дейиш қийин. Биласиз-ку, мен башоратларга йўқман. Лекин, барибир эртанги учрашувда “Насаф”нинг ғалаба қозониш эҳтимоли каттароқ. “Металлург”нинг ҳозирги вазияти билан солиштирганда “Насаф”нинг имконияти анча баланд. Имкониятлар 70х30 деб ўйлайман.

мет

АГМК – “Машъал”

- Бу ўйиндаги вазият ҳам худди Қаршидаги ҳолат билан ўхшаш. Албатта, “Машъал” сафарда ўйнаётганига қарамай, уларда ҳам қандайдир миқдорда имконият бор. АГМКнинг ғалабаси 70 фоиз, деб ўйлайман. Бу жамоанинг ўйинчилари тажрибали. Агар уларнинг ўйини чиқса, ҳар қандай жамоага қарши кучли ўйин намойиш этади. Мабодо, ўйини қовушмай қолса, пастки ўринлардаги рақибларга қарши ҳам қийналиши мумкин. Барибир АГМКнинг имконияти катта. “Машъал” ҳам очко учун курашяпти.

16 октябрь (шанба)

“Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”

- Менимча, жиззахликларда имконият каттароқ. Сабаби, “Сўғдиёна”нинг ҳозирги руҳий ҳолати яхши. Қолаверса, олдинда кетяпти. Ҳа, “Қўқон-1912” ҳам охирги учрашувларда керакли очколарни йиғди. Орада пасайиш бўлганди, энди эса ўзига келиб олди. Назаримда, 55х45. Қўқонликлар менимча ҳимоявий тарзда тўп суришади, вазиятни пойлаб ўйнайди. Шошилинч ўйин қилмаса керак. “Сўғдиёна” эса бекорга 2-ўринда эмас.

кукон_5

“Турон” – “Сурхон”

- Мана бу ўйинда кураш жиддий бўлади. Агар “Сурхон” ғалаба қозонса иши анча енгиллашади ва жойига мослашади. “Турон” ютса Суперлигада қолиш учун илашади. Менимча, имкониятлар 50х50. Лекин дуранг демаган бўлардим. Чунки дуранг иккала жамоага ҳам керак эмас. Бу учрашувда иккала жамоадан кимдир силжиши керак. Агар “Турон” бу учрашувда ютқазса тамом, яна нечта тур қоляпти? Қийин масалага айланиб қолади. Кучлиси ютсин.

“Пахтакор” – “Қизилқум”

- Ҳозирги вазиятда қарайдиган бўлсак, тенг ҳолат дейишимиз мумкин. Аммо энди “Пахтакор” ўз уйида ютмаса уят бўлади. Эски ўйинларидан парча кўриш вақти келди. Ҳамма гап-сўзларни бир четга суриб, майдонда футбол ўйнаш керак. “Қизилқум”да ҳам тажрибали ўйинчилар бор, жисмоний ҳолати ҳам чакки эмас. Назаримда, имкониятлар 60х40.

пахтакор_1

17 октябрь (якшанба)

“Навбаҳор” – “Бунёдкор”

- Мана бу ўйин ҳам қизиқ бўлади. Иккала жамоанинг кучини тенг, деб биламан. Агар “Навбаҳор” ўз майдонида мухлисларидан куч олиб ўйинни кучайтирмаса, баҳс тенг даражада ўтиши мумкин. “Бунёдкор” тўп билан чиройли ҳаракат қилади. Асосийси, улар фақат олдинга қараб ўйнайди. “Насаф”, АГМК каби жамоаларнинг ҳар бир паси олдига қаратилган. “Навбаҳор” ўз уйида ўйнаяпти. “Бунёдкор” сафарда бўлса ҳам унинг ўз услуби бор. Имкониятлар 50х50 бўлса керак. Қайси бирига омад келса, ўша жамоа ютади.

буник2_2

“Локомотив” – “Андижон”

- “Андижон”га қарасак, улар охирги ўйинлардан сўнг, руҳий ҳолатини кўтарди. Битта ғалаба ва иккита дуранг ўйнади. Барибир яхшими-ёмонми, озгина натижа кўрингандек бўляпти. “Андижон” ўзининг имкониятини пойлаб ўйнайди, вазиятдан келиб чиқиб. Бу менинг фикрим, қандай ўйнаш кераклигини ўзлари билади. Аммо сафарда улар ҳужумкор ўйин кўрсатмаса керак. Бунга кучи ҳам етмайди. Вазиятни кутади. Виктор Кумиковни биламиз. Бундай ўйинларда жамоани ҳимояга мослаштиради. “Локомотив” ҳужумкор жамоалардан биттаси. “Андижон”га ҳам очко керак. Ҳимоядан ўйнаган ҳолда ғалаба ёки дуранг учун имкониятни қидирадилар. Гол ўтказмаса дурангни ушлашга ҳаракат қилади. Чунки дуранг улар учун ёмон эмас-да!   

локо_1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!