Суперлигада навбатдаги истеъфо юз беради...ми?
Суперлиганинг биринчи турида “Металлург” клуби сафарда “Сурхон”га ягона гол эвазига мағлубиятга учраганидан хабарингиз бор. Ўша учрашувдан кейин “Металлург” бош мураббийи Андрей Шипилов баҳс ҳақида гапирар экан, жамоасининг кўрсатган ўйини ўзи учун ҳам жумбоқ экани ҳақида гапирганди. Чиндан ҳам ўшанда бекободликлар дарвоза томон аниқ зарба ҳам йўлла олишмаганди.
Sports.uzга маълум бўлишича, Шипилов айни пайда жамоа билан бирга эмас. У “Сурхон”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин жамоада кўриниш бермаган. Машғулотларни Февзи Давлетов ўтказмоқда.
Маълумотларга қараганда, клуб раҳбарияти бошқа мутахассис билан қизиқмоқда. Балки бу номзод Жасур Абдураимов бўлиши ҳам мумкин.
Катта эҳтимол билан 16 март куни “Бунёдкор”га қарши ўйинга жамоани Давлетов тайёрламоқда. Ҳозирча Андрей Шипиловнинг клубдан кетгани расман тасдиқлангани йўқ. Ёки унга охирги имконият бериладими? Тез орада “Металлург” раҳбарияти бош мураббий масаласида бир қарорга келади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турдан сўнг, "Навбаҳор" устози Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилганди.
Фикрлар