Суперлиганинг 2 клубида 3 футболчининг ёши кичрайтирилгани аниқланди. ЎзПФЛ бунга қандай чора кўрмоқда?
Бу ҳолат футбол учун янгилик эмас. Аммо ЎзПФЛ унга қарши кураш бошлаганини ўтган йилиёқ эълон қилган ҳамда биринчи шундай ишни 2020 йилнинг 26 октябрь куни ёпишга эришганди.
Жорий йилдан эътиборан ЎзПФЛ илк профессионал шартномасига имзо чекаётган футболчилар рўйхатини расман очиқлаб бормоқда. 2021 йилнинг қишки трансферидан кейин илк профессионал шартномасини имзолаган футболчилар рўйхати билан шу ҳавола орқали, шу йилнинг ёзги трансферидан кейинги рўйхат билан эса мана бу ҳаволада танишиб чиқишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887-сон Фармонида мамлакатда футболни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар сифатида халқаро ва миллий даражадаги футбол мусобақаларида қатнашувчи спортчиларнинг биологик ёшини сунъий кичрайтириш каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги қайд этилиб, ушбу ҳолатни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ юқоридаги икки рўйхатни умумлаштирди ва биологик ёшини сунъий кичрайтирган футболчилар масаласи ўрганиб чиқилди. Натижалар эса Суперлиганинг икки клубида умумий уч нафар футболчи шу йўлни танлаганини кўрсатди.
Бугун мазкур икки клубга футболчиларнинг ҳужжатларини унинг ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштирилишини ва бу ҳолатни қонун доирасида ҳал этилишини 20 октябрга қадар таъминлаш учун огоҳлантириш хатлари юборилди. Шунингдек, уч футболчи вақтинчалик ЎзПФЛ рўйхатидан чиқарилди. Клублар 20 октябргача вазиятни ўнгламаса, ўтган йили бўлгани каби ЎзПФЛ ишни прокуратурага қонуний баҳо бериш учун оширади.
* ЎзПФЛ қайси клубдаги футболчилар ҳақида гап кетаётганини оқичламади.
Фикрлар