Суперлиганинг 8-туридан кейин: улар алоҳида танланганлар!

Суперлигада 8-тур ҳам якунланди. Ўйинлар голларга бой ва драматик тарзда ўтгани билан ҳам ёдда қоладиган бўлди. Хўш, бу сафар ўйин қаҳрамонлари кимлар? Қуйида шу хусусида тўхталамиз.

“Андижон” – “”Металлург” – 1:1. Энг яхши футболчи: Далер Шарипов

Далер Шарипов “Металлург”даги энг фаол ўйинчилардан бири эканлигини ҳар бир турда кўрсатмоқда. “Андижон” билан бўлиб ўтган учрашувда у гол урди. Майдонда эса катта ҳажмдаги ишни бажарди. Деларнинг келажаги порлоқ.

“Қизилқум” – “Олимпик” – 2:4. Энг яхши футболчи: Аҳмадилло Муқумжонов

“Олимпик”нинг сафарда “Қизилқум”га қарши ўйини голларга бой бўлди ва унда меҳмонлар 2:4 ҳисобида ғолиб чиқишди. Меҳмонлар футболчиси Аҳмадилло Муқумжонов “Олимпик”нинг биринчи голи муаллифи бўлди ва якунда баҳснинг энг яхши ўйинчисига айланди. У бу баҳсни жуда ишончли ҳамда барқарор ўтказди.

ОКМК – “Сўғдиёна” – 5:3. Энг яхши футболчи: Люпче Дориев

“Сўғдиёна” легионерлардан бири – Люпче Дориев ҳақида илиқ гапларни эшитяпмиз. У олдин ҳам энг яхши футболчига айланган ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Бу сафар ҳам Дориев учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. ОКМКга қарши баҳсда иккита гол урди. Бироқ унинг жамоаси 5:3 ҳисобида ютқазди. Шунга қарамай, Люпченинг ўйини алоҳида эътироф этилди.

“Навбаҳор” – “Нефтчи” – 1:0. Энг яхши футболчи: Филип Иванович

Водий дербисида ўйин тақдири қўшиб берилган охирги дақиқалардагина ҳал этилди. Легионер ҳимоячи Филип Иванович ўз позициясида рақиб ҳужумларини қайтаришда фаоллик кўрсатганидан ташқари якунда учрашув қаҳрамонига ҳам айланди. Айнан унинг боши билан урган голи эвазига “Навбаҳор” дербида уч очкони қўлга киритди.

“Сурхон” – “Насаф” – 0:1. Энг яхши футболчи: Ойбек Бозоров

Бозоровнинг энг яхши футболчи бўлаётганига кўникиб ҳам қолганмиз. Бу биринчиси эмас. “Насаф” Тошкентда “Сурхон”га қарши қийин ўйинни ўтказди. Ойбек эса доимгидек рақибларига муаммолар туғдиришда давом этмоқда. “Сурхон” билан баҳсда ҳам Бозоров рақибларини шошириб қўйди. У “Насаф”нинг “мотори”га айланган.

“Динамо” – “Пахтакор” – 1:1. Энг яхши футболчи: Жоел Кожо

Кўпчилик “Динамо”нинг ўйинини мақтаяпти, ғалабага лойиқлигини таъкидлашяпти. Бироқ учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Самарқандликлар аввалига ҳисобда ортда эди. Кейин легионер ҳужумчиси Кожо мувозанатни тиклади. У чемпионга қарши аъло даражада ўйин намойиш этганини барча тан оляпти. Фақат унинг сайъ-ҳаракатлари ҳам жамоасининг ғалабаси учун етарли бўлмади.

“Бунёдкор” – “Локомотив” – 3:2. Энг яхши футболчи: Маҳмуд Маҳамаджонов

Тошкент дербиси жуда ажойиб ва драматик тарзда ўтди. Унда “Бунёдкор” мағлубиятини ғалабага айлантира олди. “Бунёдкор” футболчилари айниқса иккинчи бўлимда умуман бошқача ўйин кўрсатишди. Бу борада жамоанинг иқтидорли ҳимоячиси Маҳмуд Маҳамаджоновни алоҳида эътироф этса арзийди. У пенальтидан гол урди ва иккинчи голга ассистни амалга оширди. Чиндан Маҳмуд яхши ўйнади. “Бунёдкор” эса чемпионатдаги илк ғалабасини қўлга киритди.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!