Ўзбекистон Суперлигасининг 2019 йилги мавсуми ўз якунига етиб улгурди. "Пахтакор" клубининг чемпионлиги билан якунига етган мавсумнинг энг қизиқарли статистикаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

26 тадан беллашувни ўтказган жамоалар орасида энг кўп ғалабага эришган жамоа, бу Тошкентнинг "Пахтакор" клубидир. "Шерлар" 22 та ғалабани тантана қилишди. Мавсумнинг иккинчи қисмини жуда ёмон ўтказган Самарқанднинг "Динамо" клуби эса барчадан энг кўп, 14 та мағлубиятни қабул қилиб олди.

Гол уриш борасида ҳам тошкентликлар етакчилик қилишди. Улар 75 та гол уриб, энг яқин таъқибчиси "Локомотив" клубидан 35 тага кўп гол уришди. Энг кам голни эса "Бухоро" урди. Жамоа ҳисобида 18 та гол бор ҳолос. Бу 23 та гол урган Драган Черанникидан ҳам камроқ дегани.

Энг кам гол ўтказиб юборган жамоа эса "Локомотив" клуби бўлди. Игнатий Нестеров, Жавоҳир Илёсов ва Маъмур Икромов каби дарвозабонларга эга бўлган жамоа дарвозасига рақиблар умумий 17 та гол уришни уддасидан чиқишди ҳолос. Энг кў голни "Қизилқум" ўз дарвозасидан олиб чиқди. Зарафшонликлар 48 бор гол ўтказиб юборишди.

"Навбаҳор" 11 та беллашувда дуранг ўйнади, "Сурхон" ва АГМКда эса бу кўрсаткич 5 тани ташкил этмоқда.

Мавсум стартидан бошлаб, 25-тургача мағлуб бўлмаган "Пахтакор" жамоаси 24 та мағлубиятсиз ўйин ўтказишди. "Динамо" эса 11 та тур давомида ғалабасиз серияни кўрсатиб беришди.

Тўпурарлар бешлиги қуйидагича:

Драган Черан ("Пахтакор") - 23 та гол.
Игорь Сергеев ("Пахтакор") - 17 та гол.
Зафар Полвонов (АГМК) - 15 та гол.
Ҳумоюн Муртазоев ("Насаф") - 14 та гол.
Хуршид Ғиёсов ("Бунёдкор") - 12 та гол.

Голларга алоҳида тўхталсак, 2019 йилги чемпионатда 152 та футболчи гол уришга эришди.

Одатда қўполликни кўпроқ ҳимоячилар кўрсатиб беришади. Аммо бу мавсумни "Локомотив"да бошлаб, "Пахтакор"да якунлаган Ҳусниддин Ғофуров ҳаммадан энг кўп карточкани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Ҳакамлар томонидан 8 бор огоҳлантирилган Ғофуров, яна бир маротаба қизил карточка билан жазоланди.

"Динамо" футболчиси Жасур Азимов ва "Бухоро" аъзоси Владимир Баенко 6 тадан сариқ ва 1 тадан қизил карточка олишди.

Мавсум давомида умумий 237 та футболчига карточка кўрсатилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
TFT
11/12/2019 08:27
Бухоронинг голларини деярли химоячилар уришган.Хужумчилар-бумагурлар!