Супертўпурарни арзон сотиб қўймайлик
Англиянинг амалдаги чемпиони “Ливерпуль” мураккаб ўтаётган жорий мавсумдан кейин таркибни янгилашга қарор қилди. Мерсисайдликлар бу жараёнда жамоанинг асосий тўпурари Муҳаммад Салоҳ билан ҳам хайрлашишга рози.
Мисрлик футболчини охирги йилларда Саудия Арабистони Профессионал лигаси раҳбарияти ўз мусобақаларида иштирок этишга чорлаб келади. Шайхлар келаси мавсумда Салоҳни Саудия Арабистони футболи тимсолига айлантириш учун ҳеч қандай маблағни аямоқчи эмас.
“Ливерпуль” мутасаддилари эса, бадавлат клубларнинг 33 ёшли юлдузга қизиқишидан унумли фойдаланиб қолмоқчи.
Журналист Уилсон Кокс маълумотига кўра, клуб мисрлик легионери учун ёзда 63 миллион евродан бошланадиган таклифларни кўриб чиқади. Бу суммани тўлаш араб клублари учун ҳеч қандай муаммо эмас.
Муҳаммад Салоҳ “Ливерпуль”га 2017 йили “Рома”дан кўчиб ўтган ва жамоа сафида клублар миқёсидаги деярли барча нуфузли турнирлар бош совринини қўлга киритиб бўлди.
Мерсисайдликлар билан 2027 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномага эга Муҳаммад Салоҳнинг ўзи ҳам жамоани тарк этиб, муҳитни ўзгартиришга қарши эмаслиги айтилмоқда.
Фикрлар