"Сурхон" анча қайсар чиқиб қолди, лекин "Нефтчи"га "тиши" ўтмаяпти

Бугун чемпионатимизда яна иккита ўйин бор. Куни кеча сайтимиз орқали “Насаф” – “Навбаҳор” тўқнашуви олдидан фикр билдириб ўтдик. Бу сафар “Сурхон” – “Нефтчи” жуфтлигига эътибор қаратамиз.

Бу ҳам шиддатли ўтиши кутилаётган учрашувлардан бири. Бу йилги “Сурхон” анча қайсар жамоа чиқиб қолди. Мавсумга тайёргарлик кўриш асносида турли қийинчилик ва муаммолар ичида қолган жамоа чемпионатда ҳеч нима бўлмаганидек бир чиройли қатнашиб келмоқда. Таркибда юлдуз футболчилар йўқ, ҳисоби. Лекин янги мураббийлар қисқа вақт ичида у ерда жамоавий ўйинни йўлга қўя олишгани таҳсинга лойиқ. Тўғри, термизликларнинг бундай натижаларини вақтинчалик ҳисоблаётганлар ҳам бор, бунисини энди вақт кўрсатади.

“Нефтчи” матбуот хизмати учрашув олдидан бўлажак баҳсга атаб превью тақдим этди. Унда шундай ёзилади:

“Суперлиганинг 9-туридаги рақибимиз Термизнинг "Сурхон" клуби 1968 йилда ташкил топган. Миллий чемпионатимизда 1992 йилда дебют қилган жамоа шу йили охирги ўринни эгаллаб, олий лигани тарк этишга мажбур бўлди. Лекин, бир йил ўтгач, яна кучлилар сафига келиб қўшилган термизликлар 2004 йилга қадар олий лигада тўп суришга муваффақ бўлди. 2005-2018 йиллар оралиғида жамоа биринчи лига ва про лига мусобақаларида иштирок этиб, 2019 йилда Суперлигага қайтган "Сурхон" жамоаси ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятининг ягона вакили сифатида фаолият юритиб келмоқда.

нефтчи янги_2

"Сурхон" ва "Нефтчи" жамоалари шу кунгача миллий чемпионатимиз доирасида ўзаро 26 марта тўқнаш келишган. Буларнинг 20 тасида "Нефтчи" устунлик қилган, 5 та ўйинда жамоалар муроса кўчасини танлашган ва фақат битта беллашувда "Сурхон" жамоаси ғалаба қозонган. "Нефтчи"нинг ўзаро қарама-қаршиликдаги энг йирик ғалабаси 5:0 кўринишида қайд этилган. Умумий тўплар нисбати 19-68 фарғоналиклар фойдасига.

Жамоаларнинг термизликлар майдонида кечган сўнгги 5 учрашув натижалари қуйидагича:

29.06.2022. "Сурхон"-"Нефтчи"  1:1

21.08.2004. "Сурхон"-"Нефтчи"  1:2

05.10.2003. "Сурхон"-"Нефтчи"  1:3

30.03.2002. "Сурхон"-"Нефтчи"  0:0

15.05.2001. "Сурхон"-"Нефтчи"  0:5

Эслатиб ўтамиз, Термиз шаҳридаги марказий ўйингоҳда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги туфайли" Сурхон" клуби уй ўйинларини вақтинчалик Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида ўтказиб келяпти”, - дейилади клуб матбуот хизматининг хабарида.

сурхон фанат_1

Статистик маълумотларда “Нефтчи”нинг “Сурхон” мезбонлиги остидаги охирги бешта ўйини ҳавола этилган. Рақамлар айтиб турибдики, Термиз жамоаси шу кунгача фақат бир марта фарғоналиклар устидан ғалаба қозонган. Бунга 24 йил бўлди. 1999 йилнинг 15 июнь куни “Сурхон” “Нефтчи”ни 2:1 ҳисобида таслим қилган.

Ҳа, катта устунлик “Нефтчи” томонида. Термизликлар учун рақиб жуда ноқулай. Аксига олиб Виталий Левченко бошқарувидаги “Нефтчи” ҳали жорий чемпионатда мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибди. Фарғоналиклар бундан аввал Бухорода мезбонларга қарши учрашувда ҳакамнинг ноҳақ белгилаган пенальтиси орқали ғалабасидан айрилиб, дуранг билан чекланганди. Учрашувдан кейин Левченко матбуот анжуманида ўзига хос муносабат билдириб, “Нефтчи”нинг юқори ўринларда бўлиши кимларгадир ёқмаётгани ҳақида гапирганди. Умид қиламизки, бу сафарги учрашувда ҳакамлар “катта саҳна”га чиқиб қолмайдилар.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Dilshod Zakirov
07/05/2023 17:04
Хакамларга инсоф берсин , аслида инсоф берилган аллох томонидан , базилари нафсига Кул !
&
Beks0611
07/05/2023 13:51
Shu hakamlar bo‘yicha hamma viloyat federatsiyasida har yili 1komplekt hakamlarni chiqarish kerak, toshkentlik hakamlardan voz kechish kerak
&
Beks0611
07/05/2023 13:50
Xaromxo‘r sudyalar
Кахрамонжон Сафаров
07/05/2023 11:11
Бухоро билан булган уйинда ноинсоф ...симовга нотугри белгилаган пенльти буйича чора курилдими ёки Тошкент командаларини хурматини козониб юраверадими бу номард...симов