"Сурхон" бош мураббийи: "Биз ўзимизга яраша таваккалга борамиз"

"Локомотив" - "Сурхон" (3:1) ўртасидаги учрашувдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Станислав Қудряшов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Футбол мавсуми бошлангани билан барчани табриклайман. Мавсум жуда қийин ва қизиқарли бўлади. Терма жамоамиз ҳам илк маротаба ЖЧга чиқди. Мавсумни ғалаба билан бошласак зўр бўларди, аммо футболда ғалабани иккига бўлиб бўлмайди. Биринчи бўлимни жуда ёмон тарзда бошладик. Йигитларни майдонда танимадим. Балки ҳаяжон ўз сўзини айтгандир. Ҳозир бир нима дейиш қийин. Видео таҳлилдан сўнг бир хулосага келамиз. Олдинда иккита уй ўйинимиз бор. Кейинги учрашувларда мухлисларимизни чиройли ўйин билан хурсанд қиламиз, деган умиддаман", - дея фикр билдирди Станислав Кудряшов.

- "Сурхон" 2023 йилги мавсумдан буён чемпионатни мағлубият билан бошламоқда. Янги мавсум ҳам бундан истисно бўлмади. Бундай ёмон статистиканинг сабаби нимада?

- Буни билардик ва шу ҳақда футболчилар билан гаплашгандик. Билмадим, ушбу ёмон анъанага чек қуя олмаяпмиз. Ҳозир бир нима дейиш нотўғри, биринчи барчасини таҳлил қилиб олайлик. Ҳиссиётларга берилиб турибман. Айтиб ўтганимдек, биринчи бўлим жуда ёмон бўлди. Танаффусдан кейин эса бироз жонландик, аммо ўтказиб юборган иккинчи гол ўйин тақдирини ҳал этди.

- Мавсумдан олдинги интервюлардан бирида асосий мақсадимиз ёшларга эътибор имконият бериш дедингиз. Жамоа таркиби ҳам анча ёшарди. Ёшлардан иборат таркиб тузиш келажакдаги қийинчиликларга сабаб бўлмайдими? Ёшларга тажриба этишмаслиги мумкин ва олдинда узун мавсум бор.

- Клубимиз раҳбарияти шундай йўлни танлайди. Ёшларни тарбиялаш ва уларга имконият бериш. Бу жуда қизиқарли ва тўғри қарор деб ўйлайман. Легионерларни ҳам сафимизга қўшиб олдик. Бир футболчимиз Сербияда ўйнаган, Ричард Фрайдей эса ўтган йили "Динамо"да ўйнади. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, биринчи таймда футболчиларни танимадим. Ўтказиб юборган голимиз сабаблими, билмадим. Тажрибали дарвозабонимиз бундай гол ўтказиб юборди. Умуман олганда, биз танлаган йўл шу. Таваккал қилмаган инсон шампан ичмайди, деган мақол бор-ку. Биз ўзимизга яраша таваккалга борамиз. Имкон қадар тўғри қарор қабул қилишга ва ўз устимизда ишлашга интиламиз. Кейинги ўйинларимиз бугунгидан яхшироқ бўлади, деган умиддаман.

- Демак, "Сурхон" ёшларга имконият бериш йўлини танлагани учун натижага камроқ эътибор берадими? Яъни, жамоа учун мусобақа жадвалидаги эгалланадиган ўриннинг аҳамияти камаядими?

- Ҳар бир футболчилар неча ёшда бўлишидан қатъий назар ғалаба учун майдонга тушади. Ҳеч ким мағлубият учун майдонга тушмайди. Таркибимизда иқтидорли футболчилар кўп ва ҳар бир футболчи ўз ёш тоифасидаги терма жамоа аъзоси. Ҳар бир ўйин тажриба дегани. Туркиядаги йиғин доирасида кўплаб ўртоқлик учрашувларида иштирок этдик. Расмий ўйин эса бироз фарқ қилади. Ҳеч қиси йўқ, шундай ўйинлар орқали ўсиб борамиз. Эгаллайдиган ўрнимиз имкон қадар тепароқда бўлгани яхши. Биринчи навбатда мухлислар учун, сабаби футбол мухлислар учун ўйналади.

- Бугунги учрашувда Муҳаммадали Мусахонов иштирок этди. Мусахонов Денов футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Жорий мавсумда сурхондарёлик ёш чарм тўп усталарига ҳам имконият бериладими?

- Биз ўз вилоятимиз шарафини ҳимоя қиламиз. Сир эмаски, Сурхондарё иқтидорларга тўла. Дўрмонов ва Бозоров футбол сулолалари Сурхондарёдан чиққан. Биз ёшларни топиб, уларга имконият берамиз. Биринчи навбатда талантларни топишга интиламиз. Академиямизга эътибор қаратганмиз. У19 ва У21 жамоаларини кузатиб боряпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!