"Сурхон" бош мураббийи: "Насаф"га қарши ўйин биз учун муҳим"

Ўзбекистон Кубоги доирасида “Сурхон” Жар стадионида “Машъал” билан куч синашди. Ушбу қарама-қаршиликда ҳисоб очилмади. Ўйиндан сўнг “Сурхон” бош мураббийи Сергей Арслонов ўз фикрларини айтди.

“Хайрли кеч, ҳаммага. Ўйинга келсак, жуда кучли рақиб. Иккала жамоа учун ҳам ҳақли дуранг. Рақибнинг ҳимоядаги тартибли ўйинини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жанговар дуранг қайд этилди”, - дейди Арслонов.

- Бугун ўйин амалиёти кам бўлган футболчиларга имконият берилди. Уларнинг ўйинидан қониқдингизми?

- Ҳа, тўғри. Сиз ҳақсиз. Умуман олганда, бугунги ўйиндан асосий мақсадларидан бири ҳам айнан чемпионат ўйинларида майдонга туша олмаётган футболчиларга ўйин амалиёти бериш эди. Ўйинчиларнинг ҳаракатларидан қониқдимми, деган саволга жавоб беришимиз учун ҳали бироз ўйинни таҳлил қилишимиз керак. Ана шундан кейин бирор хулоса қила оламиз ва шунга қараб кейинги ҳаракатларни амалга оширамиз. «Насаф»га қарши кейинги ўйинга ҳам ана шу хулосалар асосида тайёрланамиз. «Насаф»га қарши ўйин биз учун жуда муҳим, қийин бўлиши аниқ. Биз ушбу ўйинга бор кучимиз билан тайёрланамиз.

- Бугун жанговар дуранг бўлганини айтдингиз. Нега Суперлига клуби бўлган «Сурхон» ғалаба учун ҳаракат қилмади, рақиб ҳам даража жиҳатдан сизлардан кучсизроқ эди ёки бу «Насаф»га қарши учрашув учун куч сақлашмиди?

- Йўқ, биз жамоа сифатида ҳар доим энг юқори мақсадларни қўямиз ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Бироқ бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак. Суперлига ва Про лига клублари ўртасида унчалик ҳам катта фарқ йўқ. Про лигада ҳам Суперлигада ўйнашга қодир бўлган беш олтита клуб бор. Бугун ҳам биз даражалар ўртасида фарқ деярли йўқлигини кўрдик. «Машъал» ҳам Суперлигада ўйнашга муносиб жамоа.

“Сурхон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!