"Сурхон" Наманганда доим боши берк кўчага кириб қолади ёхуд Бабаян ва унинг жамоаси учун ўта қулай рақиб, сабаби...

Хабарингиз бор, бугундан Суперлигада 15-тур ўйинларига старт берилади. Яна қизиқарли жуфтликлар кутаётганига ишонч катта. Боиси, иккинчи давра ҳар бир жамоа учун ҳал қилувчи палла ҳисобланади. Шуни инобатга оладиган бўлсак, ҳар бир қўлга киритилган ва ҳар бир йўқотилган очко клублар учун қанчалик қадрли эканлигини ўзлари ниҳоятда яхши тушуниб туришибди.

Бу йилги Суперлига интригага бой ўтяпти-а? Айниқса, чемпионлик учун курашаётган жамоалар сони бир мунча кўпайиб қолди. “Навбаҳор” клуби турнир жадвалини бошқариб турибди. Анчадан бери бу жамоани 1-ўринда кўрмай қўйгандик. Лекин тан олиш керак, “Навбаҳор”га ушбу жой ярашиб турибди. Фақат чемпионат якунигача ҳозирги барқарорлигини сақлаб қола оладими? Шуниси асосий савол. Лекин Самвел Бабаян ва унинг жамоаси чемпионлик учун жиддий ҳаракат қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Молиявий жиҳатдан ҳам барқарорлик сезиляпти. Ҳар томонлама ривожланиб бораётган клуб ўзининг ҳаракатига яраша ҳозирда карвонбошиликни ўзида сақлаб турибди. Ўтган турда Қаршида “Насаф”дек рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмасдан ҳақли тарзда ғалаба қозониб қайтган “Навбаҳор” қанчалик кучли эканлигини ўша учрашувда яна бир бор кўрсата олди. Бу жамоа ўзи ўйнаётган баҳсларда фаворит мақомини ўзида сақлаб қолмоқда ва шунга яраша натижа ҳам амалда ўз исботини топяпти.

навбахор бабаян1

Бу турда наманганликлар ўз майдонида Термизнинг “Сурхон” жамоасини қабул қилади. Яхши ўйин бўлиши шубҳасиз. Лекин мазкур жуфтликда мезбонлар яққол фаворит эканини ҳамма билиб турибди. Бунга яна бир мисол сифатида ўзаро ўйинлардаги натижаларни ҳам келтириш мумкин. Статистика бўйича бунгача 31 марта ўйин ўтказилган. “Навбаҳор” катта тафовут билан олдинда боряпти. Боиси, наманганликлар 21 та учрашувда “Сурхон” устидан ғолиб чиққан. 4 та беллашувда кучлар тенг келиб қолган бўлса, термизликлар кучли рақибини 6 бор енгишга муваффақ бўлган. Тўплар нисбати бўйича ҳам табиийки, “Навбаҳор”да катта устунлик бор. 79 та гол урилган ва 23 бор тўп ўтказиб юборилган.

“Сурхон” учун “Навбаҳор” гўёки енгилмас рақибдек бўлиб қолган. Тўғри, ўтган йилги мавсумда “Сурхон” мезбон сифатида наманганликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. Аҳамиятлиси, “Сурхон” ютган барча ўйинларни фақат мезбон сифатида ўтказган учрашувларда қўлга киритган. Намангандаги ўйинларда эса “Сурхон” доим боши берк кўчага кириб қолади. Сабаби шундаки, Термиз жамоаси Наманган майдонида умуман ғалаба қозона олмаган. Чемпионат бошланганидан буён “Сурхон” “Навбаҳор” майдонида 15 марта ўйнаган ва барчасида мағлубиятга учраган. Бу нимадан далолат? Наманганликлар мезбонлиги остидаги ўйинларда “Сурхон”га ҳеч қандай имконият қолдирилмаяпти. Яна бир қизиқ томони, “Навбаҳор” ўз уйидаги ўйинларнинг 8 тасида рақибини фақат йирик ҳисобларда мағлубиятга учратган. Энг йирик ҳисоб 1997 йилги чемпионатда кузатилган бўлиб, ўшанда 9:0 ҳисобида “Сурхон” тор-мор келтирилган. Яна 7:0, 7:1, 6:0, 5:0 каби натижалар ҳам қайд этилган. Биз ҳали “Сурхон” майдонида “Навбаҳор”нинг йирик ҳисобдаги натижаларни тилга олганимиз йўқ.

сурхон4

Яна бир қизиқ ҳолат: юқорида “Сурхон” клуби “Навбаҳор”ни 6 маротаба мағлубиятга учратгани ҳақида тўхталдик. Шундан 5 тасида фақат 1:0 ҳисобидаги минимал натижалар кузатилган. 1998 йилги мавсумдагина термизликлар 3:1 ҳисоби билан “Навбаҳор” устидан зафар қучган.

Хулоса шундайки, “Сурхон” учун “Навбаҳор” жуда ноқулай жамоага айланган. Бунга юқорида келтирилган фактлар бемалол асос бўла олади. Наманганликлар учун “Сурхон”дек рақиб бўлса, деган ҳаёл ҳам ўтиши мумкин. Лекин ҳозирда Термиз жамоаси ҳам олдинги йилларга қараганда кучайган. Бунда испаниялик мутахассис Анхель Лопеснинг ҳиссаси катта бўляпти. Фақат уларга барқарорликни ушлаб қолиш қийин кечяпти.

нава

Биласиз, 14-турда “Сурхон” “Олимпик” билан куч синашиб, кутилмаганда ўз дарвозасидан жавобсиз бешта гол ўтказиб юборди. Бунга албатта “Сурхон”дан икки нафар футболчининг майдондан четлатилгани ҳам сабаб бўлди. Шу сабабли ўша мағлубиятдан термизликлар жиддий хулоса чиқаришган бўлса ажаб эмас. Шунга яраша “Навбаҳор”га қарши алоҳида тайёрланаётгани бор гап. Лекин ўша гап: “Навбаҳор” барибир бу жуфтликда фаворит. Чемпионлик ишқида “ёнаётган” Бабаян жамоаси ўз майдонида қандай қилиб бўлмасин “Сурхон”ни енгиш пайида бўлиши табиий. Шу сабабли барча омиллар шу куни меҳмонларга қийин бўлишини кўрсатиб турибди. Лекин бу билан Анхель Лопес жамоаси ожиз дейиш фикридан мутлақо йироқмиз. Меҳмонлар ҳам мезбонларга жиддий қаршилик кўрсатиш ҳаракатида бўлади. Барибир юқоридаги факторга таянадиган бўлсак, “Навбаҳор” ўз майдонида “Сурхон”ни мағлуб этиш анъанасини яна давом эттиришига кўпчилик ишонмоқда. Бу жиҳатдан олиб қарганда термизликлар учун “Навбаҳор” ҳар жиҳатдан ноқулай рақибга айланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
10/08/2022 13:53
Бугун сурхон салбий ананага барҳам беради!
Абдурахман Абдувалиев
11/08/2022 14:02
Орзуда айб йўқ, майли