"Сурхон" устози мағлубиятга қандай изоҳ берди?

Coca Cola Суперлига 6-туридан ўрин олган "Қўқон-1912" ҳамда "Сурхон" жамоаларининг қарама-қаршилиги бўлиб ўтди. Йирик ҳисобда мағлуб бўлган меҳмонлар устози Баҳром Ҳайдаров учрашувдан кейинги фикрларини билдириб ўтди.

- "Ҳар бир ўйинга жамоамиз ўйини кучайиб бориши керак. Машғулотларда бугунги баҳсга яхши тайёргарлик кўрилди. Буни биринчи бўлимдан билсак ҳам бўлади. Майдонда иккита тенг кучли жамоа баҳс олиб борди, деб ўйлайман. Қайси жамоа илк бўлиб гол урса, ғалаба шу томонда бўлади, деб танаффус пайтида таъкидлаган эдик ва шу нарсага Қўқон клуби эришди. Бироз эътиборлик йўқолди шекилли, шунинг учун битта гол учрашувни ўзгартириб юборди. Бизда ўйин тизгини бироз йўқолиб қолди. Айнан шу омиллар таъсир қилди. Танлаган ўйинимиз бузилиб кетди. Қандай хатоларга йўл қўйдик буни учрашувдан кейиноқ, дарҳол айтиш қийин.

Суперлиганинг ҳар бир баҳсида ғалаба қозонишимиз мумкин. Айни дамда, жуда кучли футболчилардан иборат бўлган таркибимиз бор. Қайсидур учрашувларда масалан, бугунги баҳсда таркибни тўғри танлашда адашган бўлишимиз мумкин. Тўғри "Пахтакор" кучли жамоа ва ўз уйида ўйнайди, "Локомотив" ҳам доим чемпионлик учун курашади, лекин биз тошкентликларга қарши ўйинда ютқазамиз, деб бормаймиз. Ўйлайманки, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз ҳолос! Чунки, бундан буёғига ортга йўл йўқ. Очколар ҳам йеъга олмаяпмиз, бироз омадсизликларга учраяпмиз, турнир жадвалида ҳам қуйи поғоналарга тушиб кетдик. Бу "Сурхон"нинг ҳозирги таркибига мос ўринлар эмас. Балки, турли сабаблар бордир. Нима бўлганда ҳам навбатдаги беллашувларда очко ўлиб, бундай омадсизликка чек қўйишимиз керак ва жамоа очколарни қўлга киритиб, ғалабаларни тантана қилиб, турнир жадвалининг юқори поғоналарига чиқиб олиши керак.

Азиз Ибрагимовни иккита беллашувда майдонга туширдик. Заҳирадан ўйинга қўшилиб, ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Лекин, жамоада бир қатор футболчилар бор. Ёшлар жамоасида муинтазам гол уриб келаётган ва ўзини кўрсатаётган футболчига ҳам имконият беришимиз керак эди. Шундай вазият бўлиб қолдики, 2:0 ҳисобида мағлуб бўлаётган пайтимиз Ибрагимов ўрнига ёш ўйинчи Абдураҳмоновга имкон беришга мажбур бўлдик. Мана шундай таваккал қилиб кўрдик. Ўйлайманки, Ибрагимов ҳали жамоага кўп ёрдам беради ва ёш ҳужумчимизни ҳам келажаги порлоқ!" - деди Ҳайдаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!