"Сурхон"да вазият қандай? Баҳром Ҳайдаров клубдан кетмоқчи бўлган, аммо...
Бугун ОАВ орқали “Сурхон” клубида бош мураббий ўзгариши ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Бунга эса жамоанинг охирги пайтлардаги муваффақиятсиз ўйинлари сабаб бўлмоқда.
Пандемиядан кейин давом эттирилаётган чемпионатимизда “Сурхон” клуби ҳозиргача бир дуранг ва икки мағлубият қайд этди. Натижада бош мураббий лавозимида ишлаб келаётган Баҳром Ҳайдаровнинг истеъфога чиқарилгани ҳақидаги хабарлар кўпайди.
Айтиш керакки, у жамоани иккинчи тур олдидан қабул қилиб олганди ва дебют ўйинини Навоийда “Қизилқум”га қарши ўтказиб, уч очкони қўлга киритганди. Шундан сўнг эса “Насаф”га имконият бой берилди. Умуман олганда, ҳозирга қадар “Сурхон” Ҳайдаров бошчилигида бир ғалаба, бир дуранг ва уч бор мағлубиятга учради.
Охирги учрашувни эса “Қўқон-1912” майдонида ўтказиб 0:3 ҳисобида ютқазди. Бугун тарқалган хабарларга қараганда, термизликларни ҳозирда ишсиз юрган россиялик Александр Хомяков бошқариши айтилмоқда. Лекин бу хабар ҳам ҳозирча расман тасдиғини топгани йўқ.
Боиси, вазиятга ойдинлик киритиш учун Александр Андреевич билан боғланганимизда ҳали ҳеч бир клуб билан расмий келишувга эришмаганини айтди. Бундан кўриниб турибдики, у “Сурхон”да иш бошлагани йўқ. Лекин биздаги маълумотларга қараганда, чиндан ҳам клуб Хомяков билан алоқага чиққан ва музокаралар олиб борилган.
Шундан сўнг, биз воқеалар ривожи қандай тус олаётганини янада аниқлаштириш мақсадида Баҳром Ҳайдаров билан алоқа ўрнатдик. Чунки ҳозирги вазиятда унинг ўзидан бошқа ҳеч ким клубдан кетган ё кетмаганлиги ҳақида аниқ жавобни айта олмасди. Шуни инобатга олган ҳолда, у билан боғланиб, вазиятни тушунтирганимизда аслида нималар бўлаётганини айтган ҳолда ҳали “Сурхон”дан расман кетмаганини маълум қилди.
- Тўғри, “Қўқон-1912”га қарши ўйиндан кейин клубдан кетгандим. Лекин раҳбарият мени яна чақириб, жамоада ишлашимни хоҳламоқда. Эртага раҳбарлар билан бу масалада гаплашиб оламиз, - дея жавоб қайтарди, Ҳайдаров.
- Демак, ҳали “Сурхон”дан расман кетганингиз йўқ, шундайми?
- Ҳа, ҳали кетмадим.
- У ҳолда нима учун истеъфога чиқишни хоҳладингиз?
- Айрим масалалар бор, буни айта олмайман. Бу клубнинг ички иши.
- “Пахтакор”га қарши учрашувга ҳам жамоани ўзингиз олиб тушасизми?
- Эртага аниқ бўлади. Аслида бугун Тошкентга жамоадан кетганимни айтмоқчи бўлиб, хайрлашгани келгандим. Аммо рухсат беришмаяпти.
Хуллас, “Сурхон”да шунақа гаплар. Аниғи шуки, Ҳайдаров кетгани йўқ, бунга ўзингиз ҳам юқорида билдирган фикрлари орқали амин бўлдингиз. Тез орада барчаси янада ойдинлашади. Шундай экан, воқелар ривожини кузатиб борамиз.
Фикрлар