"Сурхон"га ўтиши хато бўлганини тан олган Ашурматовдан жиддий гаплар
Маълумки, чемпионатимизнинг ушбу мавсумида клублар томонидан мураббийларни ишдан бўшатиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Айниқса, бу борада гап кетганда амалдаги Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланган Бахтиёр Ашурматов билан боғлиқ вазият алоҳида мавзу бўлиб қолди. Жорий мавсумни «Бухоро»да бошлаган қўқонлик мутахассис 8-турдан кейин ишдан кетди ва орадан кўп ўтмай «Сурхон»да иш бошлади. Аммо унинг Термиздаги фаолияти шу қадар тез тугадики, буни ҳеч ким ўйламаганди.
«Ўзим учун ҳам тушунарсиз бўлди»
Охирги пайтларда Бахтиёр Ашурматов яна барчанинг диққат эътиборига тушиб қолди. Боиси унинг «Сурхон» жамоасида бор йўғи 32 кунлик фаолиятидан сўнг истеъфога чиқарилиши очиғи тушунарсиз. Аслида нима бўлганди ўзи? Бунга эса Ашурматовнинг ўзидан бошқаси аниқроқ жавоб бериши мушкул.
- Гапнинг очиғи ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Чунки олдин берган интервьюларимда ҳам энди жамоа қабул қилиб олсам камида икки-уч йил ишлайман, деган фикрларни билдирган эдим. Лекин тақдир экан, «Сурхон»да кўп ишлаш насиб қилмади. «Насаф» билан бўлган ўйиндан кейин жамоа раҳбарлари ва футболчилар ўртасида йиғилиш бўлиб ўтди. Жамоа вице-президенти Баҳром ака йиғилишда керак бўлса, бош мураббийни ўзгартириш масаласини кўриб чиқамиз, деган фикрни билдирди. Гапнинг очиғи битта ўйиндан кейин бу масала кўтарилиши мен учун ҳам тушунарсиз бўлди ва мен ишонч йўқ жойда ишни давом эттиришнинг фойдаси йўқ, деган фикрни билдирдим. Жамоа раҳбари Азамат ака билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг мен истеъфога чиқдим.
«Борган сари мураббий бўлиб ишлаш оғирлашиб кетмоқда»
Кўпчилик Ашурматов билан боғлиқ ҳолатда вазият тўғри баҳоланмаганлигини таъкидламоқдалар. Ростдан ҳам шундай. Ҳадеб мураббийни қўлқопдек алмаштиравериш ривожланишнинг белгиси эмас. Рости, Ашурматов билан бўлиб ўтган бундай ишлардан кейин футболдан кўнгли ҳам совиб кетиши ҳеч гап эмас.
- Охирги пайтларда бўлиб ўтган воқеалардан кейин тўғриси жуда ҳам кайфиятим тушиб кетди. Мураббий бўлиб ишлаш борган сари оғир бўлиб кетяпти, - дея фикр билдирди, истеъфодаги мураббий.
«Насаф» биздан кучли эди»
Натижа бирданига келиб қолмайди. Ашурматов учун «Сурхон» янги жамоа эди ва ўзи истаган даражада мослаштириб олиши учун вақт зарур эди. Бу орада эса «Сурхон» чемпионат доирасида «Насаф»га қарши иккита ўйин ўтказиб, иккаласида ҳам мағлуб бўлишди. Аслида «Насаф» Бахтиёр Аъзамович учун ноқулай рақибга айланиб боряпти. Боиси «Бухоро»ни бошқараётган чоғида ҳам қаршиликларга имкониятни бой берганди. Қизиқ томони шундаки, Ашурматов «Бухоро»да ишлаётганида «Сурхон»га ютқазгач, ишдан кетганди.
- «Бухоро» жамоасидан «Сурхон»дан учралган мағлубиятдан сўнг истеъфога чиққан эдим. Бу сафар эса «Насаф»га мағлуб бўлгандан кейин ишдан бўшадим. «Насаф»га мағлуб бўлишимизнинг сабаби эса Рўзиқул ака Бердиев ажойиб жамоа шакллантирган. Ўша куни «Насаф» тактик ва жисмоний томондан биздан кучли эди.
«Сурхон»да катта иштиёқ билан иш бошлагандим»
Муҳими шуки, Бахтиёр Аъзамович Термиз жамоасини қабул қилиб олганидан сўнг астойдил ишга киришганди. Шу тариқа, ёзги йиғинни жиддий равишда бошлаганди ва таркибда ҳам ўзгаришларга қўл урганди. Ўша пайтда собиқ мураббий жамоасида бирор нимани сезмаганмиди? Яъни, клубдаги муҳит қандай эди? Бунга унинг ўзи шундай жавоб қайтарди.
- «Сурхон»да катта иштиёқ билан ишни бошлагандим. Жамоа раҳбариятининг таклифи ва ишончидан хурсанд бўлгандим. Сурхондарё футболини ривожлантиришни, «Сурхон» жамоаси билан юқори ўринлар учун курашишни ўз олдимга мақсад килиб қўйгандим. Чунки жамоа таркиби ёмон эмасди. Асосийси, жамоа етакчиларини сақлаб қолдик. Афсуски, селекция жараёнини ўзимиз хоҳлаган даражада олиб бора олмадик. Жамоада рақобатни кучайтирмасак, 2-давра ўйинларида бизга қийин бўлиши аниқ эди. Муҳит ҳам ёмон эмасди. Футболчилар билан вақт ўтиб тил топишиб кетишимга ишончим комил эди. Лекин ҳар доим ҳам ўйлаган ишларимиз амалга ошавермас экан.
«Футболчиларнинг виждонини сотишига ва хоинлик қилишига ишонмайман»
Бу қадар ишдан тез бўшатилиши ҳар қандай мураббийга руҳий томондан оғир зарба бўлиши ҳеч гап эмас, шу жумладан Ашурматовга ҳам…
- Бу қадар ишдан тез кетганим менга руҳий зарба бўлди. Лекин ҳаммаси яхшиликка. Бу ҳам Худонинг синови. Агар яна иккита турдан сўнг бўшаганимда бундан-да оғир бўларди. Чунки айрим футболчилар «Насаф» билан бор кучи билан ўйнашмади, деган фикрларни ҳам эшитгандим. Айрим футболчиларга четдан таъсир ўтказиляпти, деган фикрларни ҳам эшитгандим. Мен доимо футболчиларга ишонганман. Футболчилар виждонини сотишига, «Сурхон» мухлисларига нисбатан хоинлик қилишига ишонмайман. Лекин, агар бу гаплар рост бўлиб чиқса барибир аҳил жамоа туза олмасдим ва бу натижаларга ўз таъсирини ўтказган бўларди.
«Футболимизда муаммолар етарлича»
Хўш, мураббийларни қўлқопдек алмаштираётган клублар футболимизни қанчалик орқага тортишяпти? Умуман, ўзбек футболининг бугунги ҳолати бўйича Ашурматов қандай фикрда?
- Ўзбек футболи ривожланмоқда деб бонг урмоқдамиз. Лекин муаммолар ўзбек футболида етарлича. Мен умуман жамоаларни олиб айтишим мумкин. Ҳалигача таниш-билишчилик, ўз манфаати йўлида жамоадаги мансабидан фойдаланиш каби иллатлар бор. Айрим жамоаларда эса кераксиз футболчилар билан ҳам шартномалар тузиш ҳолатлари учраб туради. Уларнинг ҳаммаси ҳам машғулотларга келишмайди. Лекин ойлик маош ёзилаверади. Тўғри, буларни ичида айрим футболчилар жароҳат туфайли ўйнашмаган. Лекин кўпчилигига катта маошлар ёзилган. Ёки бўлмаса айрим жамоа раҳбарлари маҳаллий футболчилар Тошкент йиғинида юраверсин деб айтишади. Мураббий бу маҳаллий футболчилар талабга жавоб бермайди деса, айрим раҳбарлар шуларни қўллаб-қувватлаш керак дейишади. Ваҳоланки, тўртта шунақа футболчини ўн кун Тошкент йиғинида «ушлаб» туриш 12 миллион сўмга айланади. 30 кун «ушласангиз» давлатнинг 36 миллион сўмини нотўғри ишлатган бўласиз. Ёки айрим раҳбарлар жамоага ўз ишининг усталарини эмас, ўз танишларини ишга жойлашади. Ўз ишини мутахассиси бўлмаган ходимлар клубнинг ривожланишига фойда бера олмайдилар. Ёки бўлмаса «Насаф» билан бўлган учрашувда ўйин натижасига таъсир ўтказиш учун четдан ҳаракат бўлди ва айрим футболчилар бор куч билан ўйнамади, деган фикрларни эшитдим ва бу гаплар агар рост бўлса айрим ёш футболчиларнинг кимларнингдир қўлида қўғирчоққа айланиши ҳам ўзбек футболидаги аянчли ҳолатлардан бири. Мен айрим муаммоларга тўхталиб ўтдим холос. Энг асосий муаммомиз эса ҳаммамиз душман орттирмайлик, ўзбекчилик деб муаммоларни яшириб жим юраверамиз. Жим юришимиз ҳам Ўзбекистон футболининг ривожланишига тўсқинлик қилади.
«Сурхон»га ўтишим катта хато бўлиб чиқди»
Хабарингиз бор, аслида «Сурхон»ни Суперлигага сюрприз туфайли кайтаришганди. Аммо клубда ишлар тўғри йўлга қўйилмагандек. Акс ҳолда қисқа фурсат ичида шунча мураббийни алмаштиришармиди? Балки Ашурматов «Сурхон»да ишлашга розилик бергани унинг хатоси бўлгандир?
- «Сурхон»нинг Суперлигага қайтиши жамоа мухлислари учун ҳақиқий совға бўлди. Улар кўп йиллар давомида катта футболсиз қолишганди. «Сурхон»нинг тикланишида катта ҳажмдаги ишни бажарган жамоа раҳбарларидан Сурхондарё халқи миннатдор бўлиши керак. Лекин мухлисларнинг фикрига қўшиламан. Улар Сурхондарёга катта футбол қайтишини кўп йиллар давомида кутишди. Мухлислар талаб қилганидек, бир йиллик жамоа бўлиб қолмаслиги керак. «Сурхон» ўз тарбияланувчиларига, маҳаллий футболчиларга, ўринбосарлар таркибига, Сурхондарёда болалар футболига кўпроқ эътибор қаратиши керак. Бўлмаса «Сурхон»ни фақат катта маблағ эвазигагина ушлаб туриб бўлади холос. Айтмоқчи бўлганим, «Сурхон»нинг йилма-йил ривожланиб бориш тизими яратиб олинмаса кейинчалик қийин бўлади. Лекин жамоа раҳбарларига қойил қолиш даркор. Футболчиларга яхши шартномалар таклиф қилиб, жамоани рақобатбардош жамоалар қаторида ушлаб туришибди. «Сурхон»га ўтганим катта хато бўлиб чиқди. Қайси мураббий ҳам бир ойда истеъфога чиқишни хоҳлайди дейсиз. Ҳам натижа нуқтаи назаридан, ҳам ўтишим нотўғри бўлган. Чунки жамоа яхши натижа кўрсатаётганди. Тўғри, мен таклифга рози бўлишдан олдин жамоа тузган мутахассисларнинг олдидан ҳам ўтиб, кейин рози бўлгандим. Лекин айрим инсонларнинг гапи бошқа, дили бошқа бўлиб чиқди. Бу вазиятда эса менинг ишонувчанлигим панд берди.
«Мураббийликдан бошқа ишим йўқ»
Қизиқ, Ашурматовнинг мураббийликдан ташқари яна бошқа қизиқиши ёки шуғулланадиган иши ҳам бормикин? Бунга унинг ўзидан аниқ жавобни эшитамиз.
- Афсуски, мураббийликдан бошқа иш билан шуғулланмайман. Ўзи вақтида бирорта бизнес ишини йўлга солиб қўйсам бўларкан. Чунки охирги пайтда мураббийлик ишимда шунча воқеалар бўлдики, бошқа ишим бўлганда мураббийлик фаолиятимни тўхтатиб турардим. Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишимиз, ўтиш ўйинида «Истиқлол» билан ўйинимиз, ҳар хил бўхтонлар, иғволар, бўлар-бўлмас гап-сўзлар, АГМКдан ишдан кетишим, «Бухоро»даги ишим, «Сурхон»да рекорд даражада кам ишлашим…Гапнинг очиғи жуда ҳам чарчадим. Шу сабабли таклиф бўлса ҳам ишламасдан, вақт олиб, бўлган ишларни таҳлил қилиб узимга келиб олишим керак. Вақт борлигида бошқа етакчи жамоа мураббийларинг ишлаш услубларини ўрганиб, таҳлил қилмоқчиман.
«Термизда бахтиёр бўлишга ҳам улгурмадим»
Хабарингиз бўлса, ушбу мураббий «Бухоро»да ишлагаб кетганида «Бахтиёр Бухорода бахтиёр эмасмиди», деган мақола ёзгандим. Қизиқ, эндиликда мазкур ҳолатни унга нисбатан «Сурхон» мисолида ҳам айтишимиз мумкинми? Бу вазиятга Ашурматов ўз муносабатини билдирди.
- «Бухоро»да бахтиёр эдим. Чунки менга ишонган ва мен ҳурмат қилган инсонлар Акбар Алишерович, Тўра ака Барноев, Шуҳратжон Ҳамроев, Бухоро вилояти раҳбарлари билан бирга ишладим. Жамоа мухлислари мени қўллаб-қувватлашарди. Яхши жамоа тузишга муваффақ бўлдик. Лекин афсус ўйин ёмон бўлмаса-да, натижа салбий бўлгандан кейин ишлаш оғирлаша бошлади. Шу сабабли жамоа манфаати йўлида натижа учун мен айбдорман дедим ва истеъфога чиқдим. Лекин менга жамоа тузишга ҳалақит қилган, Шавкат Саломовни жамоага қайтишига кескин қаршилик қилган, мухлисларни ҳозиргача менга қарши қилаётган айрим инсонлар ўз айбини мард бўлиб бўйнига олишмади. «Бухоро» мухлисларини ҳурмат қиламан. Ҳозир ҳам жамоанинг ҳар бир ғалабасини интиқлик билан кутаман. Чунки жамоани тузиш учун қанча меҳнат қилганимизни, қанақа қийинчиликларни енгиб ўтганимизни, вилоят раҳбарларининг меҳнатини мен жуда яхши биламан ва қадрлайман. Шу сабабли клубнинг ҳозирги бош мураббийи Муҳсин ака Муҳаммадиев ва жамоага омад тилайман. Илоҳим жамоани ривожланишида тиним билмаётган Тўра ака Барноев, жамоа раҳбари Шуҳрат Ҳамроев ва мураббий Муҳсин ака Муҳаммадиевларнинг вилоят раҳбарлари ва жамоа мухлислари олдида юзлари ёруғ бўлсин. «Сурхон»да эса бахтиёр бўлишга ҳам улгурмадим. Агар жамоа билан ғалабаларга эришганимда, «Сурхон» жамоаси мухлисларининг меҳрини қозонганимда бахтиёр бўлардим.
«Охирги пайтларда ким дўст ва ким душманлигини ҳам билмай қолдим»
Ашурматов мураббийлик фаолиятидаги бундай кўрган-кечирганларидан кейин кимга ҳам ишонишни билмай қолаётган бўлса ҳам ажаб эмас…
- Тўғри айтасиз. Охирги пайтда бўлиб ўтган ишлардан кейин ким дўст, ким душман билмай қолдим. Кимга ишонишни ҳам билмай қолдим. Лекин Худога шукр, ҳар қандай вазиятда ҳам мени қўллаб-қувватлайдиган, менга ишонадиган дўстим, оилам, онажоним борлар. Мени қандай инсонлигимни биладиган, менга ишонадиган мухлисларим бор. Шу яқинларим ишончини оқлаш учун ҳам ўз устимда ишлаб, мураббий сифатида ўз мавқеимни тиклашим керак. Охирги бўлиб ўтган истеъфолардан кейин айрим мухлислар ҳам мен тўғримда салбий фикрда. Лекин қаерда ишламайин виждонан меҳнат қилдим, мураббий сифатида ўз йўналишимни топиб олганман. Мухлислар ҳалол ва жанговор футбол кўришни хоҳлашларини биламан. Шу йўналишдан боришга ҳаракат қилдим. Мени мураббий сифатидаги орзуим вақти келиб бутун ўзбекистонлик футбол мухлисларнинг фикрини ижобий томонга ўзгартириш ва уларнинг меҳрини қозониш. Худо хоҳласа, вақти келиб ўз ниятимга етаман деган мақсаддаман. Шундай экан, бу йўлда ўз устимда тинимсиз ишлашга тайёрман.
«Кетганимдан кейин айрим кишилар турли изоҳлар қолдиришди»
Бахтиёр Ашурматов клубдан кетганидан кейин «Сурхон» Тошкентда «Бунёдкор»га 0:3 ҳисобида ютқазган бўлса, кейин ўз уйида Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал баҳсида «Локомотив»ни 3:1 ҳисобда таслим қилиб, мусобақадан чиқариб юборди. Собиқ мураббий эса бу борада шундай деди:
- Ишдан кетганимдан кейин айрим кишилар жамоа яхши машғулот ўтказмаган, жамоанинг ҳолати ноль, селекция яхши эмас деб расмий бўлмаган сайтларда фикрлар қолдиришди. Бу «Бунёдкор»га учралган мағлубиятдан кейин айтилди. Уч кундан сўнг эса жамоа «Локомотив»ни мағлубиятга учратди. Энг асосийси жамоа ғалаба голларини ўйин охирида киритди. Бу эса жамоанинг жисмоний ҳолати ёмон эмаслигидан далолат беради. Чунки уч кун вақт оралиғида жамоанинг жисмоний ҳолатини ўзгартириб бўлмаслигини ҳамма футбол ичидаги инсонлар билади. Мен эса жамоага фақат яхши ният ва мақсадлар билан келгандим. Лекин...
Фикрлар