"Сурхон"ни футболчилар тарк эта бошлади, чунки шартномалар 30 ноябргача эди. Қизиқ, энди Кубокда кимлар ўйнайди?

Бир амаллаб Суперлигада жон сақлай олган Термизнинг “Сурхон” клубида ҳали муаммолар аригани йўқ. Ўзи шундоқ ҳам мавсум давомида пандемия сабабли бу клуб қийинчиликларга дуч келди. Кейин бош мураббий Равшан Ҳайдаровсиз қолишга мажбур бўлдилар. Чемпионатда бўлса, аранг ўз ўрнини сақлаб қолдилар. Шуларни ўйлаганда, “Сурхон” чиндан ҳам қатор қийинчиликларга дуч келганини кўриш мумкин. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди.

Жамоадаги аксарият футболчилар билан тузилган шартномалар шу йилнинг 30 ноябргача амал қиларди. Биласиз, Суперлигамизда пандемия сабабли тақвим анча ўзгарди ва охирги ўйинлар 3 декабрга белгиланди. Олдинда эса Кубок баҳслари турибди. Табиийки, футболчилар билан 30 ноябргача шартнома тузилгач, ўша муддатдан сўнг, ўз-ўзидан улар эркин агент мақомига ўтадилар. Натижада шартномасиз футболчиларни ўйнатиб бўлмайди. “Сўғдиёна” билан учрашувда шундай ҳам бўлди.

Маълум бўлишича, “Сурхон” етакчилари – Жаҳонгир Меҳмонов, Аъзам Алиев ва Дилшод Жабборов шартномалари 30 ноябрда тугагани сабабли, “Сўғдиёна” билан ўйинда майдонга тушмаган ва уйига қайтиб кетган. Бу масалада Меҳмонов билан алоқага чиқдик ва ростдан ҳам “Сўғдиёна”га қарши баҳсдан олдин Наманганга кетганини тасдиқлади. Чунки уларни ҳеч ким майдонга тушишга мажбур қила олмайди. Агар улар каби бошқа ўйинчилар ҳам “Сўғдиёна” билан баҳсда майдонга тушишни истамасдан кетганида, клуб ҳеч нима қила олмасди.

сурхон1

Энди бўлса, олдинда Ўзбекистон Кубоги мусобақаси турибди. 8 декабрь куни сафарда “Қўқон-1912” билан беллашиши керак. Хўш, клуб қайси футболчилар билан ўйнайди? Кўриб турганингиздек, “Сурхон”нинг олдида яна бир муаммо пайдо бўлди. Воқеалар ривожи қандай кўриниш олаётганини билиш мақсадида вақтинчалик клуб бош директори вазифасида меҳнат қилаётган Шуҳрат Раҳмонқуловга юзланганимизда у шундай деди: 

-  Олдимизда Кубок ўйини бор. Футболчиларимизнинг шартномалари тугаган. Агар истаса қолиб, ўша Кубокда ҳам жамоа шаъни учун майдонга тушишсин, хоҳламаса кетишсин. Пул борми ёки йўқми, бунга қарамай, виждонан майли охиригача ўйнаб қўяман деса, марҳамат. Бу ёғи ҳар бир футболчининг хоҳишига боғлиқ. Шартномаси тугагани учун уларга ўйнаб берасан, дейишга ҳаққимиз йўқ. ПФЛдан  ҳам хат келган ва унга кўра, 30 ноябрда шартномаси тугаган ўйинчилар билан яна келиша олсанглар, декабрда бўладиган учрашувларда ҳам иштирок этишлари мумкин дейилган. Тўғриси, Кубок доирасида “Қўқон-1912”га қарши учрашувда кўпроқ ўзимизнинг маҳаллий ёшлар билан ўйнамоқчимиз.

Масалан, Дарко Станоевич, Александр Касьян сингари легионеримиз виждонан охиригача ўйнаб қўйдилар, бунинг учун раҳмат, уларга. Агар 7 декабрга қадар уйларига кетиш учун чипталарини олишга улгурсак, жўнаб кетадилар. Мабодо, чипта сал кечроққа олинса, унда Кубокда ҳам ўйнаб берадилар, - дейди Раҳмонқулов.

Клуб мутасаддиси ҳам юқорида биз айтган гапларни тасдиқлади. Яъни, шартномаси тугаган футболчиларни мажбуран майдонга туширишга ҳаққи йўқ. Шу ўринда савол туғилади-да: “Сурхон” нима учун барча ўйинчилар билан 30 ноябргача келишувга эришган? Бошқаларга ўхшаб шартномаларни 31 декабргача тузганида мана шундай муаммога йўлиқмасди, тўғрими? Балки бу клуб томонидан йўл қўйилган хато эканлиги маълум. Бу вазият хусусида яна ўша Шуҳрат Раҳмонқуловга мурожаат қилдик:

-  У деймиз, бу деймиз, барибир ҳаммаси маблағга боғлиқ. Кўп клублар 31 декабргача шартнома тузган. Бизда эса 30 ноябргача тузилган. Чунки, аслида чемпионат ўша ойнинг охиригача тугаши керак эди. Лекин пандемия сабабли кўп нарсалар ўзгариб кетди. Ўзи шундоқ ҳам жамоа маблағ томондан қийналяпти, агар декабргача тузилганида, унда уларга яна бир ойлик маош тўлаш шарт бўлиб қоларди. Шартнома тузилаётганида клубнинг молиявий ички имкониятларимиз ҳам ҳисобга олинган. Буни хато деб бўлмайди. Чунки клуб ўзидаги имкониятдан келиб чиқиб шартнома тузган.

сурхон2_1

Нафақат “Сурхон”да, балки бошқа жамоаларда ҳам қарздорликлар бор. Аммо аста-секин қарзлар бартараф этиляпти. Энди ёшларга кўпроқ эътибор берилади. “Сўғдиёна” билан баҳсда маҳаллий футболчи – Чориев майдонга тушди. Ёмон эмас. Шу пайтгача Сурхондарёдан Бозоров, Дўрмонов, Шомуродовлар чиққан. Яна эътибор бўлса, шуларга ўхшаган ажойиб ўйинчилар етишиб чиқаверади. Муҳими, “Сурхон” Суперлигада қолди. Юқорида таъкидлаганим бежиз эмас, пандемия ҳам кўп режаларни ўзгартириб юборди.

Ҳа, ҳамма қатори Шавкат Саломовни ҳам шартномаси тугаган. Кўпчилиги билан музокараларни бошлаганмиз. Барибир ёшларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Йўл қўйилган хатоларни кўриб чиқяпмиз. Бу орқали раҳбарият ҳам тажриба олди, - дея фикр билдирди, Раҳмонқулов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!