Таклифлар етарли, аммо Қаршида қолмоқчиман, "Насаф"га Черан таклиф қилган, мени янглишиб Дарко деб чақиришади - Марко Станоевич билан қизиқарли суҳбат

“Насаф” таркибида тўп сураётган сербиялик Марко Станоевич ҳақида кўпчилик гапиряпти. Унинг ўйинлари муҳокама қилиняпти. Албатта, яхши маънода. Бу йил “Насаф” Станоевич мисолида фойдали харидни амалга оширгани сезилиб турибди.

У бир қатор голлари билан ҳам жамоасига муҳим ғалабаларни тақдим қилишда катта ҳисса қўшди. Масалан, Наманганда “Навбаҳор”га қарши Ўзбекистон Кубоги чорак финалида ҳам ажойиб гол урди. Бир сўз билан айтганда, Марко Станоевични кўпчилик ёқтириб қолди. У ноябрь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Намангандаги ўйиндан кейин Станоевич sports.uz сайти учун илк интервью берди.

- Марко, сизни ноябрь ойининг энг яхши футболчиси бўлганингиз билан табриклаймиз...

- Катта раҳмат. Очиғи, бу ҳақида ўйламагандим. Аммо энг яхшиси бўлишни ҳис қилиш ёқимли.

- Шу билан бирга Наманганда “Навбаҳор”га қарши мураккаб баҳсдаги ғалаба билан ҳам қутламоқчиман. Ахир 120 дақиқа давом этган жанг ва бунинг устига туманда футбол ўйнаш ўта қийин. Бундай даражадаги учрашувдан қандай хотиралар қолди?

- Биз ўзимизни олдиндан жуда қийин учрашув кутиб турганини билардик. Шунинг баробарида бу ўйинга тайёр эдик! Қуюқ тушган туман ўзимиз истаган даражада тўп суриш имкониятига халақит берди. Эҳтимол, томошабинларга ҳам туман туфайли ушбу баҳсни кузатиш қийин бўлган бўлса керак. Шундай вазиятга қарамай, ўйин қизғин ўтди. Кейинги босқичга чиққанимиздан жуда бахтиёрмиз.

станоевич_2

- Аксарият мухлис ва мутахассислар ўйинингизга юқори баҳо беришяпти ҳамда уларда илиқ таассурот қолдиряпсиз. Сизни ҳаттоки, “Иккинчи Черан” дея таърифлашмоқда. Бунга қандай муносабатдасиз?

- Бизни ҳар доим қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга катта раҳмат! Драган мени “Насаф”га таклиф қилди ва мен бунинг учун ундан жуда миннатдорман. Лекин бизни таққослаш керак эмас. Нега деганда, биз турли тоифадаги ўйинчилармиз. Қолаверса, Драган Черан Ўзбекистонда ўзини аллақачон яхши даражадаги футболчи эканлигини исботлаб бўлган.

- Сиз қисқа фурсатлардаёқ “Насаф” ҳамда ўзбек футболига мослашиб олдингиз. Бу борада сизга ким ёрдам берди?

- Дарҳақиқат, янги жамоага мослашишим қийин кечмади. Нега деганда, Драган Черан менга жамоа ҳақида етарлича гапириб берганди. Бундан ташқари, русчани яхши билишим менга қўл келяпти. Клубдагилар мени илиқ қабул қилишди. Бунинг учун барчадан миннатдорман!

марко станоевич5

- Қизиғи, сиз ҳужумчи бўлмасангиз ҳам чемпионатда 6 та гол урдингиз, Кубокда ҳам бу ишни бажаряпсиз. Гол уриш бўйича мураббийдан кўрсатма оляпсизми ёки бу ишни табиий равишда бажаряпсизми?

- Чемпионатда олтита гол – бу биринчи навбатда мураббийнинг хизматидир. Чунки биз ўйинчилар майдонда мураббийнинг кўрсатмасини амалга ошириш учун тўп сурамиз. Боз устига “Насаф”дек ҳужум қилишни яхши кўрадиган жамоада гол урмасликнинг иложи йўқ (кулади).

- Дарвоқе, “Сурхон”да сербиялик ҳимоячи Дарко Станоевич ҳам тўп сурди. Сизнинг исм-фамилиянгиз уники билан деярли бир хил. У билан қариндошмисиз?

- Дарко Станоевич яхши йигит ва яхши ўйинчи. Лекин биз қариндошлар эмасмиз! Биласизми, гоҳида иккимизни алмаштириб юборишади. Ҳатто мени кўпчилик янглишиб Дарко деб чақиришади!

- Марко, кейинги режалар қандай? “Насаф” билан шартномани узайтирасизми ёки янги клубга кетасизми?

- Менда кейинги йил ҳам “Насаф”да қолиш хоҳишим бор. Ҳозирча мавсум тугашини кутиб турибман. Шунда ҳамкорликни давом эттириш масаласи юзасидан раҳбарият билан гаплашиб оламан.

марко станоевич4

- Эшитишимга қараганда, сизга яхши таклифлар бор экан...

- Ҳа, таклифлар бор, аммо ҳозир булар ҳақида умуман ўйлашга вақтим йўқ!

- Фаолиятингиз давомида сиз бирга ишлаган мураббийлар орасида энг кучлиси ким?

- Менда яхши мураббийлар кўп бўлган. Болалик чоғимда Драган Йованович менинг дастлабки мураббийим бўлган. Шунингдек, Звонко Радич ҳам футболчи бўлиб етишишимга катта ҳисса қўшган. Сербияда менга мураббийлик қилган Марко Николич бўлганди, ҳозир у “Локомотив” (Москва)да ишлаяпти. Зоран Жекич ва Қозоғистондаги фаолиятим давомида Ерёменко, Стоилов, Бабаян, Григорчук, ҳозир эса Рўзиқул Бердиев менинг устозим ҳисобланади. У жуда ҳам яхши инсон. Милан Миланович фаолиятимда жуда катта аҳамият касб этадиган мутахассис. У билан 4-5 жамоада бирга ишлаганман.

марко станоевич2

- “Насаф”да мавсум давомида молиявий қийинчиликлар юз берди. Ана шундай пайтда клубдан кетиш ҳақида ўйлаб қолмадингизми?

- Бу муаммолар бор эди, бироқ аста-секинлик билан ушбу масала ҳал бўляпти. Шундай бўлса ҳам хаёлимга клубни тарк этиш ҳақидаги фикр келмаган. Молиявий муаммолар албатта ўз ечимини топади.

- Билишимча, сиз Молдова чемпионатида совриндор бўлгансиз. “Насаф” билан эса кумуш медални қўлга киритдингиз. Бу сиз учун қандай аҳамият касб этади?

- Ҳа, икки марта Молдова чемпиони бўлганман. Бир марта Суперкубокни ютганмиз. “Астана” билан эса Қозоғистон чемпиони ва Суперкубогини ютганмиз. Аммо у ерда мавсум ярмидан ўйнаганман. Шунингдек, “Шериф” ва “Астана” билан Европа лигасининг 1/16 финал босқичида қатнашгандим. “Насаф” билан қўлга киритилган кумуш медал жуда муҳим. Чунки биз жуда ёш ўйинчилардан иборат жамоамиз. Шунинг учун ҳам буни яхши натижа сифатида қабул қилса бўлади.

- Рўзиқул Бердиевга қандай таъриф берасиз?

- Рўзиқул Бердиев ўз вақтида зўр ўйинчи бўлган экан. Энди у жамоани яхши бошқариб, мураббий сифатида ҳам қўлидан иш келишини исботлаб келмоқда. Асосийси, устозимиз биз ўйинчилар билан кўп вақтини бирга ўтказади. Айниқса, мураббийнинг ёш футболчилар билан бирга ишлаётгани мени ҳайрон қолдирмоқда.

станоевич2_1

- Тушунарлики, “Насаф” Ўзбекистон Кубогини ҳам қўлга киритмоқчи. Аммо бу йўлда “Пахтакор” яққол фаворит эканлигини ҳамма билиб турибди...

- Аввало бизни олдинда жуда мураккаб ўйин кутиб турибди. Ярим финалда АГМКга қарши тўп сурамиз. Биз ҳозирда фақат бўлажак ўйин ҳақида бош қотиряпмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Дилшод Даврлнов
14/12/2020 10:03
Марко спасибо тебия Город Карши нийзабудит Марко Станоевичу
Akbarali Abdunazarov
15/12/2020 21:27
Марко тебе большое спасибо за отличный интервью, насаф очень перспективный клуб, отличные болельщики, народ очень любят футбол и наш клуб, пожалуйста к тебе прозба посоветовой молодым игрокам с своими полезными советами. Большое спасибо тебе.