Тампере-2017: Полвонларимиз кунни медалларсиз якунлашди
Ads

Финландиянинг Тампере шаҳрида давом этаётган спорт курашлари бўйича Жаҳон чемпионатининг иккинчи куни ҳамюртларимиз учун медалларсиз якунланди.

Куннинг дастлабки қисмида Жавраил Шапиев ва Ҳасанбой Раҳимовлар биринчи баҳсдаёқ рақибларига имконятни бой берган бўлишса, -55 килограмм вазн тоифасида Ғуломжон Абдуллаев чорак финал босқичида АҚШ вакили Дейтон Дуэйн Фиксга имкониятни бой бериб, бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолганди. Бироқ, ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик Афган Хашаловга қарши гиламга кўтарилган ҳамюртимиз рақиби тўсиғидан ўта олмади.

Шунингдек, -120 килограмм вазн тоифасидаги полвонлар ўртасидаги беллашувларнинг саралаш босқичида АҚШ вакили Гейбл Дан Стивенсонга имкониятни бой бериб қўйган  Ҳасанбой Раҳимов ҳам  рақибининг финал йўлланмасини қўлга киритиши ҳисобига бронза медали учун курашиш имкониятини қўлга киритганди. Бироқ, ушбу медал учун ўтказилган қўшимча саралаш босқичида ҳамюртимиз Озарбайжон  вакили Умар Исроиловни енгишнинг уддасидан чиқа олмади ва мусобақадаги иштирокини шу босқичда якунлашга мажбур бўлди.