Танла, ё “Реал”, ёки Манчестер!
Англия Премьер-лигасини тарк этган “Вест Хэм Юнайтед” ярим ҳимоячиси Матеуш Фернандеш келаси мавсум олдидан жамоасини ўзгартириши мумкин.
Бу футболчига икки гранд – “Реал” ва “Манчестер Юнайтед” қизиқиш билдирмоқда. Инсайдер Николо Скиранинг ижтимоий тармоқдаги маълумотига кўра, ҳар икки клуб 21 ёшли португалиялик футболчини сотиб олиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда.
“Вест Хэм” янги мавсумда Чемпионшипда қатнашишига қарамай, футболчини сотиб, бу савдодан имкон қадар катта маблағ ишлаб олишига умид қиляпти. Клуб асосий ўйинчилар билан хайрлашишга тайёр ва Чемпионшипга тушиб кетиш оқибатидаги молиявий йўқотишларни қоплаш учун Фернандеш нархини камида 90 миллион евро, деб белгилаган.
Фернандеш 2025 йил август ойида “Саутгемптон”дан 44 миллион евро эвазига “Вест Хэм”га ўтган эди. Ўтган мавсумда у барча турнирларда 42 та ўйинда қатнашиб, 5 та гол ва 5 та ассист қайд этди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали футболчини 50 миллион еврога баҳоламоқда.

Фикрлар