Тақдир Мўминжонов билан ҳазиллашдими?
Суперлига 9-турининг марказий ва дерби мақомини олган қарама-қаршилигида "Навбаҳор" ва "Нефтчи" ўзаро баҳс олиб боради. Фарғоналиклар бош мураббийи мавсум аввалидаги қуръа ташлаш маросимидан сўнг журналистларнинг: "Қайси жамоа билан баҳсни ҳаммасидан кўпроқ кутмоқдасиз?", деган саволига "Навбаҳор", дея жавоб берганди.
"Лочинлар" дербига пешқадам, "Нефтчи" эса, сўнгги поғонадаги аутсайдер сифатида етиб келди. Умуман олганда, 9-тур беллашувига жамоаларнинг бу ҳолатда етиб келишини ҳеч ким кутмаганди. "Навбаҳор" майдонидаги ўйин Мўминжонов учун "Нефтчи" бошқарувидаги сўнггиси бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Мана буни тақдир ҳазили дейиш мумкин.
Ўзи "йўлбарслар"га нима бўлди? Мавсумни ғалаба билан бошлаб, амалдаги чемпион "Пахтакор"га қарши тўқнашувда қизил карточка туфайли мағлуб бўлган жамоа кейинчалик ўзини ўнглай олмади. Бош мураббий кетма-кет мағлубиятларни жароҳат билан боғламоқда. Шу ўринда савол туғилади: Турнир стартида майдонда учрашишни энг кўп истаган рақиби "Навбаҳор"га қарши Мўминжонов нима таклиф этиши мумкин? Бу синовдан у омон чиқа оладими?
"Нефтчи" устози ўзини майдон ва унинг ташқарисида Жозе Моуриньо каби тутишга уринади. Матбуот анжуманларида эркин фикрлаб, шогирдларини қарши ҳужумга урғу беришини талаб қилади. Буни Илҳом Ибрагимовичнинг ўзи бир неча йиллар олдин тан олганди ҳам. Эътиборлиси, португалиялик беназир охирги йилларда омадсизликка кўп учраётганига қарамай, "катта ўйинлар"да керакли натижани кўрсатишга муваффақ бўлмоқда. Бугун унинг "Рома"си Европа Конференциялар лигаси финалида фаворит. Мўминжонов ҳам Суперлигани омадсиз бошлаганига қарамай, чемпионатдаги энг муҳим ўйинда бор имкониятини намойиш этишига шубҳа йўқ. Балки, унинг қўлида биз билмаган "козир қарта" бордир. Ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинмагунига қадар бу саволга аниқ жавоб бериш имконсиз.
Айни пайтда "Нефтчи"ни бошқараётган Мўминжоновни Наманганда яхши танишади. Кимдир ҳурмат қилса, бошқаси негатив фикр билдиришдан ҳам тўхтагани йўқ. Соддароқ қилиб айтсак, "Навбаҳор" бу мутахассис учун фаолиятидаги энг принципиал рақиб. "Лочинлар" тезликни тобора оширмоқда. Сўнгги турлардаги иродали ғалабалар эвазига клуб пешқадамга айланиб олди. Самвел Бабаян шогирдлари Наманганда бўлиб ўтадиган ўйинларнинг бирортасида очко йўқотишга ҳаққи йўқлигини тушуниб турибди. Бошқачасига, олдига қўйилган мақсадга (халқаро майдон, совринлар, чемпионлик) етигнинг имкони йўқ!
Шундай экан, 9-турнинг марказий ўйини "ёниши" аниқ. Бир томонда катта мақсадлар сари қанотини тобора кенг ёйиб тезлик олаётган "лочинлар" бўлса, бошқа томонда "ўзимизнинг Жозе Моуриньо"га эргашган "жангчилар". "Навбаҳор" катта воқеа содир этиш учун эҳтиёткорликни оширган, "Нефтчи"нинг эса, йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмаган. Соддароқ қилиб айтсак, Наманганда бугун "йил ўйини"га гувоҳи бўлишимиз мумкин. Имконингиз бўлса, стадионга боринг! Бундай ўйинларни Суперлигада ҳар куни ҳам кўришни имкони бўлавермайди. Етиб бора олмасангиз, ҳеч йўқ ТВ орқали томоша қилинг. Ишонинг, ўртага тикилган нарсаларнинг тоши жуда оғир бўлган бу сафарги "водий дербиси" шунга арзиди!
Фазлиддин Абдураҳмонов
Фикрлар