Таъсирли воқеа. Шимолий суданлик болакай журналистни йиғлатди...
Жанубий Суданда март ойидан бери сув тошқинлари тўхтагани йўқ. Табиий офатдан 620 мингдан ортиқ инсон зарар кўрди. Ачинарлиси шундаки, фуқаролар урушидан бир йил ўтиб, яшаш шароити оғир бўлган инсонлар янада мураккаб вазиятга тушиб қолди.
Европанинг кўплаб эркин журналистлари сингари даниялик Ян Граруп ҳам "қора қитъа"га йўл олди. Мақсади аҳолининг яшаш шароитини ўрганиш ва уларга ёрдам кўрсатиш кераклиги борасидаги мақолалари билан омма эътиборини хайрли ишга қаратиш эди.
Қаҳрамонимиз UNICEF ва бошқа хайрия жамғармаларига воқеа жойидан суратлар юбориш мақсадида фотоаппаратни ҳам ўзи билан олди. Ян Шимолий Суданни кўздан кечирар экан, аҳвол қай даражада оғир эканлигини чуқур ҳис этди. Сув йўлларни, қишлоқларни ва мактабларни тўлиқ ювиб кетган. Аҳоли ноиложликдан чайлаларда ҳаёт кечирмоқда. Журналист турли ракурсларда суратларни олар экан, ногоҳ кўзи футбол ўйнаётган болаларга тушди. Яхшироқ ҳис этиш учун воқеани Ян Грарупнинг кўзлари билан "томоша" қиламиз:
"Яшириб ўтирмайман, футболнинг ашаддий мухлисиман. Менинг деярли барча давлатларда ўз севимли клубларим бор. Италияда бу "Милан". Златан Иброҳимовични анча йиллардан бери ўйинидан завқланаман. Шимолий Судандаги саргузаштларим чоғида жуда кўп болаларни учратдим. Улар ҳам футболни севади, аммо, тўп тепиш учун жой йўқ. Сув тошқинлари сабабли деярли барча жой ботқоққа айланиб улгурган.
Нил дарёси бўйидаги "Канал" қишлоғидаги бир болакай эътиборимни тортди. У қолганлардан анча нимжонроқ, ялангоёқ тўп тепар, тез-тез устидаги либосига теккан чангни қоқиб ташлар эди. Болаларни яқинроқдан кузатиш учун одимладим. Разм солиб қарасам, болакайнинг устида деярли чириб кетган "Милан" либоси. Жерсий шу қадар эскириб кетган-ки, ҳатто бир нечта жойидан тикилганига қарамай яроқсиз аҳволда. Болакай эса, уни авайлаб тўп тепиш билан овора. Тўғриси, ичим ғалати бўлиб кетди. Ўйин тугашини сабрсизлик билан кутдим. Кейин унинг ёнига яқинлашдим. Устидаги "россонерилар" либосини менга берса, эвазига янги футболка совға қилишимни айтдим. У бироз ўйланиб турди ва индамади. Сўзларимни ҳазил деб ўйлади чоғи, индамай нари кетди. Ўша куниёқ шаҳар марказидаги дўкондан "Милан" либосини харид қилиб, "Канал" қишлоғига қайтдим.
Болакай мени кўриб, ташқарига чиди. Таклифим кучда эканлигини эслатиб, "Милан"нинг янги либосини қўлига тутқаздим. У йиғлаб юборди. Узоқ вақт янги либосни маҳкам бағрига босим турди ва индамай ичкарига кириб кетди. Кўп ўтмай, эски либосини олиб чиқиб менга берди. Жуда ҳам таъсирландим. У билан хайрлашар эканман. футболнинг қай даражада катта қудрат эканлигини яна бир бор чуқур ҳис этдим.
Либосни қўлга киритгач, 3 кундан сўнг, Данияга қайтдим. Келибоқ, чириб кетай деган либоснинг суратини ижтимоий тармоқларга жойладим. Афсуски, ҳеч ким реакция билдирмади. "Милан" клуби матбуот хизмати, футболчиларига қадар номам етиб бормади чоғи. Бундан хафа бўлганим рост. Сабаби, "Канал" қишлоғидаги болалар дўстларининг устидаги яп-янги либосига ҳавас билан термилаётгани кўз олдимдан кетмай қолди. Уларнинг ҳам футболга бўлган муҳаббати ҳамқишлоғиникидан кам эмаслигига ишончим комил. Бўлиб ўтган воқеани кечки овқат пайтида оила аъзоларимга айтиб бердим. Орага сукунат чўмди. Шу пайт ўғлим Элиас индамай хонасига кириб кетди. 15 дақиқадан сўнг, у 5 йилдан бери йиғиб келаётган футболкалар коллекциясини катта қопга солиб олиб чиқди. Ичида 200дан ортиқ гранд клубларнинг жерсийлари бор. Айримларини ўзим олиб келганман. Бошқаларини туғилган куни ва байрамларда совға қилганмиз. Элиас юзда табассум билан барча футболкаларни менга берди ва "буларни Шимолий Судандаги тенгдошларимга топширинг",- деди. Ўғлимни маҳкам бағримга босдим.
Эртаси куниёқ UNICEF орқали барча жерсийларни Шимолий Судандаги футболга бефарқ бўлмаган болаларга жўнатдим. "Милан"нинг эски либосини эса, рамкага солиб аукционга қўйишга қарор қилдим. Унинг сотувидан тушган пулларнинг барчасига турли клублар жерсийсини сотиб олмоқчиман. Сезиб турганингиздек, уларнинг барчасини сув тошқинлари ичида ҳам футболга бўлган муҳаббатидан воз кечмаётган, кўзлари маъюс суданлик болаларга улашмоқчиман."
Яҳёхўжа Улуғхўжаев таржимаси
Фикрлар