Темурхўжа Абдухолиқов: "Ўтган йилги хатоларга йўл қўймаслик ва олдимизга қўйилган мақсадни амалга оширишга интиламиз"

Хабарингиз бор, тажрибали ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов бугун "Навбаҳор" билан шартнома имзолади. Шундан сўнг, футболчи клуб матбуот хизмати учун қисқача интервью берди. Қуйида мазкур суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Темурхўжа, аввало “Навбаҳор”га хуш келибсиз! Жамоамиз сафига қўшилишингиз қай тарзда юз берди?

Ассалому алайкум. Табрик учун раҳмат. Мени “Навбаҳор”га клуб президенти Отабек Арифович Саматов ва жамоа бош мураббийи Самвел Вячеславович Бабаян таклиф қилишди.

Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор”дан ташқари, юртимиз ҳамда хориж клубларидан ҳам таклифлар бор эди. Аммо бир қатор омилларни ҳисобга олган ҳолда, “Навбаҳор” таклифини қабул қилдим. Жумладан, “Навбаҳор” янги  мавсумда 3 та фронтда (Сoca Cola Суперлигаси, Ўзбекистон кубоги ва ОЧЛ)  кураш олиб борадиган, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоалардан бири. Қолаверса, “Навбаҳор”ни 2011 йилда “Пахтакор” таркибида олий лигада (2018 йилдан Суперлига) дебют қилишимда менга ишонч билдириб, катта ёрдам берган мутахассис Самвел Вячеславович бошқармоқда.

Шунингдек, Наманган футболсеварлар вилояти эканлиги, мухлислар тўла стадионда ўйнашнинг гашти бошқачалиги, жамоанинг ҳар бир чизиғида рақобат борлиги ва рақобат бор жойда ўсиш бўлишини ҳам инобатга олдим.

Ўз навбатида шуни айтиш лозимки, Самвел Вячеславовичга олий лигада дебют қилишимда улкан ёрдам берганликлари боис, ўша яхшиликларини қайтариш, яъни, янги мавсумда “Навбаҳор”нинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришишида қўлимдан келганича, бор кучимни ишга солган ҳолда, ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Ўтган мавсумда жамоа чемпионлик унвони ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритишига бир қадам қолди ҳамда бироз омад етишмади. Бу йил жамоадошларим билан ўтган йилги хатоларга йўл қўймаслик ва олдимизга қўйилган мақсадни амалга оширишга интиламиз.    

- Айни  пайтда янги мавсумга тайёргарликни Туркиянинг Анталья шаҳрида олиб бораётган янги жамоадошларингиз сафига қачон қўшиласиз?

Худо хоҳласа, эртага Антальяга жўнаб кетаман ва янги жамоам таркибига қўшиламан.  

-  “Навбаҳор” мухлисларига қандай тилакларингиз бор?

Янги мавсумда жамоани доимо, ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб туришсин. Бу бизга куч-қувват бағишлайди ва биз уларнинг ишончларини оқлашга интиламиз. Бахтимизга мухлислар доимо соғ-саломат бўлишсин.  

Бизнинг маълумот

Темурхўжа Абдухолиқов  – 1991 йил, 25 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган.

Футбол билан 9 ёшидан шуғулланишни бошлаган.

Тошкентдаги МҲСК футбол мактабида миллионлар ўйинидан таҳсил олган.

Биринчи мураббийи: отаси – Зоир Абдухолиқов.

Амплуаси: ҳужумчи.

Футболчилик фаолияти: “Бунёдкор” (ўринбосарлар, Тошкент, 2007-2010 йиллар), “Пахтакор” (Тошкент, 2011-2013 йиллар), “Хайдук” (Сплит, Хорватия, 2014 йил), “Локомотив” (Тошкент, 2015-2016 йиллар, 2018 йилнинг 2-давраси – 2019 йилнинг 1-давраси, 2020-2021 йиллар), “Ал-Сайлия” СК (Доха, Қатар, 2017 йил - 2018 йилнинг 1-давраси), “Хор-Факкан” (Хор-Факкан, БАА, 2019 йилнинг 2-давраси), “Қизилқум” (Навоий, 2022 йил) клубларида ўйнаган.

2023 йилдан “Навбаҳор”да.

Оилали. Уч фарзанднинг отаси.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!